close
close
Асосий мавзулар
1 октябр 2020

“Президент куëвининг дўсти” бўлган боксчи Андижонда ИИВ капитанини калтаклади

close

24 сентябрь куни андижонлик боксчи Ҳасан Эргашев “Дамас” бошқарувидаги ИИБ ходими Саиджон Ғофуржоновни дўппослади. 

Капитан “Дамас” русумли хизмат автомашинасини Эргашевнинг тўхтаб турган “Спарк” русумли автомашинага келиб урган эди. Ҳодиса соат 12 ва 13 оралиғида бўлиб ўтгани видеотасвирларда акс этган. Воқеа Андижон шаҳрининг гавжум Тошкент кўчасида содир этилган.

“Элтуз” мухбири воқеа тафсилотларини ўрганиш мақсадида ҳодисада бевосита иштирок этган кишилар билан суҳбатлашди. “Дамас”ни бошқарган ИИБ ходими ишидан айрилиб қолишидан қўрқиб интервью беришни хоҳламаслигини билдирган.

Капитан Саиджон Ғофуржонов айни вақтда Андижон ИИБ 1-милиция бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси раҳбари лавозимида ишлайди.

“Спарк” автомашинасининг эгаси андижонлик боксчи Ҳасан Эргашев билан боғланиб бўлмади.

Ҳодисага гувоҳ бўлган ҳайдовчининг айтишича, Саиджон Ғофуржонов ўз бошқарувидаги машинани бехосдан қарама-қарши ножўя ҳаракатланаётган автомашинадан сақланган ҳолда йўл четига буради. 

Натижада ҳаракатсиз турган “Спарк” автомашинасига урилади. Шундан сўнг “Спарк” эгаси ИИБ ходимини дўппослаб кетади. Ҳалокатдан сўнг қисқа вақт ичида атрофга оломон йиғилади. 

Йиғилган омма томонларни тинчлантириши қийин кечган. Шу вақт ичида “Спарк” эгаси ИИБ ходимига президентнинг куёви Отабек Умаров билан яқинлигини, UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов билан дўстлиги, ўзининг ҳам спортчи эканини айтади. Гувоҳ спортчи томонидан ИИБ ходими турли сўзлар билан ҳақорат қилинганини тасдиқлайди.

Спортчининг президентнинг куёви билан тушган, водийда овоза бўлган расмини “Элтуз” мухбири кўрган. 

АҚШда яшаётган ўзбек боксчиларидан бири Санжарбек Раҳмонов интервьюларидан бирида доғистонлик аралаш жанг устаси Ҳабиб Нурмагомедов “унинг акаси Ҳасан Эргашевнинг яқин дўсти” эканини тасдиқлаганди.  

Андижон вилояти прокуратурасига яқин мулозимнинг хабар беришича, иш терговга оширилган. Бунда кўзбўямачилик ёки тарафкашлик қилинмайди. Воқеа рўй-рост кўриниб турибди. 

Ҳар иккала томонга етказилган жароҳат даражасини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси ўтказилаётгани маълум қилинди. Албатта, ИИБ ходими машинага шикаст етказгани, “Спарк” автомашинаси эгаси ИИБ ходимини ургани инобатга олиниши таъкидланган. 

Ҳар иккала томон – бири ИИБ ходими, бири президент куёвининг дўсти экани қонуний чора кўришда ҳеч қандай аҳамият касб этмаслигини билдирди мулозим.

“Элтуз”нинг ушбу воқеа билан яхши таниш бўлган суҳбатдошининг сўзларига кўра, “прокуратура ишни қўзғатди, аммо иш умуман олдинга юрмаяпти, Ҳасан Эргашев терговга келмаган”.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 феврал 2019
Жиззахнинг Ғаллаорол туманида яшовчи 30 яшар Акмал Аблокимов Самарқанд вилояти Иштихон туманида ички ишлар ходимлари томонидан таҳқирлангани ва калтаклангани ...
23 июн 2020
Президент Шавкат Мирзиёев россиялик ҳамкасби Владимир Путиннинг таклифига биноан, жорий йил 23-24 июнь кунлари амалий ташриф билан Москва шаҳрига ...
4 март 2018
3 март куни адвокат Сергей Майоров беш ойдан бери МХХ изоляторида сақланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев билан учрашди. Ҳуқуқ фаоли ...
15 декабр 2015
Бугун Остерсунд туман суди Обид Назаровга суиқасдда айбланган тошкентлик ёлланма қотил Юрий Жуковскийни 18 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ...
Блоглар
20 октябр 2020
Бундан ўн йил илгари пойтахдаги ўртача иккита амалдор тушликка бир миллионга яқин пул сарфлашини эшитиб ...
15 октябр 2020
Ўнта роман ёзай, элликта шеърий тўпламим нашр этилсин, ёзганларим дунёнинг барча йирик тилларига таржима қилинсин, ...
24 сентябр 2020
Сўнгги пайтларда мендан энди мигрантларнинг тақдири қандай бўлиши ҳақида тез-тез сўрашмоқда. Айримлар Россиядан қайтаётган ишсиз ...