«Гулнор» 19 қисм (Тейиркан ёки юлдузларда кечган етти кун)
Гулнор хаёлга ўхшаган бу ғаройиб ерга қандай келиб қолганини тушунолмай гаранг эди. Бўри увлаши, яшил кўзлар ва кулранг ёлларни элас-элас хотирлади… Атрофга аланглаб каради. Бу ер моддий дунёга ўхшамасди. Бир шаҳарнинг кенг кўчасида кетаётганди. Лекин бинолар нурдан ёки Гулнор билмаган бир шаффоф материалдан қурилганди. Мовий, яшил, сариқ, норинж ва қизил рангли бинолар. Улар бир уйғунлик ичида эди. Биноларнинг шифтлари, эшик ва деразалари қубба шаклида эди. Лекин шаҳарда ҳеч ким йўқ эди. Гулнор ғаройиб шаҳарнинг бўм-бўш кўчаларидан кетиб борар, Гоҳ ўнгу-сўлидан нурдан иборат мавжудотлар ўтиб қоларди. Балки шаҳарликлар шу мавжудотлардир. Юришда давом этди. Гарчи буни “юриш” деб атаб бўлмасди. Гулнорнинг эти-суяги бор эди, аммо у ҳам ўша нурли мавжудотга ўхшаб қолганди.
Кўчанинг охирида кенг майдон, кейин кўлдай катта ҳовуз пайдо бўлди. Гулнор ҳовуз ичидан нур каби ўтди ва қирқ қуббали xашаматли бино қаршисидан чиқди. Эшикнинг икки қанотига бўри бошлари ўйилиб нақш этилганди. Бу ер нимаси биландир Академиянинг кенг залини эслатарди. Юксакда бир минбар. Гулнор илк даъфа ўзига ўхшаган одамларни кўрди. Курсида оқ сочли ва оқ соқолли одам ўтирарди. Пастроқда ўтирганлар минг кишига яқин эди, xаммаси оқ соч одамга қараб туришарди.
Оқ соч одам “Нур кизим, келдингми?” деди. “Келдим, Ота ком”, деган сўзлар чиқди Гулнорнинг оғзидан. Мингта одам кулимсираб боқарди.
Отаком ўрнидан туриб, Гулнорга яқинлашди ва унинг қўлидан тутди. Комнинг юрагидаги сас унинг бармоқларидан қизнинг бармоқларига, кейин юрагига ўтди… “Хуш келдинг қизим, сени уч минг йилдан бери кутаётгандим”, деди Отаком.
Нур қиз уч минг йил аввалги бу куббали бинони эслади. “Мен ҳам сизни кўришни узоқ кутдим, ота”, деди қиз. Сўнгра Отакомнинг уч минг йил аввал тўплаган йиғинини хотирлади.
Отаси Отаком ва онаси Ванак шишадан ясалган ер курраси ёнида туришарди. Узоқ яқин қариндошлари жамул-жам бўлишганди. Отаком шаффоф глобусга ишора қилиб, “бу кўзчага яхшилаб қаранг!” деди. Бирдан “кўзча” ичида осмон пайдо бўлди. Кейин бирин-кетин юлдузлар ўта бошлади. Ниxоят “кўзча”да битта юлдуз қолди. Кейин у яқинлаша бошлади.
Мовий денгизлар, қора, яшил ранглар кўринди. Шаффоф шар ичида бир сайёранинг сатҳи, харитаси пайдо бўлди. Отаком “энди Йиркомни кўрасиз. Мана Йирком, мана Йирком устидаги яшил ўба”, деди Отаком. Сўнгра ўба ҳам каттая бошлади. Ўба гўё чексиз ва жуда катта эди. Ўртасида шақир-шақир сув оқарди. Дарё қирғоғида бир туман отлиқ ел каби учарди. Нур қиз кўзи олдидаги сафларда чопаётган тулпорга тикилиб қолганди. От устида сочлари xилпираётган бир йигит. Мовий кўзлари уфқларни тешиб боқарди. Унинг xилпираётган сочлари, олтин кафтанининг шамолда учган этаклари ва тулпорининг ёллари шеърнинг уч мисрасини эслатарди.
Нур қиз бу гўзалликдан кўзини узолмади.
Отасининг оxангдор сасидан ўзига келди.
Отаком “қизим, сенинг қисматинг шу йигит”, деди. Нур қизнинг яшил кўзларида порлаб кетган севинчни бутун оила аъзолари кўрди.
Ота ком тилга кирди:
– Мингларча йил аввал оталаримиздан бири бу шиша куррани топди, унга “кўзча” деб ном берди. У пайт бор-йўғи 90 киши қолгандик, юқумли касалликдан йўқолиб бораётгандик. Биз яшаётган гўзал сайёра Тейирканда яшаш оғирлашиб, буюк бобомиз уруғимиз тугаётганига ишониб қолганди. Аммо чексиз коинотда Тейиркандан бошқа ҳам инсон яшаши мумкин бўлган сайёралар бўлиши керак эди. Бобомиз ўйланиб, синаб-текшириб шу “кузча”ни кашф қилди. 90 киши унга қаради. Бир сайёра кўрдилар-ки, тенги йўқ эди.
Мовий, яшил, бўз ранглар билан безанганди. Катта-катта ўйиқликларда мовий сувлар тўла эди. Инишли-чиқишли тупроқларда лойқа сувлар оқарди. Бирдан чуқурлашган даралари, бирдан юксалган тоғлари бор эди. Баъзан денгизларга, тоғларга ва ўбаларга бўз булутлар қўнарди. Шаклдан шаклга кирган бу сайёрада одамдан бошқа ҳар хил жонзот бор эди. Турли туман дарахтлар, чечаклар.
Буюк бобомиз “бизнинг сайёрамизнинг оти Тейиркан, бу ернинг оти эса Йиркан бўлсин”, дебди. “Ичингиздан бир ёш йигит ва ёш қизни Йирканга жўнатаман. Кўнгиллилар борми?”, деганди у. Она исмли қиз билан Ота исмли йигит ўртага чиқишди. Ва Ота билан Она нур бўлиб, Йирканга учишди. Йирканга инаркан, бир-биридан узоқ ерларга индилар. Бир-бирига етишмоқ учун нурга айланишни истадилар, аммо айланишолмади. Чунки Йирканнинг ҳавоси бошқача экан. Кунларча, ойларча бир-бирларини изладилар, ниҳоят топишдилар. Йиркан уларнинг авлодларига тўлди. Уларнинг ичидан бир бўлаги Тейиркандаги тилимизни унутмаганди. Аммо уларнинг тили вақт ўтган сари ўзгариб кетганди. Улар ҳам биз каби кўкка, ҳам Тангрига тангри дердилар. “Уза кўк Тангри асро қора ер” қилинганига ишонар эдилар. Одамга “она ўғли” дер эканлар.
Буюк отамиз шундай ўйлаган ва шундай ҳаракат қилган эди. 90 киши қолганди бор-йўғи, лекин бу тўқсон кишидан ҳеч ким ўлмаганди. Тейирканда такрор кўпая бошладилар. Гоҳ нур, гоx жисм бўлиб Тейирканда яшади бизнинг аждодларимиз. “Кўзча” деб аталган сеҳрли шар маҳфий сақланди, отадан ўғилга мерос қолди, менгача етиб келди. Бу “кузча”да сиз кўрган сайёра Она ўғиллари яшаган Йиркан, Она ўгиллари бизнинг қариндошларимиздир. Бизда юқумли касаллик йўқ, аммо буюк Отамизнинг руҳи менинг ичимда. У нур қизни Йирканга жўнатишимни буюрмоқда.
***
Гулнорнинг кариндошлари ундан умидини узгандилар. Бир ҳафтадан бери уларнинг изламаган жойи қолмаганди. Қўшни қишлоқ, шаҳарлардаги таниш-билишлардан, Tошкентдаги дўстларидан, ҳаммасидан сўрашди, аммо ундан ҳеч хабар топилмади.
Қорлиғашев ҳам Гулнорнинг ғойиб бўлганини эшитиб, уни Қирғизистонга ўтиб, чет элга кетган деб ўйлади. Аммо Қирғизистон ва Туркиядаги одамларидан Гулнорнинг у ерларга кетмаганини аниқлади. Ниҳоят саккизинчи куни қариндошлари Гулнорни топишди.
У авваллари доим ўтирадиган ерида, дарахтнинг остида, ботаётган қуёшни томоша қилиб ўтирарди. “қаерда эдинг?” деб сўрашди қариндошлар.
Гулнор xазиллашгандай:
– Юлдузларда, — деди.
Аслида қаерда бўлганини унинг ўзи ҳам билмасди. Кўрганларини туш деб ўйламоқчи эди, аммо ўзининг бир ҳафта ғойиб бўлганини эшитиб, ақли шошди.
Бунга ақл бовар қилмасди. Ўқиганлари, ўйлаганлари ва Ўғуздан узоқда яшаши натижасида бир теран ҳаёл ичида узоқ муддат қолиб кетган бўлиши мумкин эди, аммо ўзи қаерда эди? қариндошлари ахтариб, нега уни бир xафтагача топиша олмади?
Гулнор бутун кеча “тушми ҳақиқатми” дегве саволга жавоб топишга уринди, лекин топа олмади. Ухлади. Тушида Ўғуз билан қўл ушлашиб ўрмонда чопишарди. Олдига тўсиқ чиқса, Гулнор кўкка учар, Ўғузни ҳам қўлидан ушлаб ҳавога олиб чиқарди. Сўнг сувлари тиниқ, бир ирмокнинг бошига келдилар. Сув тубидаги оппоқ қум устида қизил балиқлар ўйнашарди. Гулнор улардан биттасини тутиб, юзига яқинлаштирди. Балиқ “сен юзмайсанми?”, деб Гулнорга кулимсиради ва сирғалиб, сувга тушди. Ўғуз билан Гулнор ечинишди. Вужудларини ирмоққа ташладилар. Балиқлар каби сувнинг тубида юздилар, улар билан гаплашдилар.
Гулнор уйғониб, сочларини ушлади, уларнинг қуруқлигини кўриб, кайфияти тушди.
Соат ўн бўлганди. Ўрнидан туриб, чамадонни ҳозирлай бошлади. Нонуштада қариндошларига ортиқча ҳеч нарса айтмади.
Tошкентга борадиган илк автобусга минди. Ўзбекистоннинг бу минтакаси жаннат каби эди. Йўлнинг ўнгу сўлида кўкка узанган дарахтлар яшиллиги кўзни қувонтирарди. Аммо Фарғонадан узоқлашган сари тупроқ қуруқлашиб борарди.
Сиз турк ёзувчиси Аxмад Бейжон Эржиласун қаламига мансуб Гулнор романи аудиокитобининг 19 қисмини тингладингиз. Уни Қудрат Бобожон саслантирди. Давомини Ютубдаги Элтуз каналининг келгуси ёйинларида кузатинг.
