close
close
Асосий мавзулар
15 сентябр 2025

Тошкентда «Шарқ» биносининг бузилиши – шаҳарнинг ўлими

close

Қадимий ва навқирон Тошкент шаҳри ҳозирги замонда ўзининг меъморий қиёфаси билан жуда мураккаб жараённи бошдан кечирмоқда. Шаҳар марказида кўтарилган модернистик объект, «Шарқ» нашриётининг 16 қаватли биноси, бу ўзгаришларнинг ёрқин ва аччиқ рамзи бўлиб қолди. Айтишларича, бу бино «эски», «замонавий эмас» ва «таъмирга арзимайди». Аммо бу сўзлар ортида нафақат бетон ва пўлатдан иборат оддий қурилма, балки бутун бир даврнинг маданий мероси, тарихий хотираси ва санъати яширинган. Унинг бузилиши фақат бир бинонинг йўқолиши эмас, балки шаҳарнинг ўзига хослигига қарши қилинган ҳаракатдир.

Воқеани яъни Тошкент шаҳар марказида жойлашган «Шарқ» биносининг бузилишини мен сарлавҳада кузатганингиздек тарихий шаҳарнинг ўлими деб атадим. Бу бежиз эмас. Масалан, мен яшаётган шаҳар Швециянинг Стокгольм шаҳрида тарихий бинолар ҳеч қачон бузилмайди. Гарчи уларни бузилишига кўплаб табиий омиллар бор. Масалан шаҳар Болтиқ денгизи қирғоғида жойлашган. Мамлакат ҳукумати ҳар йили «Гамла стан» яъни «Эски шаҳар»ни табиий сув тошқинлари ва табиий чўкишдан асраш ва ўз ҳолича сақлаш учун мисли кўрилмаган миқёсдаги техник лойихаларни амалга оширади, улкан иншоотларни қуради. Масалан, Кируна шаҳрида эски кон шахталари устида 1912 йили ёғочдан қурилган уч қаватли улкан Черков биносини ўпирилишдан сақлаш бутунлигича маҳсус кранлар ёрдамида автомобилга юклаб бошқа ҳудудга кўчиришни амалга оширишган.    

Тошкент шаҳридаги “Шарқ” нашриёти биносига келсак у оддий бир қурилма эмас, балки 1970-йилларнинг меъморий модернистлари яратган бетакрор асар эди. Бузилиш ҳавфи остида қолаётган «Шарқ» қурилиш мажмуасига ёндош яна бир қурилма уч қаватли тарихий бино эса 1914 йили Чор даврида «Туркистон» услубида қурилган. Бинонинг ёши ҳам юқорида айтганимиз Швеция шимолида бошқа худудга кўчирилиб табиий чўкишдан сақлаб қолинган уч қаватли бино билан деярли тенгдош.

«Шарқ» биноси ва унинг куранти ўзининг замонавий ва шу билан бирга ноёб услуби билан ўша давр меъморчилигининг нақадар ўзига хос шаҳар рамзи бўлганини англатади.

Унинг меъмори Ричард Блезанинг ғоялари замонавий Тошкент учун ёрқин ва илғор қиёфа яратган. Бу бино ўзига хос хусусиятлари, шу жумладан соатли минораси билан бутун шаҳарнинг рамзларидан бирига айланган эди. Аммо, бу бинонинг маданий мерос рўйхатидан чиқарилиши билан унинг тақдири маълум бўлди. Унинг «эски» деб эълон қилиниши, аслида, унинг «қимматбаҳо» ерида янги, янада фойдали тижорат лойиҳаларига йўл очиш учун ўйлаб топилган баҳона эди.

Афсуски, «Шарқ» нашриёти биноси ягона мисол эмас. Тошкентнинг марказий қисмидан Фамацевтика институти ҳам худди шундай баҳоналар билан кўчирилмоқда. Бу ҳаракатлар меъморий меросни сақлаш ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ўртасидаги зиддиятни яққол кўрсатиб бермоқда. Бу ҳолатда, фойда ва бойлик меъморий санъат ва тарихий қадриятлардан устун тургани аниқ. Шаҳарнинг руҳи ва ўзига хослиги, афсуски, бозордаги нархларнинг соясида қолиб кетмоқда.

Янгича қурилиш усуллари, замонавий материаллар ва инвестициялар билан бирга келаётган янги бинолар шаҳарнинг кўҳна ва дунё учун таниш бўлган қиёфасини бутунлай ўзгартириб юбормоқда. Кўп сонли шиша ва бетондан ясалган қўштирноқ ичидаги «замонавий» бинолар Тошкентнинг ўзига хос хусусиятини йўқ қилиб, уни дунёнинг ҳар қандай бошқа ҳашаки шаҳарларига ўхшатиб қўймоқда. Бугун биз бу муҳташам шаҳар ҳақидаги шахсий хотираларимизни, тарихимизни ва ўзлигимизни йўқотиш хавфи остидамиз.

Агар биз «Шарқ» биносининг тақдирини оддий бир эски бинони йўқотиш деб қарасак, демак биз шаҳар келажагининг муҳим моҳиятини англамаган бўламиз. Бу, аслида, бизнинг тарихга бўлган муносабатимиз, маданий қадриятларимиз ва меъморий меросимизнинг қадрига етишимиз ҳақидаги жиддий ҳавотирли саволдир. Бу ҳолат нафақат ўзбек меъморчилигининг ўлими, балки шаҳар маънавиятининг ҳам ўлимидир.

Элтуз Тошкентнинг ўзгараётган қиёфасига оид ҳолатларни ёритишда давом этади. Каналимизга обуна бўлинг. Видео юзасидан изоҳлар қолдиринг.  

Тағин ўқинг
11 август 2025
Иштихонлик ака-ука Донаевлар ўз ихтиёри билан Россия армияси сафига қўшилиб Украинага бостириб борди. Уруш саргузашт эмас, жанг майдонидаги диги-диги ...
19 май 2018
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида бошланғич синф ўқувчилари манглайига ручка билан «2» қўйган ўқитувчилар иши прокуратурага оширилди. Тошкент вилояти халқ ...
3 сентябр 2025
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги август ойида Россияда ўзбекистонлик экани айтилган такси ҳайдовчиси билан боғлиқ ҳолат ортидан Россия ТИВга нота ...
1 сентябр 2021
“Элтуз” таҳририяти фейсбук мессенжери орқали ваҳимали, айни пайтда хавотирли бир мурожаат олди. У ўзини “ИИВнинг халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминловчи ...
Блоглар
14 сентябр 2025
1990 йилнинг 20 июн кунини яхши эслайман. Ўша куни Ўзбекистон мустақиллиги ҳақида баëнот қабул қилинган ...
10 сентябр 2025
Сўнгги вақтларда деярли ҳар куни ҳоким ёки ҳоким ўринбосарлари пора олгани сабаб қўлга олингани ҳақида ...
3 сентябр 2025
Рахматлик  отамдан  «неча ëшдасиз» деб сўрасам » ҳаққийсизми ëки документда ëзилганими» деб жавоб берарди. Отам ...