ТЎРТКЎЛНИ ЧИГИРТГА БОСДИ
Ўзбекистонда шу йил чигирткалар учун баракали йил бўлди. Бундай баракадан тўрткўлликлар ҳам баҳра олишмоқда.
Айтишларича, чигирткалар кундузи мева-чева, деҳқончилик маҳсулотларини еб битириб, тунда чироқ ёнидаги одамлар дастурхонларига ҳужум қилмоқда. Маҳаллий аҳоли чигирткаларга қарши курашишда ожизлик қилмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистонда чигирткага қарши бепул дорилар тарқатилмоқда. Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида чигирткаларга қарши кимёвий тозалаш ишлари аллақачон ўтказилган бўлса, ҳозир Жиззахда ҳам дорилаш бошланган.
Мутахассислар чигиртка билан зарарланиш ҳақида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига хабар беришни сўрамоқда.
“Ўсимликларингизни чигирткаларга ем қилиб қўйманг” деган мазмунда хабарлар тарқалган. Аммо афтидан бу ёрдам тўрткўлликларга етиб бормаган кўринади.
– Масъуллар бунга кўз юммоқда. Чигирткаларга қарши ҳатто текин дори у ёқда турсин пулга ҳам дори тополмаяпмиз. Деҳқончилик ишлари ҳам орқага кетди. Меваларни ҳам чигирткалар еб битирди,
– дейди Элтуз суҳбатлашган тўрткўллик деҳқон.