Жазони ижро этиш тизимида коррупция даъволари
Элтуз манбаларига кўра, Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти тизимида йиллар давомида коррупциявий схемалар шаклланган бўлиши мумкин. Хусусан, департаментнинг собиқ раҳбари сифатида тилга олинаётган полковник Турсунов Рустам Раҳмонович ҳамда унинг яқин ҳамкори деб кўрсатилаётган полковник Қодиров Завқиддин Ғайбуллаевич фаолияти юзасидан жиддий даъволар илгари сурилмоқда.
Манбаларнинг айтишларича, Қодиров Завқиддин аввал Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш тизимида раҳбарлик лавозимида ишлаган. Коррупция билан боғлиқ ҳолатлар сабаб ишдан олинган. Шунга қарамасдан, кейинчалик у Турсунов Рустам Раҳмонович томонидан яна юқори лавозимга тайинланган.
Манбалар ушбу икки мулозим орқали Навоий, Самарқанд, Бухоро, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги жазони ижро этиш муассасаларига озиқ-овқат маҳсулотлари бозор нархидан анча қиммат баҳоларда, таниш тадбиркорлар орқали етказиб берилганини даъво қилмоқда. Бу жараёнда тадбиркорлардан ноқонуний равишда “откат” пуллари олингани, маблағлар эса Қодиров Завқиддин орқали йиғилиб, Турсунов Рустамга етказилгани айтилмоқда.
Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида ишлаб чиқарилган ғишт, оҳак ва бошқа қурилиш материаллари ҳам манфаатдор шахслар томонидан ўзлаштирилгани ҳақида маълумотлар келтирилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган Жаслиқ колониясининг Навоий вилояти Зарафшон шаҳрига кўчирилган. Янги турма муассасаси қурилиши ёпиқ тендер орқали Навоий шаҳрида рўйхатдан ўтган, Қизилтепа туманига мансуб бўлган “Шарқ қурилиш” хусусий корхонасига берилган. Манбаларга кўра, ушбу корхона раҳбари сифатида Шуҳрат исмли тадбиркор тилга олинади ва у Турсунов Рустам Раҳмонович ҳамда Қодиров Завқиддин билан яқин алоқада бўлган.
Бундан ташқари, Навоий шаҳри, Қизилтепа тумани ва Зарафшон шаҳрида жойлашган жазони ижро этиш муассасаларига озиқ-овқат маҳсулотлари бир неча йил давомида ҳеч қандай тендер ўтказилмасдан, бозор нархидан юқори баҳоларда етказиб берилгани ҳақида даъволар мавжуд.
Кўчмас мулк масаласида ҳам қатор қоидабузарликлар тилга олинмоқда. Айтилишича, Тошкент шаҳри ва Навоий шаҳри ҳудудларида қурилган кўп қаватли уйлардан квартиралар уй-жойга муҳтож бўлмаган айрим ходимларга арзон нархларда, таниш-билишчилик асосида тақсимланган. Бу жараёнлар ҳам Турсунов Рустам имзоси билан амалга оширилгани иддао қилинмоқда.
Манбалар, шунингдек, Турсунов Рустам ва Қодиров Завқиддин номига ёки уларга яқин шахслар, жумладан, Қодиров Завқиддиннинг шаръий никоҳида бўлган Ҳуррият исмли аёл, шунингдек Турсунов Рустамнинг шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи Феруза исмли аёл номига Навоий ва Тошкент шаҳарларида квартиралар, ер участкалари ҳамда бошқа қимматбаҳо мол-мулклар расмийлаштирилганини таъкидламоқда.
Юқорида келтирилган маълумотлар юзасидан Элтузда ҳозирча ваколатли идоралар расмий муносабати мавжуд эмас.
