Туркияда ўнлаб ўзбек фоҳишалари қўлга олинди
Туркиянинг Бўлу, Алания ва Трабзон вилоятларида хавфсзилик кучлари ўтказган амалиëтда ўнлаб ўзбек фоҳишалари қўлга олинди. Таътил мавсуми боис танфурушлар иши жадаллашган.
Туркия шимоли-ғарбидаги Бўлу вилояти хавфсизлик хизмати ўтказган тадбир давомида 6 нафар ўзбекистон ватандоши пул эвазига секс хизмати кўрсатаётган пайтда қўлга олинган.
–Ўзбекистон ватандошлари тери-таносил касалликлари диспансерида текширувдан ўтказилди. Жарима ва депортация қилинадиганлар ҳибсхонасига жойлаштирилди. Улар ўз ватанларига чиқариб юборилгач, беш йил давомида Туркияга қайтиб кела олмайдилар, – деди турк расмийси.
Унга кўра, ўзбек фоҳишалари Қорачайир маҳалласидаги бир паркда жинсий алоқа учун пул олаëтган пайтда қўлга олинган. Туркияниг Алания ва Трабзон каби вилоятларида ҳам ўзбек фоҳишалари қўлга олинган.
Алания хавфсизлик хизмати зобитининг айтишича¸ улар орасида «фоҳишалик қилгани учун Туркиядан чиқариб юборилган, аммо айланма йўллар орқали яна Туркияга қайтиб, яна танфурушликни бошлаб юборганлар бор».
– Пул эвазига секс қилаëтган пайтида ушланганларнинг қўлида ўзбек паспортлари бор.
Жинсий алоқага мажбурланган 30 яшар аëл нинг айтишича, афғонистонлик ўзбек эркаклари иш топиб берамиз, деб алдаб, бир хонага қамаб, гуруҳ бўлиб зўрлашган.
– Иш излаб келувдим. Иш берувчиларнинг ҳаммаси «агар мен билан ëтсанг, ишга оламан,» деган тагдор гап қиларди. Яшириб нима қилай, ўшанақа патронлар билан дам олган пайтим ҳам бўлди. Аммо афғонистонлик ўзбеклар мени алдаб ўша ишни қилди. Полицияга айтсам, бу ерда яшаш учун 90 кунлик муддатинг ўтиб кетибди, деб мени ўзимни қамаб қўяди. Жабрланиб қолганим бир алам қилса ўз миллатдошим зўрлагани яна бир алам дейди, – деди у.
Эҳтиëж яратган талаб
Ўз истаги билан Туркияга бориб қисқа муддат фоҳишалик қилишга руҳан тайëр бўлган 27 яшар тошкентлик қизнинг гапи :
– Отам ташлаб кеткан¸ онам ўлган. Биттаю битта акам хотинчасини гапи билан мени уйдан ҳайдаб юборди. Сен камбағалсан деб, эрим ҳам ҳайдаб юборган. Етти яшар ўғлим билан ижарама-ижара юрибман. Энагалик, супур-сидир қилиб пул топаман. Сени никоҳимга оламан савоб учун деб, алдаб бир кеча ҳирсини қондириб, кетганлар билан ҳам юзлашдим. Мен унақа ëмон қиз эмасман¸ лекин шароит мени мажбур қиляпти. Мендан ҳам бадрўй қизлар Дубайга бориб пул топиб келяпти. Менам бораман, ўша Туркиясига. Лекин квартирага пул ишлаб бўлиб бу ишни тўхтатаман. Иложи бўлса ҳалол меҳнат қиламан, – деди у.
Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбек қиз-жувонларини фоҳишаликка мажбурлаган тармоқнинг 35 яшар ўзбекистонлик қўшмачи тўдабошиси ўтган йили қўлга олинган эди.
Кейинги бир неча йил давомида Ҳиндистон, Таиланд, БАА, Малайзия ва Туркия давлатлари полиция идоралари ўзбекистонлик фоҳишалар билан боғлиқ юзлаб ҳолат борасида тафтиш ўтказган.