close
close
Асосий мавзулар
3 январ 2026

Водийда ўлиш тақиқланган – 12 қисм

close

Муҳаммад Солиҳ

RFЕ/RL нинг Рус хизмати «Свобода» радиосига берган интервюмдан парча: «Каримов бошқаруви чуқур социaл ва иқтисодий проблемаларни ҳал қилиш ўрнига мухолиф кишиларга қарши уруш бошлади. Мен демократия учун курашимни бу антидемократик коммунистик Олий Кенгаш ташқарисида давом эттираман» (RFЕ/RL «Свобода” 10 Июл 1992)

Парламентдан кетганимдан кейин тоталитар давлатнинг жазо машинаси устимизга юра бошлади. Бу даҳшатли тазйиқ фақат шахсим ва оиламга эмас, бутун қариндош-уруғ, дўстларим, ҳатто танишларимга ҳам сироят этди.

Бу воқеалар чорак асрлик бир зулмнинг бошланғичи эди.

1992 йил октябр ойида каминага қарши жиноий иш очилди. «Давлатга қарши параллел давлат тузиш»да айбладилар. Бизнинг 1992 йил март ойида ташкил қилинган «Демократик Форум«ни диктатор Каримов «параллел давлат» сифатида баҳолади. Аммо бу айбловнинг жорий Қонунда бир ифодасини топишолмади шекилли, расмий бир айбнома эълон қилишмади. Лекин феълан мен уй ҳибсида эдим. Шаҳардан чиқмаслик ҳақида тилхат олишганди.

Тазйиқ ва босим шу қадар кучайдики, мен 1993 йил бошида Тошкентни гизли тарк этдим. Қозоғистоннинг Сайрам бўлгасига ўтиб, у ерда бир танишимизнинг уйида яшай бошладим. Партия ишларини ўша ерда туриб давом эттирдим.

Бу даврда сафдошларимиз орасида режимга қарши кураш услубини ўзгартириш фикри ёйила бошлади. Кичик бир гуруҳ диктаторни куч билан олиб ташлаш режаси билан Сайрамга келди. Ҳокимият учун курашда қон тўкилишига қарши эканимни аввалдан билганлари учун ўз режаларининг мантиқий замини соғлом эканлигини намойиш қилишга уриндилар. Аммо бу мантиқ мени қон тўкиш олдидаги қўрқувни енгишга етмади. Қўрқувим жисмоний ёки сиёсий эмасди. Қўрқув маънавий эди. Ва мен бу радикал режани қабул этмадим. Бу ҳаракатимни бугунгача танқид қилганлар бор. Аммо ўша олганим қарордан пушаймон эмасман.

«Ҳар қандай йўл билан ҳам иқтидорга келиш» шиорини қабул этсайдим, ашаддий душманларим бўлмиш коммунистларнинг шиорини қабул этган бўлардим. Бу имконсиз эди ва бу юз бермади.

1993.йил бошида Қозоғистонда «Давлат сирлари» номли кичик китобчамни нашр эттирдим. Ва уни Тошкентда гизли тарқатдик. Бу нашр Тираниш ҳаракатига оз бўлса-да далда бўлди. Чунки газеталаримиз аллақачон ёпилган, aхборот воситаларимиз яна эски совет давридаги каби ротопринтда кўпайтирилган варақалар савиясига тушганди.

ШУКРУЛЛО МИРСАИДОВ

Демократик Форум”нинг кучини кўриб илҳомланган одамлардан биттаси собиқ Бош вазир Шукрулло Мирсаидов эди.

Шукрулло Мирсаидов камина Қозоғистоннинг Черняевка посёлкасидаги бир уйда яшириниб китоб ёзаётган кунлари деярли ҳар ҳафта ташриф буюрарди.

1993 йилнинг феврал ойи эди.

Мирсаидов ёнида «Ёшлар ҳаракати»дан деб таништиргани ингичка мўйловли бир тошкентлик йигит билан келди. «Жиддий гаплашишимиз керак», деди.

Мен ёнида келган одамни хуш кўрмадим…

Буни Мирсаидов сезди ва у йигитни «бир айланиб кел», деб кўчага чиқариб юборди.

Кейин менга қаради. Юзида жиддий бир безовталик бор эди. У паст овоз билан 1992 йил октябр ойида айтган таклифини такрорлади: «Ўтган сафар кўнмадингиз, бу сафар кўнарсиз деган умидда келдим. Чунки бунинг(Каримовнинг) нақадар «звер» эканини кўрдингиз бир йил давомида. Агар уни йўқотмасак, жуда кўп одамларнинг бошига етади. Сизни ҳам, мени ҳам йўқотади. Аввал сизни йўқотади, билиб қўйинг», деди қизишиб.

Мирсаидов бу таклифни менинг яна рад қилишимдан қўрқарди. Шунинг учун жуда асабийлашар эди.

Мен бир зум ўйланиб қолдим. Жавобим билан ҳаракатимизга керакли бир одамни йўқотиб қўйишдан чўчидим, тўғриси.

Мен унга айни таклиф билан бошқалар ҳам келганини айтдим.

«Биринчи таклифингиздан сўнгра Тошкентда нима ўзгарди, Шукрулло ака?”,– дедим юмшоқ оҳангда.

«Кўп нарса ўзгарди. «Спецслужба» тўла биз тарафда. Москва биз тарафда. Халқ ҳам, аслида, биз тарафда. Фақат сиёсий байроқ керак, бу байроқ сиз бўласиз, халқ сизни танийди, яхши кўради «, деди Мирсаидов.

Мен ҳафсалам пир бўлди.

Ундан очиқ сўрадим:»Бу Москванинг ўйини эмасми ўзи?»

«Худо ҳаққи, Москванинг алоқаси йўқ. Уларга мен айтдим, Павлов дўстим, ўзбекларни яхши кўради, агар биз ҳокимиятга келсак мутлақо қўллайди, унинг ҳозирги ҳукуматда одамлари тиқилиб ётибди», деди.

Кейин юзимга караб: «Солиҳ, тўғрисини айтинг, ўзингизни қурбон беришдан қўрқаяпсизми?”, деди.

«Асло. Мен бегуноҳ одам ўлдиришга сабабчи бўлишдан қўрқаяпман. Сиз ўтган сафар «у (Каримов) билан 60 киши ўлиши мумкин» дедингиз. Мени шу 60 кишининг ҳаёти учун нариги дунёда жавоб беришдан қўрқаяпман», дедим.

«Айтдим-ку, агар у йўқ қилинмаса, мингларча инсонни ўлдиради ва бу қурбонларнинг масъулияти сиз билан менинг бўйнимизга тушади. Уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлатуриб, бу имкондан фойдаланмаганимиз учун биздан нариги дунёда улар хақ талаб қилади», деди қизишиб.

Мирсаидов самимий эди. Бу очиқ кўриниб турарди.

Мен унга шундай дедим: «Шукрулло ака, сиздан олдин бир гуруҳ дустлар ҳам айни фикр билан келишганди. Уларга мен рад жавобини бердим. Шуни тушунишингизни истайман. Агар ўзбек халқи қўлига қурол олиб Каримов ҳокимиятга қарши жанг бошласа, мен жангда муҳаққақ олдинги сафда бўлардим. Мен золимга қарши урушда қатнашишим мумкин. Ҳатто имконим бўлса, ўзим қўшин тузиб, бугуноқ бу урушни бошлашим мумкин. Чунки бу одам айтганингиздай халқнинг кушандаси. Келажакда кўпларни ўлдириши тайин. У ҳеч қачон сайлов билан иқтидордан кетмайди. Фақат куч билан кетказилиши мумкин. Аммо мен бир кишини, ҳатто золимни ҳам, орқаваротдан, суиқасд билан ўлдиришни ўзимга эп кўролмайман, мени тушунинг. Айниқса, бу золим билан бирга бегуноҳ одамлар ҳам ўладиган бўлса..»

Сўзимни тугатганимда Мирсидовнинг юзи қорайиб кетгандай туйилди. У букчайиб ўрнидан турди.

Кейин юзимга қараб, фавқулодда юмшоқ овоз билан: «Солиҳжон, сизни тушунаман. Аммо катта бир имкониятни қўлдан бой беряпмиз», деди.

Мен ҳеч нарса демадим. Чунки айтадиган гапимни айтиб бўлгандим.

Мен ҳақиқатан ҳам ўлимдан қўрққаним йўқ эди. Ҳақиқатан ҳам агар қўшиним бўлса, диктаторга қарши қуролли курашни бошлаб юборган бўлардим. Чунки бундай курашнинг машруъ эканидан амин эдим.

Мирсаидов хайрлашиб кўчага чиқар экан, қайрилиб мен тарафга эгилди:

– Сизни яқинда олишади. Тайёр бўлинг. Агар имконингиз бўлса, Тошкентга қайтмасдан чет элга чиқиб кетинг. Бизнинг йигитлар сизни йўқ қилиш плани «звер»нинг қўлида турганини айтишди, – деди.

Қучоқлашиб хайрлашдик.

Бу – Мирсаидов билан сўнгги учрашувимиз эди.

Шу зулмат кунларда менинг уйимга келган Туркиялик биродаримиз Исмоил Ченгиз шундай хотирлайди:

«Ҳурматли Солиҳ ҳибсдан чиққандан кейин, КГБ нинг айғоқчилари билан «яшинмачоқ» ўйнаб, бир дўстим билан уни уйида зиёрат этдик. Сўнг даражада қайғулайди. У уйидан ташқарига чиқа олмаётгани, ҳар кун ўлим таҳдидлари олаётгани, халқ билан мулоқотга тўсиқ кўйилгани, газетасининг тақиқлангани ва китобларининг босилмаётганини айтди…Ва 1993 йилнинг Нисон ойи ўрталарида дўстларининг босими билан туғилиб-ўсган тупроқларни тарк этишга мажбур бўлди» (İsmаil Çengiz» “Özbekistanda demokratiklеşmе vе Muhammеd Sаlih», 1995. Hasret yayınları Sahifeler 40-41)

Давоми бор

Тағин ўқинг
18 октябр 2015
Шохрух Алибоев, 2013 йилнинг 27 июнида ота онасидан ажратилиб болалар уйига топширилган эди. +видео
3 март 2017
Сурхондарёда кундузи болалар жисмоний жазоланадиган, тунда эса фоҳишахонага айланадиган тўртта боғчадаги вазият акс этган тасвирлар ижтимоий тармоқни ларзага солди. ...
8 феврал 2025
Шу пайтгача «Анора» деган икки фильм олинди. Биттаси етим қизнинг ашлачи бўгани ҳақида¸ яна биттаси ўзбек секс вўркери ҳақида. ...
30 ноябр 2021
Eurasianet нашри президент Мирзиёевнинг Россияга ташрифи Ўзбекистоннинг Россия етовидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши керакми ёки йўқлиги ҳақидаги қизғин баҳс-мунозараларга ...
Блоглар
4 январ 2026
Ўттиз миллионлик Венесуэла давлати бошидаги Мадуронинг аҳволи ҳақиқатдан барбод. Уни самалётдан қўлларида кишан билан туширилгани,  ...
2 январ 2026
Саида Мирзиёеванинг интервьюсини кўришимга тўғри келди. Нима ҳам дердим: «Йирик давлат арбобининг биринчи эркин интервьюси» ...
2 январ 2026
Қулдорлик ҳақида гапирганда кўплар колониал оврўпонинг трансатлатика орқали 10-12 млн одамни қул қилганини эслайди. Лекин ...