Тошкентда 70га яқин ўқитувчи совуқда ишлашга мажбур қилинмоқда
Тошкент вилояти Педагогик маҳорат маркази жамоаси ўзларининг оғир иш шароити ҳақида мурожаат билан чиқишди.
Уларнинг айтишича, марказ жойлашган бино қиш фаслига мутлақо тайёр эмас – иссиқлик тизими умуман ишламайди, электр тармоғи эса тез-тез узилиб туради.
2024 йил декабрь ойида марказ Тошкент шаҳридаги янги бинога кўчиб ўтган. Аммо шу кундан бери 600 нафардан ортиқ тингловчи ва 70 га яқин педагог-ходимлар ҳар куни соат 17:00 га қадар муздек хоналарда ўтиришга мажбур бўлаяпти.
Энг ачинарлиси, педагоглар ишга келмай қолса, эртасига раҳбарият улардан тушунтириш хати талаб қилади ва ойлик маошдан маблағ кесиб юборилади.
«Додимизни кимга айтайлик?» – дейди педагоглар.
Бу ҳолат юзасидан масъул идоралар қандай чора кўради? Ўқитувчилар учун инсоний шароитлар яратиладими? Элтуз ушбу вазиятни кузатишда давом этади.