«Водийда ўлиш тақиқланган» 17-қисм
ЖОҲАР ДУДАЕВ
1996 йил 21 апрелда Ж. Дудаев руслар тарафидан ўлдирилди.
Ўз ўлкасини мустақиллигини эълон қилган, аммо фақат Руслар эмас, дунё давлатлари тарафидан ҳам тан олинмаган бир давлат лидери ҳалок бўлди.
Жуда ҳузунландим.
Аскар эди, аскар каби ўлди, аммо яна-да ҳузунландим. Чунки бу романтизм қоришимли идеалист генерал билан халқларимизнинг озодлиги ҳақдаги деярли барча масалаларда тил топишгандик.
Мен узундан-узоқ давом этган шиддатли суҳбатларимизни эсладим…
Жоҳарнинг қандай ҳалок бўлганини ўрганиб, унинг «яқинда Олмониядан «спутниковый телефон»келяпти, истаган давлат билан истаган жойдан гаплашавераман» дея севинганини хотирладим.
Уни айнан шу спутник телефонда гаплашаётган пайтда ўлдирди рус учоғи. Ҳарбийлар телефон координатларини аскарий учоққа етказишган ва учоқ ракета билан Дудаев турган жойга нуқта отиш қилган.
Айни шу телефон моделини менга ҳам ҳадя этишганди Олмониядаги дўстларим. Бу аппарат Дудаевга берилгани каби, менга ҳам Туркия Бош Вазири Нажмиддин Эрбоқoннинг ҳадяси сифатида берилганди.

Ўлкаларимиздаги фарқ, диктатор Каримовда спутник-телефон координатларини топиб, унга ракета ота оладиган учоқлар йўқ эди у замонлар.
«ЭРК» газетасининг Жоҳар Дудаев шаҳидлиги муносабати билан билдирилган таъзия босилган 120-сони (Апрель 1996)да «ЭРК» партиясининг шу баёнотига кўзим тушди:
«Русия федерацияси давлат думасининг коммунистлар фракцияси ташаббуси билан қабул қилган Совет Иттифоқининг тарқалганини тасдиқловчи «Беловеж шартномаси«ни бекор қилувчи қарори Совет Иттифоқидан ажралиб чиққан жумҳуриятлар мустақиллигини хавф остига қўяди. Бугун юридик кучга эга бўлмаса-да, Русиядаги бўлажак президентлик сайловларида реал даъвогар ҳисобланаётган коммунистлар ҳокимиятга келиб қолсалар ушбу қарорни амалга оширмайдилар деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Қолаверса, Русиядаги Елцин бошчилигидаги бугун иқтидордаги ҳукумат ҳам империяни қайта тиклаш ниятидан ўзини тияётгани йўқ. Шу муносабат билан «ЭРК» Демократик партияси Марказий Кенгаши Ўзбекистон ҳукумати ва унинг президентини Ўзбекистон мустақиллигини хавф остига қўювчи шартномаларга қўл қўймасликка ва мустақилликни таҳлика остига қўювчи ташқи хавф бор экан, мамлакат ичкарисидаги барча кучлар билан муроса олиб боришга чақиради«.

Путин ҳукуматининг 2014 йилда Украинага тажовуз қилиб, Қримни босиб олиши, 2022 йилда бу суверен давлат шарқида жойлашган учта вилоят ва қатор шаҳарларни ишғол қилиши «ЭРК» партияси 1996 йилдаёқ огоҳлантирган таҳликанинг сиёсий ваҳима бўлмаганини кўрсатди.
Бу таҳлика бугун, 2022 йилда ҳам Марказий Осиёнинг ҳанузгача сиёсий инфантилизмдан қутула олмаган иродасиз ҳукуматлари устида лопиллаб турибди.
“БЎЗ БЎРИЛАР” ЙЎЛБОШЧИСИНИНГ КАРИМОВГА ХАТИ
1996 йилга келиб, Ўзбекистон диктатори И.А.Каримов каминанинг Туркиядан чиқариб юборилганини эшитиб, Анқарага муносабатини озгина юмшатди.
Мен у пайтда Франкфурт шаҳрида қўним топгандим.
Бизнинг дўстларимиз бу «юмшама» фурсатидан фойдаланиш керак деган фикрга келишди.Миллиятчи Ҳаракат Партиясининг раиси Алпарслон Туркаш1 каминага телефон қилиб, «Шахсим номидан Каримовга бир мактуб ёзиб, сизни у билан яраштириб қўйсак, нима дейсиз?» дея сўради.
«Албатта, ватанга қайтишни истайман, аммо бунинг учун Каримовнинг менга қўядиган шартлари аввалгисидан фарқ қилмаяжак, деб қўрқаман. Яна, сиз биласиз Устод», деб жавоб бердим.
Тажрибали сиёсатчи Туркаш: «Бир уриниб кўрайлик. Сиздан илтимос, менинг сўзим ерда қолмаслиги учун сиз ҳам бир хат ёзинг Каримовга, муроса оҳангида» деди.
1Алпарслан Туркаш. Али Арслан ёки Ҳусайн Файзуллоҳ 1917 йил 25 ноябрда Қибрисда, Никосияда таваллуд топган, Турк офицери ва сиёсатчиси. Армияда экан, 1960 йил 27 май давлат тўнтаришида фаол рол ўйнаган полковник Туркаш ҳарбий хизматдан кейин Бош вазир ўринбосари, «Миллиятчи Ҳаракат Партиясининг асосчиси ва Раиси сифатида хизмат қилди.
1969-1997 йилларда МҲП раиси лавозимида ишлаган.
Сулаймон Демирал томонидан 1975 йил март, 1977 йил июн ва 1977 йил июл, 1978 йил январ ойлари орасида ташкил этилган ҳукуматларда Бош Вазир ўринбосари лавозимида ишлаган. 1965, 1969, 1973, 1977 ва 1991 йиллардаги Туркия умумий сайловларида депутат сифатида парламентга кирган. Туркаш 1963 йилда миллатчи доираларни бирлаштириш учун Турк Тинчлик ва тараққиёт жамиятини тузди.
1980 йил 12 сентябрь давлат тўнтаришидан кейин 1980 дан 1985 йилгача 4,5 йил қамоқда ўтирди.
1987 йилда Туркия конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича референдумда сиёсий тақиқ бекор қилинди.
Худди шу йили у ўзи тузган Миллиятчи Меҳнат Партиясига қўшилди ва конгрессда раис этиб сайланди
Бу партия 1991 йилги Туркия умумий сайловларида «Рафох партияси» ва «Ислоҳотчи Демократик партия» билан сайлов иттифоқи тузди…
Туркаш 1997 йил 4 апрелда вафот этди.
Мен оқсоқол раисни хафа қилишни истамадим, хатни ёзиб, факсда йўлладим. Аммо хатда Туркаш Бей истаган муроса йўқлигидан кўнглим хижил эди. Бизга яхшилик қилиш учун бел боғлаган бу идеалист миллиятчини хафа қилиш андишасидан хижил эди кўнглим. Лекин барибир хатимни ўзгартира олмадим. Шундайлигича факсладим.
Икки кун ўтиб, Миллиятчи Ҳаракат Партияси офисидан факс орқали қуйидаги икки мактубни юборишди. Улардан биринчиси менга, иккинчиси Каримовга ёзилган эди.
Биринчи кичик хат:
МИЛЛИЯТЧИ ҲАРАКАТ ПАРТИЯСИ
Тарих: 18.07.1996 Сони: Махсус.
«Хурматли Мухаммад Солиҳ Бей афанди,
Ўзбекистон Жумҳурбошқонига ёзганим шахсимга оид мактубнинг бир суратини зоти олийнгизга такдим этаяпман. Ўқиярак фикрингизни билдиршингизни рижо этаман. Махсус салом ва ҳурматлар билан Имзо:
Алпарслон Туркаш
Раис

Иккинчи хат:
МИЛЛИЯТЧИ ҲАРАКАТ ПАРТИЯСИ
Тарих: 18.07.1996 Сони: Махсус.
Ғоят муҳтарам Ислом Каримов Ҳазратлари
Зоти олийнгизнинг юксак идораси остида Ўзбекистон жуда бахтиёр бир ҳаётга қовушмишдир. Миллат хизматида киришганингиз ишлар ҳам Ўзбек халқига ҳамда бошқа қардош жумҳуриятлар халқларига фойдали бўлмоқдадир.
Советлар Бирлиги тарқалгандан сўнгра сизнинг ғайратингиз соясида Ўзбекистон дунёда танилган бир ўлка ҳолига келди. Юксак ва ақлли сиёсатингиз ҳам бўлгамиз ҳамда дунё тинчлигига қувват бермактдадир.
Ўзбекистон «ЭРК» Партияси раиси ҳурматли Муҳаммад Солиҳ бир неча йилдир юрт ташқарисида яшаяпти. У билан Туркияда, Оврупода уч марта кўришдим.
Аввало, Муҳаммад Солиҳ билан орангизда нима ўтганини билмайман. Фақат у зотингизга нисбатан ҳурматкор бир лисон қўлланмакдадир.
Буюк инсонлар буюк руҳлидирлар. Ўзларига карши ишланган қусурларни афв этарлар. Ўзбекистон халқи учун бирлик ва баробарликнинг муҳим эканлигини тақдир буюрасиз. Лутф этарак, Муҳаммад Солиҳ Бейга дўстлик қўлини узатишингизни истирҳом этаман.
Шояд сиз мусоада ва қабул буюрсангиз, уни Олмониядан олиб келиб, Шимолий Қибрис Турк Жумҳуриятига жойлаштираман. Аёли ва фарзандлари билан у ерда яшашини таъминлайман. Зоти олийингиз мувофиқ кўрар ва Унга Ўзбекистон Давлат Мушовирлиги берсангиз жуда мамнун бўламан.
Унинг сизга ёзган мактубини илова ўлароқ Зоти олийнгизга тақдим этаяпман.
Лутфкор жавобингизни кутаман. Зоти олийнгизга теран ҳурматларимни тақдим этаман.
Имзо: Алпарслон Туркаш

Мен Анқарага телефон қилиб, Алпарслон Туркаш Бейга ташаккур этдим. Айни пайтда унинг мактубидаги бир жумлани олиб ташлашни илтимос қилдим. Бу жумлани доира ичига олиб, Туркаш Бейга факсладим. Бу жумла шу эди: «Шояд сиз мусоада ва қабул буюрсангиз, уни Олмониядан олиб келиб, Шимолий Қибрис Турк Жумҳуриятига жойлаштираман. Аёли ва фарзандлари билан у ерда яшашини таъминлайман. Зоти олийингиз мувофиқ кўрар ва Унга Ўзбекистон Давлат Мушовирлиги берсангиз жуда мамнун бўламан«.
Алпарслон Туркаш Бейга «Ҳурматли Бошбуғум, мен Каримов ўтирган Давлат Раиси мақомига толиб бўлган кишиман, ундан мен учун мушовирлик лавозими сўраманг лутфан. Агар мумкинса, шу жумлани олиб ташлашингизни илтимос қиламан. Сизга бу жумлани факсда жўнатаяпман», дедим Истанбулча юмшоқлик билан.
Кейин Алпарслон Туркашнинг Каримовга ёзган хати хошиясига қалам билан шу шарҳни ёзиб, Анқарага факсладим: «Муҳтарам Бошбуғум, мактубнинг шу қисмини чиқарайлик. Мен золимдан бир нарса истамайман. Унга мактубни фақат Сизнинг хотирингиз учун ёздим. М.Солиҳ«
Мен юброган факсни олиб, Туркаш Бей яна телефон килди. Овозидаги оҳангдан илтимосимдан хурсанд бўлмагани сезилиб турарди. «Сиз безовта бўлманг, бу ишни энг яхши услуда натижалантирамиз», дея гапини тугатди афсонавий полковник.
Кейин муовини телефон қилиб, «Бошбуғумиз узлашмачи (келишувчанлик)руҳи заиф, деб сизнинг Каримовга ёзган хатингизни ўз мактубига илова қилмади» дея хабар берди.
Мен бунга севиндим, тўғриси.
Тарихда «Диктаторга хат ёзган» деган маломатдан қутулганим учун севиндим, албатта.
(Давоми бор)
