Фурқат йўл хўжалигида коррупция иддаолари
Фарғона вилояти Фурқат тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ходимлари раҳбариятга нисбатан оғир айбловларни илгари сурмоқда. Элтуз таҳририятига йўлланган мурожаатда улар ташкилот раҳбари Музаффаржон Исомиддинов ва унга яқин шахсларни давлат маблағларини ўзлаштиришда, хизмат мавқеидан фойдаланишда ҳамда бюджет ҳисобидан олиб келинадиган техника ва ускуналарни шахсий манфаатлари йўлида ишлатишда айбламоқда.
Мурожаатда ёзилишича, 2022 йилда раҳбар лавозимига тайинланган Исомиддинов аввалги раҳбариятдан қолган техника ва ускуналарни сотиб юбориб, ўрнига фойдаланиб бўлмайдиган воситаларни жойлаштирган.
Хусусан, корхона балансидаги ЗИЛ автомашинаси қонуний асосларсиз сотилган ва унинг ўрнига хўжалик ишлари учун яроқсиз машина олиб келинган. Шунингдек, махсус автогрейдер эҳтиёт қисмлари раҳбарга тегишли “DREAM STORY IMG” хусусий компаниясига ўтказилгани, давлат мулки бўлган техника эса ишламайдиган ҳолатга келтирилгани айтилади.
Ходимларнинг таъкидлашича, бундай схемалар давлат муассасаси техникаси ноқонуний равишда ишламаслигини таъминлаб, пудрат ишларини амалга ошириш учун бюджетдан катта маблағ ажратилишига йўл очади. Кейинчалик бу маблағлар ҳужжатбозлик орқали ўзлаштирилади.
Коррупция иддаолари орасида йўл таъмири ишларига ажратилган маблағларнинг талон-торож қилиниши ҳам бор.
Мурожаатда айтилишича, 2023 йилда Чирқай қишлоғида амалга оширилиши керак бўлган асфалтлаш ишларида битум моддаси умуман ишлатилмаган, бироқ ҳужжатларда бунинг учун маблағ ажратилган деб кўрсатилган.
Бундан ташқари, 2024 йилда 4К 926 йўли учун 351 миллион сўм ажратилган, лекин бу маблағга ҳеч қандай иш бажарилмаган. Йўл таъмирлаш ишлари бўйича пудратчи ташкилотлар билан сохта ҳужжатлар тайёрланиб, иш бажарилмаган бўлса-да, пудратчиларга пул ўтказилгани ҳақидаги ҳужжатлар мавжуд.
Ходимлар раҳбар билан бирга иш кўрган асосий шахслардан бири – қурилиш пудрат ишлари бўлим бошлиғи Собиров Турсунбек эканлигини таъкидламоқда. Унинг ҳам йўл таъмири, асфалтлаш ва пудрат ишлари бўйича молиявий ҳужжатлар сохталаштирилишида иштирок этгани айтилади.
2024 йилнинг август-сентябрь ойларида Назорат-тафтиш бошқармаси томонидан ушбу корхонада текширув ўтказилган ва жиддий молиявий камомадлар аниқланган.
Бу ҳақда тузилган далолатнома Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига топширилган, аммо ҳозиргача ҳеч қандай чора кўрилмаган.
Мурожаатда раҳбариятнинг юқори лавозимли шахслар билан таниш-билишчилик алоқалари борлиги таъкидланиб, бу ҳолат тергов ва текширув ишларини сустлаштириши мумкинлиги қайд этилган.
Ходимлар ўз шахсияти ошкор этилмаслигини сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан вазиятни холисона ўрганишни талаб қилмоқда.
Улар адолатли текширув ўтказилмас экан, масалани республика даражасида кўтаришга тайёр эканликларини билдирган.