«Гулнор» 3-қисм, (Ленин ҳайкали қаршисида)
Аxмад Бейжон Эржилосун
“Ўзбекистон” меҳмонхонаси кенг майдонга қараган, худди бу майдонни қучоқлаётгандай, ярим доира шаклида бино этилганди. меҳмонхонага олдинроқ келган Ўрхон Нодий турк ҳайъатини қаршилаб:
– Қабул учун бу картларни тўлдиринглар. Ҳаммангизнинг жойингиз маълум. Ўғуз, сен Комил билан бир хонада яшайдиган бўлдинг.
Сўнар Ойдамир:
– Ўғлим, яна ҳукм қила бошладинг. Бу ерда Ойшахоним борлар, ҳайъатимизнинг бошлиғи у эмасми?
– Зарари йўқ, Сўнар. Ўрхон менга ёрдам бераяпти, — деди Ойшахоним.
– Менга қара, ўғлим, — дея Сўнарга хитоб қилди Ўрхон Нодий, — бизни кутганларга ўзимни қандай таништирдим биласанми? Мен секретарман, дедим. Бу ерларда “секретар” десанг, бас, сени ҳайъат бошлиғи деб ўйлашади.
Ўғуз бу олимларнинг ҳазилми чинми гаплашаётганини бирдан англай олмай турарди. У меҳмонхона картини тўлдирар экан, бир ўзбек қизи унга яқинлашди:
– Мен сизга ёрдамчи бўламан, — деди у, — отим Гулнор Кунбоева.
– Mамнун бўлдим, менинг отим Ўғуз Думан.
Гулнор Ўғузнинг картини олиб, тўлдира бошлади. Ора-сира Ўғузга саволлар бериб, тез ишини битирди. Унинг қўл ёзуви тез эди, аммо гапириши сокин ва оҳиста эди.
Ўғуз ўзбек акцентини илк бор эшитаётганди. Узун ва юмалоқ “о”лар дарров диққатини тортди. Яхшиямки, ўзбекчада юмалоқ “О” товушлари бор экан, бўлмаса Гулнорнинг дудоқлари бу қадар оҳангли шакл ололмасди. “Гулнор” ва “Кунбой” деркан, унинг дудоқлари юмалоқ бир шаклга кирганди. Ўғуз айни пайтда қизнинг кўзлари яшил эканини фарқ қилди. Ва оқ юзни гулчамбар каби ўраган қора сочларга эътибор қилди. Бўйи ҳам кичик эмасди. Эгнидаги атлас кўйлак Гулнорга дуркун бир кўриниш бағишлаганди. Тўғриси, Ўғуз учун бу илк ўзбек чеҳраси ҳийла гўзал эди. Уларга ажратилган хонага Комил домла билан бирга киришди.
– Эҳ, Ўғуз бу фурсат ҳар туркка ҳам насиб бўлавермайди. Навоийнинг мамлакатидамиз, биз меҳмонхонадамиз. Балконга чиқайлик-да, шу яшилликни бир томоша қилайлик.
Ўғуз Комил Арслоннинг Навоий асарлари устида ишлаганини хотирлади.
–Тўғри, хўжам, гўзал ва яшил ўлка, деди Ўғуз.
Балконга чиқаркан, эшик устидаги лавҳа-ёзув диққатини жалб қилди.
– Бу ёзув учоқда кўрганимиз ёзув эмасми, хўжам? — деди Ўғуз.
Ҳа, лавҳада “не курить”деб ёзилганди. Комил хўжа бу тақиқловчи сўзларни яхши ўрганиб олганди.
– Не курит, не курит, етар-ей! — дея бақирди.
Комил хўжа чўнтагидан сигарет чиқариб, чақмоғини чақди. Лекин хонада қолмай, балконга чиқди.
Ўғуз ҳам балконга чиқди, икковлон нигоҳларини яшил дарахтлар қўйнига отдилар.
Биноларнинг ораларида бўшлиқ кўп эди бу шаҳарда. Катта майдонлар ва кенг йўллар биноларни бир-биридан узоқлаштирганди. Меҳмонхонанинг олд қисми катта майдон эди. орқасида эса кенг яшиллик майдони мавжуд эди. Ўнг ва сўлдан ўтган йўллар анча кенгиш эди. Яшиллик Ўғузга бир оз аввал кўрсатган қизнинг кўзларини эслатди. Яна Гулнорнинг атлас кўйлаги-ю қоп-қора сочларини ҳам хотирлади. “О” товушларини нақадар юмалоқ ва оҳангли сўйларди у қиз!
– Қани, Ўғуз, пастга тушайлик-чи, — деди Комил хўжа, — программани билайлик-чи.
Бирга пастга тушдилар.
Меҳмонхонанинг фойесида Ўрхон Нодий билан Сўнар Хўжа кулишиб суҳбатлашаётгандилар. Профессор Эрйигит билан Сомий Ошқин уларни тинглаб, жим туришарди.
– Тариқ Тўрага эътибор бердингми? — деди Сўнар хўжа, — бу ола-тасирдан завқланганга ўхшайди.
– Қанақа ола-тасир? — деди Арслон хўжа.
– Боя Mаҳмат хонасини ўзгартирмоқчи эди, маъмурлар ҳар хил баҳоналар билан қарши чиқдилар. Mаҳмат “порасини тўладик!” деб бақирди. Ўзбек маъмурлар кулишди. Чунки пора (туркчада — пул) ўзбекчада ришват маъносини билдираркан.
Ўрхон Нодий бир ўзбек маъмури билан келди, қўлида эртанги кун тартиби бор эди.
– Конференция эртага соат 9 да бошланади. Соат тўққиз яримда Ленин ҳайкалига гулчамбар қўйилади. 10 да салонларда семинарлар бошланади. Бугун, биз оз сўнгра меҳмонхона ресторанида тушлик емаги еймиз. Емакдан кейин ҳаммамиз йўл кўрсатувчилар билан бирга Ленин музейига борамиз. Кечқурун коктейл бор.
Ўрхон Нодий “ленин” сўзига махсус урғу бериб сўйлар, гўё “йиллардир ленинни сўкдингиз, энди унинг пойига бир бош эгиб туринг-чи, кўрайлик”, деяётгандай эди.
Сўнар Ойдамир ва Mаҳмат Эрйигит бу маънодор сўзларни тингларкан, мийиғида кулиб қўйишди.
Oйша хоним деди:
–Ажабо, емаккача ташқарида айланиб келсак бўлмасмикин?, — деди.
Ҳамма бирданига:
–Тўғри, бир айланиб келайлик!, — дейишди.
Автобусда бирга келган ёшлар уларнинг ёнига келиб:
– Биз сизларга ёрдамчи бўлайликми? — дейишди.
Ҳаммаси бирга ташқарига чиқдилар. Метро бекати меҳмонхонанинг ўнг тарафида, булварнинг бошланишида эди…
Гулнор Ўғузнинг ёнида, унга шаҳар ҳақида билги бериб, одим отарди.
У емак пайтида ҳам Ўғузнинг ёнида ўтирди.
Емакдан сўнг соат 3 да учрашишга келишиб, тарқалдилар.
Осмонда мингларча қалдирғоч учарди. Санчқидай қуйруқлари бир-бирининг ёнидан катта тезликда учса ҳам бир-бирига ҳеч тегмасди. Бирдан бу қушлар қоп-қора булутлар каби Гулнорнинг кўзига қараб уча бошлади. Гулнор қўрқувдан сапчиб турди. У туш кўраётган эди.
Соатига қаради, тонгги олти эди. Такрор ётоғига узанди. Рашид Қорлиғашев кўз олдидан кетмасди. Қора, чақиртиканак кўзлари унга тикилиб тураверарди.
– Ўртоқ Кунбоева, яна бир хато қилдингиз, ташкилотимиз сизни кечирмайди, – дерди у кўпинча.
Гулнор кеча кунлик рапортини соат олти яримда Қорлиғашевга топширганди. Қорлиғашев рапортни ўқиб чиқиб:
– Cиз бунга нега тўсқинлик қилмадингиз, ўртоқ Kунбоева? Бу Ўғуз Думан деган одамнинг йўлдан ўтган одамлар билан гаплашишига нега йўл қўйдингиз? Айниқса, бу одамлар месхет турклари бўлса?, — деди.
Гулнор Kунбоева Ўғузнинг кўчада учратган месхетиларга “Сиз турклармисиз”, деган гапини ҳам ўз рапортига ёзган эди. У ўз ўлкасига холис хизмат қилишини ва вазифасини икир-чикирларгача тўғри бажаришини истарди. У месхетиларни Ўғуздан узоқлаштирган бўлса-да, уларнинг бир-бири билан гаплашгани ҳам Гулнорнинг айби ҳисобланаётганди.
Гарчи Гулнорнинг ўзи барлос уруғидан эди. Унинг аждодларини ҳам “турк” деб аташганини биларди. Лекин улар энди ўзбеклар эди. Ўзбек ватани учун ўзбек бўлишлари керак эди. Гулнорнинг кўзлари яна қорайди, яна қалдирғочлар тўлди кўзларига. Агар янглишиб, рапортда “ўзбек ватани” деб ёзсами, қўяверинг, оқибати нима бўлади!
Ўзбек ватани эмас Совет ватани бор эди, у шундай дейиши керак эди…
Ҳақиқатан ҳам, Туркиядан келган ҳайъатнинг ҳаммаси пантуркчилар эди. Улар ўзбекларни ҳам “ўзбек турклари” деб аташарди. Ўзбекчани ҳам “ўзбек туркчаси” деб аташарди. Гулнор ўз рапортида буларни ёзганди, фақат профессор Тўранинг пантуркчи эмаслигини ҳам ёзган эди. Бу ҳақда Қарлиғашев шундай деганди:
– Ўртоқ Афандиевни огоҳлантириш керак. Профессор Тўра бизга ҳақиқатан яқинми. Ёки ўз қиёфасини яширган пантуркистми?
Гулнор туркияликларнинг коктейлда ранг-баранг чиройли кўйлаклар кийиб келишганини кўриб бироз ҳайрон бўлди. Туркия ҳукумати уларга мутлақо бир махфий хизмат топширган бўлиши керак эди. Бу чиройли кийимлари ҳам балки бу хизматнинг бир бўлагидир, дея гумон қилди у. Америка империализми сиқиб сувини олган бу Туркияда одамлар бунақа ҳашаматли кийиниши мумкин эмасди, унингча. Бу намойишкорона ҳаракатнинг тагида албатта ташвиқот бўлиши керак эди. Бир неча кун аввал Рашид Қорлиғашев аспирантларни тўплаб, уларга вазифаларини тушунтирар экан, шундай деган эди:
– Империализм агентлари одатда қимматбаҳо кийимлар кийишади. Бу тамоман халқимизнинг кўзини бўяшга мўлжалланган. Улар 100-120 квадрат метрлик уйларда яшашларини айтишлари мумкин, бунга ишонманглар. Ўртоқ Қуролбоев Туркияга бир неча марта борган, у туркларнинг нақадар қолоқ ва қашшоқлик ичида яшаётганини ўз кўзи билан кўрган.
Қорлиғашов ўшанда профессор Қуролбоевнинг рапортидан бир парча ўқиганди.
Ҳақиқатан ҳам, Ўғуз Думан 100 квадрат метрлик уйда яшашини Гулнорга айтганди. Гулнор Ўғузни гапиртириб унинг жосус эканини исботлаши лозим эди. Чунки ўша “суҳбатда” Қорлиғашев Гулнорга қараб шундай деган эди:
– Айниқса, ўртоқ Кунбоева, сиз эҳтиёт бўлишингиз керак, ҳайъат ичига 25 ёшли бир йигитчани киритишлари тасодиф эмас. Унинг махсус топшириқ билан бу гуруҳга киритилганига аминман. Шунинг учун бунга алоҳида эътибор беринг.
Лекин Ўғуз Думан у истаганидек унча гапдон ҳам эмас эди.
Гулнор соат саккиз яримда “Ўзбекистон” меҳмонхонасида бўлиши керак эди. Ўрнидан туриб кийинди, бир пиёла сув ичди ва кейин йўлга тушди.
Турк ҳайъати меҳмонхона ресторанида нонушта қилаётганди. Ўғузнинг столида Ойша Қилич ва икки озарий олим ўтирарди. Гулнор озорийларга кўз қири билан боқди-да стулга ўтирди:
– Сизларга ёрдамчи бўлолмадим, кечирасизлар, — деди Гулнор.
Профессор Қилич ва Ўғуз унга ташаккур билдирди ва озарийларнинг ўзлари ёрдамчи бўлганларини айтди.
Гулнор озарийларга:
– Энди бу вазифани мен оламан, раҳмат сизларга, — деди.
Озарийлар бу маънодор сўзлардан кейин ўринларидан туришди. Улардан кейин профессор Ойша Қилич ҳам юқори қаватдаги хонасига чиқишини айтиб, ўрнидан турди. Гулнор “мана энди Ўғузни гапиртириш пайти келди”, деб ўйлади.
– Ўғузбей, Туркияда “Ўғуз” исми кўпми?, — дея сўз бошлади у, — эшитишимча, Туркиядагилар ўзларини Ўғуз уруғидан деб билишармиш, Ўғуз ҳоқон достонини ҳам ўз достонлари деб ҳисоблармиш. Совет иттифоқида Ўғуз ҳоқон тўғрисида академик Шчербaкнинг бир яхши китоби бор…
– Ҳа, Гулнорхоним, биз Ўғуз туркларимиз, аммо Ўғузлар фақат Tуркияда эмас, бошқа ерларда ҳам бор. Болқонларда, Ироқда, Озорбайжон ва Tуркманистонда ҳам бор. Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳам ўғуз, қорлуқ ва қипчоқлар бир бири билан аралашиб кетган, деб ўйлайман. Мана, мен ҳам ўзбекча гапиришга ҳаракат қилаяпман. Кеча меҳмонхонада бир ўзбек билан суҳбатлашганимда у менга “шевангиз Хоразм шевасига ўхшаркан”, деган эди. Балки Хоразм бўлгасида қорлуқларга қоришган Ўғузлар нисбати бошқа минтақаларга қараганда кўпроқдир. Ўғуз ҳоқон достонига келсак…
– Эпос мавзусига ўтмасдан олдин бир нарсани айтишим керак сизга. Ўзбек номи ҳам аслида қипчоқлар билан боғлиқдир. Ўзбек диалектларидан баъзилари қипчоққа яқин. Аммо аслида ўзбеклар қорлуқ уруғидан. 14-асрдан бошлаб алоҳида этнос бўлиб шаклланган. Бизда Ўғузлар борлигини ҳеч эшитмаганман.
– Балки ҳақлисиз, Гулнорхоним. Фақат “ўзбек” номи қипчоқ туркларига оид ва сиз яшаётган бу тупроқларда Tемур хонадони, ундан олдин эса чиғатой улуси яшаган, унинг асоси қорлуқлардир. “ўзбек” номи сизларга қипчоқларнинг шоҳобчаси бўлган шайбонийлардан ўтган бўлиши керак. Шайбонийларнинг бу тупроқларга келган йили номаълум, сизлар қорлуқ ва қипчоқ уруғларининг бирлашган бир кўринишисизлар, — деди Ўғуз.
– Бу тупроқда яшаган қадим саклар, хоразмлилар, сартларни ҳам унутманг, улар ҳам ўзбекларнинг таркиб топишида муҳим рол ўйнаган, — деди Гулнор.
– Эҳтимол. Энди достонга келсак. Агар Шчербакнинг китоби эсингизда бўлса, китобда Ўғуз ҳоқон “мен уйғурларнинг ҳоқониман”, дейди. Кейин қипчоқ, қорлуқ ва халачларнинг ҳам Ўғуз ҳоқон лашкарига мансуб бўлганлари ва уларнинг исмларини Ўғуз ҳоқон бергани достонда ёзилгандир. Демак, бу достонни фақат Ўғузларнинг достони деб аташ нотўғридир.
Гулнор ўша Шчербакнинг китобини кўрганди, аммо ўқимаганди. “Уйга бориб, бир вароқлайман”, деб ўйлади.
– Сизнинг докладингиз ҳам шу достон ҳақида шекилли, суҳбатингиз жуда чиройли бўлди. Докладингизни мутлоқо эшитаман. Ҳозир эса, Ленин майдонига боришимиз керак…
Бошқа меҳмонлар ҳам ташқарига йўналдилар. Улар ичида Олмония, Можористон, Норвегиядан ҳам турколог олимлар бор эди. Озарий, қозоқ, қирғиз олимлар бир оз кечикиб келишганди.
Ленин ҳайкали қошидаги маросимда Ўғузни ғалати хаёллар босди. Эҳтимол, унинг домлалари ҳам шундай туйғуни ҳис этгандир. Ленин деган исм улар учун нафрат тимсоли эди. Худди “Москва” номи каби. Энди эса бу ҳайкалнинг қаршисида ҳурмат билан қотиб туришарди. Лекин бу расмий маросим эди. Совет кишилари ҳам Tуркияга келса, Отатурк ҳайкали олдида ҳурмат билан туришарди.
Туркиядан келган олимлар ўзбек қардошларини кўриш учун бу расмиятчиликни бажаришга мажбур эдилар.
Ўғуз, ёш олим Гулнорнинг хаёлига ҳам келмаган нарсаларни гапирганди. Ўғузларнинг ўзбекларга қариндош эканини, ҳатто улар бир миллатнинг икки уруғи эканини тушунтирганди. Бу фикрларни тушунтирмоқ учун наин-ки, Ленин, Сталин ҳайкали қаршисида ҳам “ҳурмат билан” туриш арзирлик эди.
Ўғузнинг юрагида шубҳага ўхшаш бир ҳис пайдо бўлди. Бу унинг Гулнорга тушунтирган фикрларими ёки Гулнорнинг яшил кўзларига оидми, англай олмади. Кейин бу ҳис йўқ бўлди.
Сиз турк ёзувчиси Аxмад Бейжон Эржиласуннинг Гулнор романи аудиокитоби иккинчи қисмини тингладингиз. Давомини Элтуз каналининг келгуси ёйинида кузатинг.