close
close
Асосий мавзулар
3 феврал 2026

«Водийда ўлиш тақиқланган» 19-қисм

close

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИЯДАГИ СОКИН ТЎНТАРИШ

27 Шубат(феврал) Турк тарихида «постмодерн давлат тўнтариши» сифатида қайд этилгандир.

Харбийларнинг тазйиқи остида Туркия Жумҳурияти Бош вазири Эрбоқон ўз вазифасидан истеъфо этди.

Эрбоқоннинг кетиши биз муҳожирлар ҳаётида ҳам дарров акс этди.

Бизнинг фаоллар ҳибсга олинмаса ҳам, “узоқдан назорат” остига олиндилар ва эркин ҳаракат майдони тобора торайтирила бошланди.

ЎЗБЕКИСТОНДАН МЕҲМОНЛАР

Айни шу ташвишли кунлардан бирида Темур Хўжа телефон қилиб, «сизни Ўзбекистондан келган ёзувчи дўстларингиз Тоҳир Малик ва Нуруллоҳ Отахон сўрашди, улар Истанбулда, фалон жойда туришибди» деб адрес ва телефон айтди.

Мен жуда севиндим.

Икки исм ҳам Каримов диктатурасида ўзлигини сақлаб қола олган, мустақил фикрли кишилар эди.

«ЭРК» партиясидан йироқ бўлсалар ҳам, фикрий жиҳатдан режимга мухолиф инсонлар эди.

Тоҳир Малик билан 80-йиллар охирида Ёзувчилар Уюшмасида бирга ишлагандик.

Нуруллоҳ Отахон эса «Бирлик» ҳаракатига хизмати сингган ёш ёзувчилардан эди.

Улар билан бир отелда кўришдик.

Бу меҳмонлар Ўзбекистондан келган баъзи арбобларга ўхшаб қўрқа-писа гапиришмади, ҳар нарсани очиқ гаплашдик.

Азбаройи ишонганимдан бир нозик илтимосни тилга келтирдим: Бўстонлиқда қуриб битирилмаган бир дала ҳовлимиз бор эди. Уни ўша ердаги аҳли ёзар дўстларимиз учун бир масжидга айлантириб фойдаланишларини истадим. Менинг Ўзбекистонга қайтиб боришим даргумон, бу менинг хусусий мулким, уни тилхат билан сизларга топширсам, бир масжид қуришга бош-қош бўлсаларинг, сизлар ҳам, биз ҳам савоб олардик, дедим. Улар жуда яхши қабул қилишди. Бу иш бошланса, имконим борича масжид қурилишига хам маблағ бераман» дедим. Улар хурсанд бўлишди.

Афсуски, бу ишимиз амалга ошмади. Кейинрок маълум бўлишича, уйим ҳукуматга якин биттасига ҳадя этилибди.

Яқинда бу китобда фойдаланиш учун архивимдан ҳужжатларни саралаётиб, Нуруллоҳ (Отахон) Муҳаммад Рауфхоннинг амалга ошмаган бу «лойиҳа»миз ҳақидаги мактубига дуч келдим.

ЗЕЛИМХОН ЯНДАРБИЕВ

1997 йил май ойида Истанбулда мени Чеченистоннинг собиқ Президенти Зелимхон Яндарбиев зиёрат этди.

Зелимхон шоир эди.

1970 йиллар охирларида Москвадаги М.Горкий номидаги адабиёт институтида таҳсил олганди. Мен ҳам ўша пайтларда Олий Адабиёт Курсларида ўқигандим. Кавказлик дўстлар орасида бир ора кўришгандик, аммо яқинлигимиз йўқ эди.

Уни 1994 йилда Дудаев даъвати билан Грозний шаҳрига борганимда уни яқиндан танидим. Уйида бир неча марта меҳмон қилди. Ўзбекча мантилар тайёрлаган аёлининг исми Малика, кавказ туркларидан эди, янглишмасам.

18 Май 1997 йил. Истанбул. Зелимхон Яндарбиев ва Муҳaммад Солиҳ

Ўша пайтда Зелимхон Чеченистоннинг Вице Президенти эди.

Кейин, 1995 йилда Дудаев рус бомбасидан шаҳид бўлганида, Зелимхон 21 апрел 1996 йилдан — 16 октябр 1996 йилгача Президентлик вазифасини адо этди.

Зелимхон Яндарбиев 1996 йил 28 май куни Москвада рус қўшини билан оташкес(урушни тўхтатиш) учун Шартнома тузишга борган Чечен ҳайаътининг бошида эди. Шартномасини имзолаш маросимида «Мен сен кўрсатган ерда ўтирмайман. Сен билан юзма-юз, тенг мақомда ўтираман», дея Русия Президенти Ельцинга майдон ўқиган мард йигит эди Зелимхон.

ЯНДАРБИЕВНИНГ ЎЛИМИ

2004 йил январ ойида, мен Голландиянинг Роттердам шаҳрида бир конференцияда экан, менга телефон қилди. «Свобода» радиосидан олдим телефонингни, деди у.

Жуда севиндим.

У билан самимий бир дўстлигимиз бор эди.

Зелимхон жуда тушкун аҳволда эди. «Қочишдан, яшириниб яшашдан чарчадим, дўстим. Ўлдирсалар тезроқ ўлдирсин бу итлар», деди теран бир қайғу ичида.

Мен унга «Туркияга кел, у ердаги дўстларни ишга солиб, сенга бир зирҳ уюштирармиз ахир, дедим. «Мени у ерга киритишмайди. Уриниб кўрдим, чегарадан қайтаришди. Сен ўзингни ўйла, сени ҳам киритишмаяпти-ку Турклар», деди.

Шу тарзда бир неча дақиқа фойдасиз тортишдик.

Кейин «мутлақо хабарлашиб турайлик», деган мотамсаро жумла билан суҳбатни тугатдик.

Зелимхон ўлими яқинлашаётганини сезгани аниқ эди.

Унинг учун жуда қайғурдим, бундан бошқа қила оладиган ишим ҳам йўқ эди. Зелимхон Яндарбиевни бир ой ўтар-ўтмас Путин йўллаган қотиллар Катарда ўлдиришди.

90-ЙИЛЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН ЁЗУВЧИЛАРИ

Тоҳир Малик ва Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхондан кейин бизнинг уйга қадам ранжида қилган сўнгги ёзувчи Нурали Қобул бўлди. Ундан кейин то 2012 йилгача ёзувчи зоти бизга яқинлашмади.

Аслида, Ўзбекистондан айрилгандан кейин, у ердаги дўстлардан жуда катта қисми «биз»дан воз кечганди.

«Биз» деркан, бу – мен, кейин менинг тарафдорларим, тарафдорларимнинг дўстларидан ҳам ҳатто воз кечди. Яъни биздан узоқ туриш учун «яқинлик» категорияларининг уч-тўрт қатидан воз кечишди.

Шу қадар эҳтиёткор, шу қадар жонлари ширин эди менинг дўстларимнинг.

Биринчи бўлиб, Аллоҳ раҳмат қилсин, гуноҳларини кечирсин, энг яқин дўстим Аҳмад Аъзам узоқлашди.

Тошкентдан чиққандан сўнгра, уч кун ўтиб, Олматадан телефон қилдим. Бугунгидай эсимда, Аҳмад овозимни эшитиб, талмовсираб қолди. Мен «Озарбайжонга бир ўтиб, қайтиб келаман яна. Ташқарида фаолият бўлмайди, бунга аминман», дедим

Аҳмад: «Нима деяпсиз, бу ердаги аҳволни билмайсиз, Диля (Дилором Исоқова.М.С.) полковник Тахтинга Сариоғочдаги ҳаётингизни ҳаммасини айтиб берган. Қозоғистонда чиқарган китобингизни ҳам СНБ га берган, ҳаммасини!», деди.

Кейин, «бу ерга келманг, илтимос, фақат ўзингизга эмас, ҳаммага ёмон бўлади келсангиз», деб огоҳлантирди.

Мен Аҳмадга ҳеч нарса демадим.

Қуруқ хайрлашдим.

«Келаман» деб Аҳмадни синаш учун айтмагандим. Ҳақиқатан ҳам, Бокуда Озарбайжон Президенти билан кўришиб, Тошкентга қайтмоқчи эдим. (Қайтаман деб Элчибейга ҳам айтдим, у ҳам мени қайтмасликка ташвиқ қилди. Лекин Аҳмад айтган сабаблар учун эмас, албатта).

Аҳмаднинг овозидаги ҳаяжон мени ўйлантириб қўйди. Қайтсам, бунинг зарари бўладими фойдасими, деб тараддудланишга бошладим. Кейин Элчибейнинг жиддий маслаҳати ва дўстларнинг талқини билан Туркияга кетишга қарор бергандим.

Шундай қилиб, мендан илк узоқлашган, зудлик билан узоқлашган Аҳмад бўлди.

Кейин қолганлари.

Хусусан, адабиётдаги дўст билганим инсонлар «Аҳмад тезлиги»да узоқлаша бошладилар. (1999 йил портлашлардан кейин Аҳмаднинг укаси Қуддус Аъзам “Акамга Муҳаммад Солиҳ билан дўстлиги жуда зара берди. Агар бу дўстлик бўлмасайди, акам юксак мартабаларга эришарди. М.Солиҳ чнт элда мазза қилиб юрибди, зарар бизга бўлди” деганмиш. (Мен бу кимсани Оллоҳга ҳавола қиламан. М.С.)).

Улардан ҳеч бирига телефон қилмадим. Зарарим тегмасин дея.

Телефон қилганларим ҳам иккинчи марта телефонимга чиқмадилар ёки телефонда овозимни эшитиб, «Ким бу, ким бу?» дея гўё эшитмагандай гўшакни қўйиб қўйдилар.

«ЭРК» партиясидаги «дўст» билганлардан ҳам беш-олтитаси газетга «Мен фалонча, “ЭРК ”дан чиқдим, Муҳаммад Солиҳ биз ўйлаган одам эмас экан» деб ташкилотдан узоқлашдилар.

Аммо аксарияти турган жойларида қолди. Сустлашдилар, аммо хоинлик қилмадилар. Шунга ҳам шукр қилдим. Булар ёзувчи-шоирлар қадар «тезкор» эмаслигига севиндим.

Лекин мен Туркияга келганимдан беш- олти ой, ҳатто бир йил ўтгандан сўнгра ёзувчи-шоирлардан мени йўқлаб келганлар бўлди.

Масалан, 1993 йил куз ойларида Истанбулга бир мажлисга қатнашгани келган шоир Омон Матжон мен турган “Улус” маҳалласини топиб келди. Мусофирга ярашгулик ош қилиб бердик.

У жуда хурсанд бўлиб, «ватанга қайтма, фойдаси йўқ, гўзал ҳаётинг бор экан, шеърингни ёзиб яшайвер, сенга ҳавасим келади, тўғриси», деди росмана жиддийлик билан.

Ҳайрат ичида қолдим ватандан келган одам менга «ватанга қайтма» деганига.

Омон ака ҳақиқатан ҳам акамиз эди. Тошкентдаги Қора-қамишдаги доирасини менга 10 йилга ижарага бериб қўйди. Албатта, текинга эмас, 10 йиллик кира пулини олдиндан тўлаб қўйдим.

Лекин Омон Матжоннинг китоб нашри каби ташкилий ишларда ёрдами теккан, Аллоҳ ундан рози бўлсин.

Омон Матжондан тўрт йил кейин Истанбулга Нурали Қобул келди жасорат қилиб. Ёнида Рустам(банк) Усмонов бор эди. Уйда емак едик. Нурали жуда эҳтиёткор бўлгани учун биз билан расмга тушмади. Аммо Рустам(банк) тушди.

Мана шу расм 26 август, 1997 йил Истанбулнинг Саҳрои Жадид(Жадиднинг саҳроси)да олинган.

Рустам (банк) жўшиб кетиб, «сизнинг китобларингизни мен Қирғизда чиқариб сотаман, бўладими?”, деди.

«Албатта, сиз сотиб пулини ўзингиз олинг, менга пул керакмайди, халққа тарқалса бўлди», дедим.

Кейин Қирғизстондан телефон қилиб, «китобни нашрга тайёрлаяпмиз», деди аммо бўлмади шекилли, китоб чиқмади.

Хуллас, 1500 яқин аъзоси бўлган Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг тўртта аъзоси бир туҳматга учраган маслакдошини бориб кўришга журъат этди. Улардан биттаси у мазлум ила расмга тушишдан қўрқди, аммо унинг уйига келишдан қўрқмади.

Бу ҳам бир жасорат ўзбек ёзувчиси учун, албатта.

(Давоми бор)

Тағин ўқинг
19 июл 2018
Ўзбекистоннинг «Севимли» телеканалида 15 июль кечки пайт кўриниб кетган секс саҳнаси ҳақидаги маломатлар ижтимоий тармоқда ҳали ҳам тингани йўқ. ...
8 март 2018
Канадалик ўзбек ҳуқуқшуноси Дилсора Фозилова 8 март куни «Элтуз» канали орқали юнусободлик имом Раҳматуллоҳ Сайфуддиновнинг «турк сериалларини кўрган аёллардан ...
15 феврал 2023
Салом қадрли мухлислар, эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг  навбатдаги сонини тақдим этади. Олтинсойлик 10-синф ўқувчиси “Оқарбулоқ” маҳалласидаги дўконга ярим тунда ...
3 феврал 2020
Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишда узоқ йиллар жонбозлик кўрсатиб келган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов “Халқ таълим ҳомийси” кўкрак ...
Блоглар
31 январ 2026
Бир дўстим ҳозир ичимни ёқиб Колумбияда сафарда юрибди. Кеча у Меделин (испанчаси Медейин) шаҳрида эди. ...
29 январ 2026
Ўзбекистонлик фаол Фарида Шариф ўзининг янги блогида «Сўқир Шерлок» яъни Блайнд Шерлок детектив сериалини томоша ...
23 январ 2026
Владимир Зеленский бугун Давосда: 🇨🇭 «Сизларга (жаҳон элитасига) Украина мустақиллиги ҳаммадан кўра кўпроқ керак. Чунки ...