Россияда 74 ёшли аёлни ўлдириб, жасадини таҳқирлаган ўзбек қўлга олинди
Бу воқеа 2011 йилда Москванинг Битцево боғида содир бўлган эди. Ўшанда номаълум шахс Чертаново туманида яшовчи 74 ёшли аёлга ҳужум қилиб, уни шафқатсизларча ўлдирган. Жиноятчи бу билан тўхтамай, марҳуманинг жасади билан жинсий алоқа қилиб, уни таҳқирлаган.
Мудҳиш жиноятни содир этгандан сўнг, гумонланувчи дарҳол Россияни тарк этиб, ўз ватани — Ўзбекистонга қочиб кетган. Узоқ йиллар давомида у қилмиши унутилган ва изи йўқолган деб ҳисоблаб келган. Бироқ, орадан 12 йил ўтиб, яна пул топиш мақсадида Россия пойтахтига қайтиб келган.
Жиноятчи Москвада ўтказилган навбатдаги миграция рейди вақтида қўлга олинди. Замонавий технологиялар ва криминалистика ривожлангани сабабли, унинг шахси дарров аниқланган.
Жиноят содир этилган жойдан олинган намуналар қўлга олинган шахснинг ДНКси билан тўлиқ мос келган.
Ҳозирда гумонланувчи ўз айбини тан олган ва унга нисбатан тегишли жазо чоралари кўрилмоқда.
Бу каби воқеалар нафақат бир шахснинг фожиаси, балки бутун миллат имижига тушаётган қора доғдир.
Бугунги кунда юзлаб ватандошларимиз хориж қамоқхоналарида айнан сексуал зўравонлик ва оғир жиноятлар учун жазо ўтамоқда. Бу эса ҳар бир муҳожир учун хулоса чиқарадиган аччиқ ҳақиқатдир.
