Дарахткесар ҳоким ўрнига оддий ходимлар жазоланди
Элтуз Тошкент шаҳри Яккасарой туманида 174 туп дарахт мораторий талабларига зид равишда кесиб ташлангани хабар қилинган эди. Мазкур ҳолат ортидан ободонлаштириш ходимларига жиноят иши очилди.
Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев хабар берди. (Расулнинг арзон популизмдан чекиниб онда-сонда ўз вазифаси билан шуғулланаётгани Элтузни қувонтиради.)
Демак, эковазирлик мулозимига кўра, 2025 йилнинг 25 октябрь куни Яккасарой тумани Нукус ва Бобур кўчалари кесишмасидан бошлаб автомобиль йўли ёқасида жойлашган жами 174 туп дарахт ва бута кесилиб, табиатга 1 млрд 460 млн 952 минг сўм зарар етказилган.
8 ноябрь куни ободонлаштириш бошқармаси мансабдорлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодекснинг 198–моддаси 2–қисмига (ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлиши) асосан жиноят иши қўзғатилди.
“Қизиғи, дарахт кесиш топшириғини берган шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов яна сувдан қуруқ чиқмоқда. Унинг ўрнига топшириқни бажарган, “танка”си йўқ ободонлаштириш ходимлари жавоб берадиган кўринади. Мана бу ҳақиқий номардлик”, дейди Расул Кушербоев.
Ободонлаштириш ходимлари устидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Буйруқ берган ҳоким ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов терговга жалб этилмади.
