close
close
Асосий мавзулар
11 ноябр 2025

«Гулнор» 18 қисм, (Москванинг ўлаксахўр қарғалари ва Турон бўриси)

close

Аҳмад Бейжон Эржиласун

Xа, йўл узун эди, умидли манзил, ҳуррият ҳали ҳам жуда узоқда эди. Москванинг ўлаксахўр қарғалари ҳали ҳам бу ерда ўз xукмларини ўтказишаётганди. Демак, Ўзбекистоннинг xур ва демократик жамиятга айланиш даврига қадам қўйиш осон кечмас экан. 

Гулнорнинг энг яқин кўмакчиси Муҳаммад Солиҳ юрт ташқарисида, дўстлари ва укалари эса турмада. Унинг турмага тушмаган дўстлари билан ҳам бемалол гаплаша олмасди Гулнор. Улардан баъзилари ўлкадаги xукмдор режим талабига мос қадам ташлай бошлагандилар. Тўғриси, улар шунчалик бўлса ҳам мустақиллик бизга кифоя деб билишарди… 

Қозондаги ўрмонда абадий қолсалар яхши бўлмасмиди, Ўғуз билан?.. Узоқ бир муддат қоронғуликка осилиб колди Гулнорнинг нигоҳлари ва ёноқларидан иссиқ кўзёш томчиларининг юмалай бошлаганини xис қилди.

***

Гулнор академияга ҳар куни келиб кетса ҳам, илмий ишни ёзиб тугатсинми йўқми, бир қарорга келмаганди. Мутолаа ҳам ўзининг жозибасини йўқотганди. Китобларни ярмигача ҳам ўқимай, четга отарди.

Корлиғашев бир неча марта келиб, ундан фойдалана олмаслигини англагач, келмай қўйганди.

Гулнор фақат Рауф Парфи билангина суҳбатлаша оларди, унинг суҳбатларигина кўнглига тасалли берарди. Рауф Парфи сархушлик қуввати билан жасоратли нутқлар айта биларди, оҳзига нима келса сўйларди ва ҳеч ким унга тегмасди.

Бир оқшом Рауф Парфи:

– Гулнор, сенинг кўринишинг яхши эмас. Ишдан руҳсат олиб, бир ерларга кет! Сокин бир ерда дам олсанг, ўзингга келарсан балки, — деди.

– Ўйлаб кўрай, Рауф ака, — деди Гулнор ва икки кундан кейин ярим ойлик руҳсат олиб, қишлоқдаги қариндошлариникига кетди.

Гулнор кундузлари боғда айланар, кечалари юлдузларни томоша қиларди. Қишлоқда тез-тез эсига тушган одам Одил Турсунов бўлди. Хипча, узун бўйли, кибор юзли ёш йигит. У ҳибсга олинганидан сўнг дараксиз кетди. Уни Москвага олиб кетишган, деган гап чиққанди. Одил ё ўлдирилганди… ёки кўйиб юборилган. Қўйиб юборилганидан кейин ҳам Ўзбекистонга келмаган бўлиши мумкин. Бу ҳолатнинг ўлимга тенг эканини ўйлади Гулнор. Бир одамнинг ҳаётини тамоман ўзгартириб, бошқа шахс сифатида янги ҳаёт бошлаши ўлим билан тенгдир.

Ўлимдан кейинги ҳаёт – реанкарнацияга ўхшаган холат. Ўлган одам руҳининг бошқа бир одам танасига кириши… Гулнор муқаддас ривоятлар, илоҳиёт ҳақида кўп ўйларди. Пайғамбарлар каби Будда роҳиблари ҳам, ҳатто шомонлар ҳам ўзида кандайдир илоҳийлик ташиган бўлишлари мумкин. Буларнинг ҳаммаси бугунги ибора билан айтганда инсонларга бахту-саодат беришга бел боғлаган идеалистлар (улкучилар) эди.

Гулнорнинг фикри ўз-ўзидан Муҳаммад Солиҳга йўналди. У xам улкучи эди, у ҳам ўзида бир мукаддасликни ташир эди. Аммо садоқатсиз инсонларда муқаддасликнинг бўлиши ҳам мумкин  эмасди. Гулнорнинг фикри Муҳаммад Солиҳга такалса, доим ўзининг унга нисбатан вафосизлиги эсига тушарди. Муҳаммад Солиҳни Туркияда кўрмай кетганини ҳеч кечира олмасди. Баъзан “кўрмаганим яхши бўлибди, Қорлиғашевга айтадиган гапим бўлмади”, деб ўзини овутса ҳам, ўзини вафосизликда айблашда давом этарди.

Муҳаммад Солиҳ каби одамлар ҳар турли изтироб ва азоб-уқубатни тортишга ҳозир, ҳатто бунга истакли эдилар. Бу уларнинг яратилиши, ҳаёти қонуниятидан келиб чиқарди. Муҳаммад Солиҳ сургунда экан, Гулнор ҳеч ўйламасдан Мармариснинг гўзал сувларига шўнғий олганди. Ўғузнинг ҳаёли билан Мармарисга чопиб борган ва севгилиси ёнида бир ҳафта яйраганди. Аммо Ўғуз дунё гўзали Ойдон хоним билан Америкага учиб кетишда ҳеч иккиланмаганди. 

Қизик, шу чақнаётган юлдуз Флорида билан Фарғонадан бир хил узоқликдами? Ҳеч бир сир бу юлдузлардан яширин қолмаса керак. Шу кичик ер куррасидаги воқеаларнинг миллион йиллик гувоҳлари эди бу юлдузлар. Ҳозир ҳам демак улар Ўғузни кўриб тургани шубxасиз…

***

Ётоғидан сийрилиб, ерга оёқларини кўйди Гулнор. Мовий атласдан бичилган тунги кўйлаги енгил xилпирарди. Қоп-қора сочлари ёйилиб, бир тутам кураклари орасида тўлқинланарди. Бошқа бир тутами оппоқ сийналари узра ёйилганди. Ётоқ кеча оқшом ётган ётоғи эмасди. Бу юксак ва кенг, устини олтин рангли кўрпа ўртган нотаниш ёток эди. У гўё ҳавода муаллақ турарди. Гулнор яшил нигоҳи билан атрофга боқди. Бу ер унинг уйи эмасди. Бу ер жоме катталигидаги чодирга ўхшарди. Деворларига гиламлар осилганди. Уларнинг сатҳига осмон ҳаритаси нақш этилганди. Чодирнинг катта қуббаси бор эди. Балки чодир ўша қуббага осиғлиқ турарди.

Ғаройиб фавқулоддалик ҳоким эди xар ерда. Эгнидаги мовий атласни қачон кийганини эслай олмади. Сочлари ҳеч қачон шу ондагидай қора, сийналари ҳеч қачон бугунгидай оппоқ бўлмаганди. Сочлари узун ва оғир бўлишига қарамай, ўзини ҳеч қачон шу ондагидай енгил ҳис қилмаганди. Кўзларини юмди. Киприкларининг бир-бирига текканини ҳис этди. Оёғини кўтарди ва туширди, юмшоқ гиламларга ботди оёқлари.

Туш кўрмаётганига амин бўлиш учун қуёш нурлари сизиб кираётган чодир эшиги ўрнидаги икки гилам тирқишига қўлини тиқди ва ташқарига чиқди. Омон Оллоҳим! Бу қадар кучли нурни ҳаётида кўрмаганди у! Тонг қуёшининг нурлари! Шундоқ рўпарасида турган тоғлардан узанганди бу нурлар…

Буларни аввал кўрганмиди?… Тоғлар занжири атрофни ўраган қалъани эслатарди. Пахта каби булутлар қуёш нурларини сузиб, эмаётгандай эди. Буюк ва сеҳрли қўл бир ҳовуч сутни ҳавога сепиб юборганди гўё, сочилган нурлар гўё шу боис янада оқарганди.

Гулнор ўз вужудига тегиниб кўрди, кўкракларига, болдирлари, сонларига тўқинди. Сочларини бармоқлари билан таради. Чапак чалди, оҳанг ҳавони тўлдирди. Орқасида баҳайбат чодир, олдида муҳташам тоғлар занжири бор эди. Энди бунинг туш эмаслигига ишонса бўларди. Чуққилар тарафдан бир сас келди. Гўё у дунёдаги бутун сасларни ўзида тўплаб, зичлашар ва Гулнорнинг кулоғига қуюларди. Уфқнинг тўрт тарафидан келарди бу сас ва Гулнорни ўзига эргаштириб кетарди. Гулнор тоғларга қараб юра бошлади. Йўқ, бу юриш эмасди. Югуриш ҳам эмасди. Гулнор елар эди. Мовий атлас тунги кўйлаги икки тарафда қанот каби xилпирарди. У учар экан, пастдаги майсалар унинг елидан ерга эгиларди.

Гулнор чўққилардан ошиб, бир яшиллик дунёсига кирди. Япроқларни оралади, дарахтлар орқасида тик қоялардан шаршаралар оқаётганини кўрди. Атрофда булутлар қадар юксак чўққилар. Бу ерга қандай келиб қолди? Уни зич бир сас эргаштириб келганди. Уни эргаштирган увиллаш саси акс садоси такрор эшитилди. Тик қояларга урилиб, бирлашган акс-садолар, тўпланиб, Гулнорнинг қулоқларига қуюлди. Сас манбаини изларкан, Гулнор ирмоқларнинг бирлашган ерида бир жуфт яшил кўзларни кўрди. 

Кўзлар шу қадар теран ва таъсирли эди-ки, Гулнор бир неча сония кўзлардан бошқа ҳамма нарсани унутди. Кейин ўткир тишли, тиккайган қулоқли бўрининг ўзига тикилиб турганини англади. Қулоқлари ўртасида кулранг ёли қимирлаб турарди. Кейин бу гўзал макондаги ўша бўғиқ саснинг ваҳший бўридан чиқаётганни тушунди. Яшил водийга уни эргаштириб келган сас бўрининг увиллаши эди. Лекин бу сас нега бирданига тўрт трафдан эшитилди?

Гулнор атрофга бокди, тўрт тарафда ҳам бўри бошларини кўрди. Мингларча бўри увиллаб, мингларча яшил кўз Гулнорга боқарди. Гулнор сеҳрлангандай туриб колди. Кейин бирдан айлана бошлади. Шаффоф кўйлаги яна қанотланди. Қора сочлари ҳаволанди. Айланиш шу қадар тезлашдики, Гулнорнинг турган ерида Гулнор эмас бир нур пайдо бўлди ва самога юксалди.

Сиз турк ёзувчиси Аxмад Бейжон Эржиласун қаламига мансуб Гулнор романи аудиокитобининг 18 қисмини тингладингиз. Уни Қудрат Бобожон саслантирди. Давомини Ютубдаги Элтуз каналининг келгуси ёйинларида кузатинг.  

Тағин ўқинг
23 апрел 2019
Сўнгги вақтларда бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, мамлакатнинг АҚШ ва Бельгиядаги элчилари ...
28 сентябр 2024
Ватанпарвар юртдошимиз Аминбой Қодиров 27 сентябрь куни Урганчнинг Ғойбу қишлоғида 81 ёшида оламдан ўтди. У ҳали СССР бор пайтда ...
11 август 2020
Ўзбекистон Сенатининг 7 август куни очилган олтинчи ялпи мажлисида парламент юқори палатаси раиси Танзила Норбоева мамлакатда коррупция авж олганини ...
11 январ 2017
Дунëдаги энг иши юришган фотосуратчилардан бири 73 яшар Аттор Аббос Эронда дунëга келиб Парижда дунëга танилди. У ҳали саккиз ...
Блоглар
9 ноябр 2025
Киплингнинг Маугли асарида жавоҳирлар тўла сандиқчага ким эга бўлса, ўша кимса доимий таъқиб ва диққат ...
5 ноябр 2025
Океаннни ошиб ўтиб Америка Қўшма Штатларига келдим.  Вашингтондаги паспортчи қиз «сафардан мақсад?» деб сўради. Мен ...
29 октябр 2025
Бугун турк миллати ўз тарихида илк марта демократик республика қурган кунга юз йил тўлди. Ўзини ...