«Водийда ўлиш тақиқланган» – 1 қисм
Салом қадрли муҳлислар сизга тақдим этиладиган навбатдаги аудиокитоб таниқли ўзбек шоири, умрини Ўзбекистон мустақиллиги учун бағишлаган мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ қаламига мансуб.
Шу йилнинг сентябрида Истанбулда чоп этилган ва Муҳаммад Солиҳ куллиётининг еттинчи жилдига киритилган бу китоб «Водийда ўлмак ясоқ» ўзбек тилидаги нашрида «Тираниш» деб номланган ва у адибнинг ўзи эътироф этганидек унинг 35 йиллик сиёсий ва ижтимоий ҳаёти сарҳисобидир.
«Aслида адабиётчиман, тарихий шароитлар мени сиёсатга олиб кирди. Шу боис, сўнгги 30 йилнинг бу мухтасар таҳлилида сиёсий воқеаларга кўпроқ жой ажратилди.
Бу ерда бирор уйдирма, бадиий безак йўқ. Бу ерда тарихий ҳақиқатлар яширилмаяжaк. Бу матн – умримнинг ярмини қамраган бир даврнинг эҳтироссиз хроникасидир.
Уни иймоним ва виждоним тарозисига қўйиб, ҳужжатлар асосида тақдим этаяпман» дея ёзади шоир ўз китоби муқаддимасида.
Китобни интернетдан 487 турк лирасига ҳарид қилиш мумкин. Аудио матнини эса бундан буён ҳар ҳафта Элтузнинг Ютуб каналида тинглаб боришингиз мумкин.
Муаллифнинг изни билан матнни мен, Элтуз муҳаррири Қудрат Бобожон эътиборингизга тақдим этаман ва биринчи шахс номидан саслантираман.
Муҳаммад Солиҳ «Водийда ўлиш тақиқланган» Биринчи қисм
ИЛК БОСҚИЧ
Онгли ҳаётимнинг илк босқичи адабиётга аталди.
Бу босқични 18-30 ёш оралиғи деб белгилаш мумкин.
Ўттиз ёшдан кейин ҳаётим тобора сиёсатга яқинлаша борди. Беихтиёр, ҳатто ихтиёримга зид равишда бу йўналишга бурила бошлади.
1979 йил ёзганим «Адашган ҳайкаллар» соф сиёсий памфлет эди. Унда мустамлакачи Русларнинг Ўзбекистонни тарк этиши бадиий тарзда «тараннум» этилди.
Ҳатто, Эрнест Хемингуэйга бағишланган соф адабий мақолаларда ҳам Совет ёзувчиларига, уларнинг мафкурасига қарши антипатия бўртиб кўрина бошлаганди.
Гарчанд, ундан олдинги ёзилган шеърларда ҳам сиёсий мазмун ташиган матнлар кўп эди, аммо 1979 йилдан кейин бу майл бир тенденцияга айланди, десам катта гапирган бўлмайман.
Ҳаётимнинг 1979 дан 1984 йилгача бўлган даврини «актив сиёсийлашув» деб аташим мумкин.
1984 йил ёзганим «Политбюрога мактуб» менинг илк соф сиёсий матним эди.
Кейин биз сиёсий ташкилотлар қуриш жараёнига кирдик.
«Биз» деяпман, чунки 1984 йилда ортиқ мендаги «мен» «биз»га айланиб бўлганди.
ҲАРАКАТИМИЗ
«ЭРК» партияси фаолиятини, унга пойдевор бўлган «Бирлик» ташкилоти ва бу ташкилотга асос бўлган ўтган аср 70-80 йиллар бошида зиёлиларимиз юритган ижтимоий фикр ҳаракатини аввал Совет режими, кейин мустақиллик ниқоби кийган посткоммунист режимларга қарши бир Муқовамат ҳаракати деб аташ мумкин.
Муқовамат – арабча калима, унинг Туркистон туркчасидаги англами – ТИРАНИШдир.
Яъни биз юқорида саналган мустабид режимларга қарши қўлимизга қурол олиб курашмадик. Бунга ҳаққимиз бўлган ҳолда, бундай радикализмга бормадик. Чунки биз мавжуд сиёсат қаршисида ортиқча юмшоқ қалбли, мавжуд макиавеллист ғоя дунёси қаршисида ҳаддан зиёд идеалист, мавжуд эгри замон қаршисида ҳаддан ташқари тўғри эдик.
Душманга қарши курашимиз ҳам шу фитрат доирасида юз берди.
Биз душманга қарши курашмадик, душманга қарши тирандик. Бизни намойишга чиққанда қўлтиғимиздан тутиб, қафас-аравасига улоқтириш учун судраётган мелисага қарши тирандик. Мелисахонада калтакланиб, изоляторга судраётганларга қарши тирандик. У ердан маҳкамага, кейин Тоштурмага судрар эканлар, тирандик.
Бизни Киевдан, Москвадан, Истанбулдан ушлаб Ўзбекистонга экстрадиция қилганларга қарши тирандик.
1999 йил 16 феврал портлашлари баҳонасида уйқумизни бузиб, уйимизга бостириб кирган каримовчи жаллодларга қарши тирандик.
2005 йил Андижонда “Бобур майдони”да бир қисмимизни ўлдириб, қолганларимизни қийноққа солганларга қарши тирандик. Ва бугун ҳам тиранаяпмиз. Каримов режимининг сарқитлари уюштираётган фитналарга қарши, уларнинг ёлғонлари ва туҳматларига қарши тиранаяпмиз.
Бу Тираниш Ҳаракатини шартли равишда уч босқичга айириш мумкин:
- Совет даври тираниши
- Ўтиш даври тираниши
- Мустабид-мустақиллик даври тираниши
Тиранишнинг илк босқичи ҳақида тасаввурга эга бўлишни истаган киши 70-80 йиллар ўзбек адабиётидаги диссидентлик томирини пайпаслаб топиши керак. Буни бажараолса, скепсис пардаси ортида Тиранишнинг ярим мажҳул сиймосини дарров илғаб олади.
Бу даврда Тираниш Ҳаракати бадиий адабиёт ташқарисига чиқа олмади, мажоз ва рамзлар либосини кийиб, мустабид тузумга нафратини киноя воситасида ифода этди. (Камина «Йўлнома» ва «Императив» деб номланган китобларда бу диссидентлик кодини қисман ифшо этдим).
Менинг ёшлигим (1960-75 йиллар) Кубадаги диктаторлик режимини ўзгартирган Фидел Кастро ва Че Геваранинг шуҳрати ҳали ҳам сўнмаган бир даврга тўғри келди.
Ҳолбуки, бу икки шахснинг эътиқодлари биз нафратланган коммунистларникидан оз фарқ қиларди. Афсонавий коменданте «Че«нинг инқилоб йўлида қилган ваҳшийликлари болшевикларникидан фарқ қилмасди.
Лекин 70 йилларга келиб, дунё адабиётини таний бошлаганимдан кейин, бу тарихий бутлар менинг наздимда бир-бир йиқила бошлади. Хатто, севиб ўқиганим » Алвидо, қурол«, «Чол ва денгиз» каби асарлар муаллифининг Фидел ва «Че»га бўлган симпатияси мени бу муаллиф асарларидан маълум бир босқичда совутганини эслайман.
Бошқа тарафдан, Сталиннинг Совет Иттифоқида зиёлилар дунёсида ўтказган ялпи қатлиомидан кейин бу майдонда ёшларни ғоявий эргаштира оладиган бирорта ҳам шахс қолмаганди.
Совет армиясидан аскарликдан қайтганимдан сўнг ғайрихтиёрий сиёсий изланишларим мени Ғарб адабиётига олиб келди. Мен излаган сиёсат адабиётдан топилди. Ва 1970 бошларида Ғарб адабиётининг русча таржимасига жиддий равишда шўнғидим.
Гўё дунёда фақат Ғарб бор эди мен учун, бошқа қутблар ундан кейин келарди.
Ғарб интеллектуалларининг Совет Иттифоқида энг танилгани Жан Пол Сартр эди.
У 1968 йил Парижда Университет талабалари бошлаган исённинг рамзи, унинг маънавий йўлбошчиси эди.
У ҳақдаги афсоналар бизга бироз кечикиб, 1970 йиллар бошларида етиб келди ва биз бу ёзувчининг асарларни топиб ўқий бошладик. Гарчанд нашрлар кўп бўлмаса-да, унинг китоблари Совет Иттифоқида социалистик блокни ёқлаган бир ғарб мутаффакири сифатида чоп этилганди.
Сартр фалсафасидаги эркинлик (озодлик) тушунчаси бўлгани менинг эътиборимни жалб қилган асос нуқта эди. Фақат шунинг учунгина Сартрнинг Совет Иттифоқини гоҳ-гоҳ мақтаб турганини ҳам ўзимча «кечиргандим».
Сартр эркинликни (озодликни) мутлақ ва бир марталик берилган бир неъмат деб билади. Шу маънода унинг “инсон озодликка маҳкум” ибораси мени ниҳоятда таъсирлантирган сентенция бўлди.
У эркинликни инсоннинг моҳиятидан олдин қўярди. (Албатта, бугун мен бу тушунчада эмасман. Эркинлик инсон моҳиятидан олдин келмайди. Эркинлик инсон моҳиятининг ичиндадир).
1970 йиллардаги ушбу фикрий радикализмга ихлос қўйганлардан бири эдим.
Жан-Пол Сартр ўзига берилган Нобел мукофотини рад қилгани мен учун унга ҳурматимнинг яна бир сабаби эди.
Бизда Париждаги ёшлар намойишида Жан-Пол Сартр каби минбарга чиқиб гапирадиган йўлбошчи йўқ эди. Фақат Советларда эмас, умуман Социалистик лагерда йўқ эди.
То 1980 йилга қадар.
1980 йилда Полшанинг Краков шаҳрида шундай бир йўлбошчи чиқди.
Аммо у биз кутган Сартр типидаги интеллектуал эмасди.
Бу ишчилардан чиққан оддий бир ишчи Лех Валенса эди. Унинг бошқарган касаба ташкилоти «Солидарност» социалистик лагерни ларзага солди, десак, муболаға бўлмайди. Ва 1983 йил куз ойида тақдир мени бу ҳаракат ватанидан келган инсонлар билан таништирди…
ЧЕТ ЭЛЛИК МЕҲМОНЛАРИМ
Иброҳим Ғафуровнинг 1983 йил «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида ёйинлаган «Шеърингизни тушунтириб беринг» номли мақоласи нафақат юрт ичида, балки ташқарисидагиларнинг ҳам диққатини чекди. Камида, Ўзбек адабиёти билан
қизиққан чет эллик илм аҳли ва советологларнинг диққатини тортди. Чунки мақола муаллифи бу мақоласида зимдан мафкуравий масалани кўтарганди.
1983 йилнинг кузида фанлар академияси ходими Анжелика исмли бир рус хоними «сиз билан ўзбек тилини ўрганаётган Полшалик Элжбета Госчитска хоним танишмоқчи», деди.
Ва бу хоним билан танишдик.
Айни Академия воситасида 15 асрда яшаб ўтган хоразмлик мутасаввуф шоир Ҳусайн Хоразмий ижодий буйича диссертация ёзаётган Индианалик ёш олим Девин Девис билан танишдик.
Девин кўнгилчан, самимий йигит эди.
У билан суҳбатларимиз асосан адабиёт ҳақда бўларди.
Девин ўзбекча гапирарди, русча биларди, аммо қийналиброқ бўлса-да ўзбекча гапиришга ҳаракат қиларди. Балки шу боис, у билан жуда кўп учрашганимизга қарамай, суҳбатларимиз кенг қамровли бўлмаганди.
Элжбета Госчитска хоним билан эса аксинча, адабиётга кўра сиёсатни кўпроқ гаплашардик. У ўзбекча, туркча, инглизча гаплашарди. Ўзбекчаси ҳам, туркчаси каби бир чет эллик учун мукаммал эди.
Унга бу қисқа замонда тилни қандай ўргандингиз, десам «Варшава университетидаги ўзбек тили муаллимим «фалонча» Салимова эди», деди. (Бу муаллима хоним 70-йилларда Ўзбекистонда иделогия секретари бўлган Салимовнинг опаси экан).
Хуллас, Элжбета хоним Полшадаги сиёсий вазиятни худди бир политолог каби чизиб берарди. Унинг «Солидарност» ҳаракати ҳақида, лидери ҳақидаги сирли ҳикоялари мени жиддий ҳаяжонлантирганини тан оламан.
Хуллас, Элжбета хоним Полшадаги сиёсий вазиятни худди бир политолог каби чизиб берарди. Унинг «Солидарност» ҳаракати ҳақида, лидери ҳақидаги сирли ҳикоялари мени жиддий ҳаяжонлантирганини тан оламан.
Краков таксичиларининг «Солидарност» лидери Валенсани махфий шаклда бир манзилдан иккинчи бир манзилга ташиши учун бир-бирлари билан қандай мусобақага киришганини, инсонларнинг озодлик учун кўрсатган фидойиликларини, уларнинг муҳташам бирдамлиги(Солидарност)ни тасвирлаб, мен каби те-мир девор орқасидаги совет кишисига бир лутф этарди худди.
У Варшавага боргандан кейин Варшава Университетидан менга бир расмий таклифнома юборишга ҳаракат қилишини айтди.
Кейин балки афсонавий Краковга сафар қиламиз, дея умидлантирди бу хушчақчақ аёл.
Мен ҳақиқатан ҳам у жасур озодлик курашчиларининг шаҳрини кўришни жуда истардим. Аммо менга ҳеч қачон виза бермасликларини ҳам ҳис қилиб турардим. Таржимаи ҳолимда чет давлатга чиқиш визаси беришни осонлаштирадиган битта ҳам воқеа йўқ эди.
Хуллас, бу икки ажойиб инсон билан суҳбатларимиз то 1984 йил май ойигача давом этди.Улaр билан том маънода дўст ўлaроқ айрилдик.
Кейин Девин Девис билан 1990 йилда Индиана Университетида ўтказилган бир халқаро конференцияда учрашдик.
Аммо Элжбета Госчитска хоним билан бошқа кўришиш насиб бўлмади. Факат Элжбета хонимнинг ўз озодлиги учун курашган бир халқ ҳақидаги ҳаяжонли ҳикоялари мен учун унутилмaсдир.
Бу меҳмонларим Ўзбекистондан кетишгандан оз ўтмай мени КГБ га чақиришди.
Мени маршрут минибуслар бекатида ўзини майор Клищенко деб танитган КГБ зобити қаршилади ва биз КГБ нинг бош офисига кирдик.
У ерда КГБ майори мен билан “маданиятли” шаклда суҳбатлашиб, суҳбат охирида, катта моддий манфаатлар эвазига «ташкилот» билан ҳамкорлик таклиф қилди. У менинг чет эллик меҳмонлар билан муваффақиятли ишлашим мумкинлигини билдирди. Мен бундай ишни эплаёлмаслигимни айтдим ва таклифни рад этдим. Ва ўша куниёқ Ёзувчилар Уюшмасига бориб, ёзувчиларга КГБ нинг таклифини ва мен рад этганимни гапириб бердим. Шу тарзда КГБ нинг мендан узоқ туришига эришдим.
Давомини Элтуз каналининг сўнгги ёйинларида тинглашингиз мумкин.
