«Гулнор» 2-қисм, Тошкент билан юзлашув
Аxмад Бейжон Эржилосун
Тошкент билан юзлашув
Учоқ пастлай бошлаганда қуёш нурлари Ўғузнинг юзига тушдива кўз қабоқларини оралади. Озгина мудраган экан. Учоқ шарққа қараб учаркан, қуёшнинг изидан етиб олганди гўё. Ўғуз шу топда умрининг энг қисқа кечасини яшаган эди.
Ўнг тарафда, олдинроқда ўтирган Ойша хонимнинг кўзлари ҳамон юмуқ эди. Сомий Ошқин эса дарчадан осмонни томоша қиларди. Унинг ёнидаги Эрйигит домла ҳам. Ўрхон Нодий эса Оқтош профессор Тўрага бир нарсани тушунтираётганди, лекин Тарик Тўра унга унча эътибор бермасди. Ўғузнинг ёнида ўтирган Комилхўжа хамон теран уйқуда эди, сал ёнга қийшайган ҳам эди.
Профессор Ойдамир учоқнинг олд қисмида оёқда туриб, стюардеса қизлар билан гаплашиб турарди. Кейин у ортга қараб юрди ва Комил Арслоннинг елкасига қўлини қўйди:
–Уйғон, Комил, ярим соатдан сўнг Tошкентда бўламиз!, — деди.
Комил Арслон билан бирга профессор Ойша Қилич ҳам уйғонди. Сўнар Ойдамир уларга қараб хитоб қилди:
–Ўҳ-ў, буларга қаранг, умрлари уйқуда кечаяпти. Йилларча биз бу фурсатни кутмаганмидик? Қани, туринг, бир оздан сўнг Tошкент билан юзлашамиз!
Ўрхон Нодий Оқтош орага кирди:
– Сен қайси фурсатни кутгандинг, ўғлим. Асли кутган Mаҳмат. Унга қара, Кўзларини дарчадан ололмаяпти. Ниҳол Отсизнинг романларини илк бор ўқиганидан бери Ўрта Осиёни орзу қилади шўрлик. Мен аминманки, ҳозир у ўзини Буғу Алп ўрнида ҳис қилаяпти.
Профессор Эрйигит Ўрхон Нодийга секин қайрилиб қаради ва енгил табассум билан жавоб берган бўлди.
– Сен “Бўзбўрининг ўлими” романини қачон ўқиганимни биласанми? Сизлар кўчада чиллак ўйнаган пайтингизда биз роман ўқир эдик, ўғлим, — деди Сўнар Ойдамир ҳазиллашиб Ўрхон Нодийга.
Ўғуз Думан бу домлаларни жиддий одамлар деб тасаввур қилганди. Чиллак ўйини ҳақидаги сўзлар улар билан янада самимийроқ алоқа ўрната олишига бир ишорат эди. Мана, Ойдамир хўжа унга қоқитаяпти:
– Қаранг, бу ерда Ўғуз бор. Ичимизда энг омадлиси шу. Ҳеч орзу-хаёл қилмасданоқ “гуп” этиб Ўрта Осиёга бориб тушаяпти. Шундай эмасми?
– Албатта, омадлиман, хўжам. Яна икки карра омадлиман. Сизлар билан бирга бўлиш яна бир омад деди устозининг гапларидан руҳланиб Ўғиз Думан.
– Менга қара, Сўнар, нима қилсанг ҳам бу боланинг аxлоқини бузолмайсан. Сенинг дағал сўровларингга бераётган адабли жавобларига қара! — деди сал киноя билан профессор Эрйигит Сўнар Ойдамирга юзланиб.
Ўғуз енгил табассум қилди. Ичида Сўнар хўжани ҳақли деб санарди. Агар Сўнар хўжа шундай очиқ-сочиқ гаплашмаганида ўзини устозларига яқин ҳис этолмасди. Аслида, профессор Эрйигитни “гапиртирган” ҳам Сўнар хўжа эди.
Йўловчилар камарларини тақдилар. Учоқ Tошкент устида пастлай бошлади. Дарча ёнида ўтирганлар кўзларини пастга тикишганди.
Ўғуз тағин белидаги камарини ушлаб қўйди. Аслида у шу топда Tошкентга парашютда сакрашни xоxларди.
Учоқ тўхтаганида йўловчиларнинг бир қисми қўзғолиб ўрнидан турди. Ўрхон Нодий билгич овоз билан уларга сасланди:
– Ўтиринг, оғайнилар барибир фақат ярим соатдан кейингина учоқдан туша оласизлар.
Ҳақиқатан ҳам, йўловчилар ярим соат учоқда ўтиришга мажбур бўлдилар. Учоқ ҳавода экан, зерикмаган одамлар учун шу ўттиз дақиқа бир қийноққа айланганди.
Сўнар Ойдамир Сомий Ошқинга деди:
– Етар ўғлим, шунча ташқарига қараганинг, биз томонга ҳам қараб қўй, юзингни кўрайлик!
Ўрхон Нодий пичинг қилди:
– Сомийни гапиртиролмайсан. У ҳозир Tошкентда қанча пул харжлаяжагини ўйлаяпти.
Шу ерда Сомий Ошқин ортиқ чидай олмай гапириб юборди:
– Бу Ўрхон доим шунақа, деди у ва Ўрхонга ўгирилиб, — сен ўз ишингга қарасанг-чи, ўғлим!
Лекин Ўрхон Нодийнинг чиндан ҳам “ўзи билан иши йўқдай эди”. Унинг юзидаги чизиқлар ўзидан мамнун эканини кўрсатиб турар, ҳазилкашликни давом эттириш учун дўстлардан кўмак истарди гўё.
Ўғуз бу пайтда домлалариининг ўзаро муносабатлари ҳақида ўйлар, уларнинг бир-бирига яқинлик даражаларини ўлчаб кўришга ҳаракат қиларди.
Комил хўжа, Ўрхон Нодий ва Cомий Ошқин Истанбулдан бўлиб, бир бўлимда ишлардилар. Ойша Қилич, Тариқ Тўра ва Mаҳмат Эрйигит анқаралик эдилар. Cўнар хўжа эса Элазик ёки Қайсаридан эди. Аммо домлаларнинг бир-бирига яқинлиги улар яшаган ерга асло боғлиқ эмасди. Ўрхон Нодий билан Сўнар Ойдамир бир-бирига анча яқин эдилар. Кўп гаплашишмаса-да, Эрйигитнинг ҳам уларга яқинлиги сезилиб турарди. Уларнинг ёшлари ҳам яқин эди зотан. Ойша хоним уларнинг ҳаммасига бир хил узоқ ва бир хилда яқин эди. Ҳамма Ойша хонимни қаттиқ ҳурмат қилар, аммо бу уларнинг олима аёлга бўлган самимиятига халақит бермасди.
Тариқ Тўра ҳеч ким билан гаплашмасди. У ҳудди бу гуруҳда эканидан пушаймон эди, ёки бу гуруҳдагиларга нисбатан менсимаслик бор эди унда.
Ўғуз шулар ҳақида ўйларкан, одамлар учоқнинг чиқиш эшигига қараб йўналди. Зинапояга илк қадам ташлаган Сўнар хўжа эди. У чуқур нафас олиб “оҳ!”, деб юборди. Эрйигит Ойша хонимга зинапоядан тушаркан ёрдамлашган бўлди. Сал нарида ҳайъатни кутаётган бир гуруҳ кишилар турарди. Баъзиларининг кўлида гуллар бор эди. Миллий кийим кийган иккита қиз юмалоқ нонни кўтариб туришарди. Бир ёш йигит кўтариб турган картон қоғозда “Халқаро Туркология Конференцияси”, деб ёзилганди. Ўрхон Нодий олдинга чиқиб:
– Бу ёқдамиз, дўстлар!, — деди кўтаётганларга хитобан ва мезбонлардан ўрта ёшдаги биттасининг қўлини сиқиб, ўзини таништирди. Кейин бошқа биттасига ўгирилди:
– Ў-ў, Абдураҳмонов, бу ерда ҳам кўришмоқ бор экан тақдиримизда, — дея Абдураҳмоновни қучоқлади. Кейин ўз вазифасини эслаб, турк ҳайъатидаги олимларни ўзбек мезбонларга битта-битта таништирди. Ўша юмалоқ нондан бир парча синдириб, тузга ботирди ва оғзига отди:
– Шукри Элчиннинг “туз-экмак ҳаққи” номли мақоласи эсингизда борми?, — деди у ва ҳар кимнинг қўлидан ушлаб, нондан синдиришга ундади. Айни пайтда ўзбекларга Элчин хўжанинг ўша мақоласини тушунтира бошлади.
Ўзбеклар гулларни профессор Oйша Қиличдан бошлаб, ҳаммага улашиб чиқди.
Ўғуз Думан профессор Эрйигит хўжани зимдан кузатиб турарди. Олимнинг кўзлари намлангандай туюлди унга. Mаҳмат Эрйигит атрофига бир ҳасрат билан боқарди.
Сўнар хўжа эса ердан бир чечак гул топди ва уни сумкасига солди.
Ҳамма автобусга минди. 25 ёшлардаги 5-6 та йигит-қизлар автобуснинг олдинги ўриндиқларига ўтириб, ўзларининг аспирант эканликларини, меҳмонларга “йўл кўрсатувчи” бўлишларини билдиришди. Улардан бири инглиз тилида йўлдаги бино ва бошқа нарсалар ҳақида билги бера бошлаганди, Сўнар Ойдамир унинг сўзини бўлиб деди:
–Ўзбекча гапиравер, биз яхши англаймиз.
Шундан сўнг йўл кўрсатувчи тутилиб-тутилиб оғир оғир ўзбекча гапириб, тушунтира бошлади.
Ўғуз Думаннинг кўзи Тариқ Тўранинг аччиқ нигоҳига тушди. Бу одам Ойдамирнинг даккисидан мамнун бўлмаганди.
Бирдан Комил хўжанинг овози янгради:
–Бизнинг Ўрхон домла қаерда, кўрган борми оғайнилар?
–Сен ташвишланма, у ишнинг кўзини билади. Аллақачон президентнинг аравасига мингган бўлса ажаб эмас, — деди профессор Ошқин.
Сиз турк ёзувчиси Аxмад Бейжон Эржиласуннинг Гулнор романи аудиокитоби иккинчи қисмини тингладингиз. Давомини Элтуз каналининг келгуси ёйинида кузатинг.