Бир айб учун икки жазо: Маъмурий қамоқ «ўйинчоқ»қа айландими?
Сўнгги пайтларда маъмурий қамоқ айрим ҳудудларда қонунни таъминлаш воситаси эмас, балки босим механизмига айланиб қолди. 10-15 сутка қамоқ жазоси профилактика чораси эмас, муаммони тез ёпиш усулидек қўлланяпти.
Айниқса, ишсизлик сабаб даштга чиқиб, ноқонуний олтин қазиш умиди билан юрган ёшлар бу тизимнинг асосий нишонига айланган. Амалиёт деярли бир хил сценарий бўйича кетяпти.
Даштда бир гуруҳ йигит ушланади. Масалан, 15 нафар. Уларга нисбатан дастлаб Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194 ва 195-моддалари қўлланади ва суд орқали 15 сутка маъмурий қамоқ тайинланади.
ИИБ ходимлари эса очиқдан-очиқ “жазонг шу, шу билан иш тугади” деб алдайди. Шу сабабли йигитлар судга бориб, айбни баҳссиз тан олади. Адвокат, эътироз, ҳуқуқ ҳақида ўйламайди.
Аслида, қонунга қаралса, бу ерда оддий савол туғилиши керак: даштда, ярим кечаси қандай “оломон” бўлиши мумкин? 194-модда биринчи марта содир этилган ҳолатда тўғридан-тўғри қамоқни назарда тутмайди. 195-модда эса мазмунан оммавий даъват, оммани ички ишлар ходимларига бўйсунмасликка чақириш ҳақида. Якка ёки кичик гуруҳнинг ушланиши бу диспозицияга тўғри келмайди.
Агар судьяда мустақил фикр бўлса, бундай материаллар ИИБга қайтарилиши керак эди. Лекин амалиётда бундай бўлмаяпти. Қайтариш ўрнига қамоқ тайинланмоқда. Гўёки мақсад – қонунни қўллаш эмас, “рекорд” янгилаш.
Энг оғир томони, бу билан иш тугамайди. 15 сутка қамоқда ўтириб чиққан йигитлар ором олмайди. Кўпчилиги ишсиз, рўзғор боқиши керак. Орадан кўп ўтмай, терговчилар чақириб бошлайди.
Йигитлар ҳайрон: “Биз жазони ўтаб келдик-ку?” Лекин жавоб тайёр бўлади: “Сен рўда тош кавлаганинг учун эмас, ИИБ ходимларига бўйсунмасликка оломонни даъват қилганинг учун маъмурий қамоқ олгансан. Энди эса рўда ўғирлаганинг учун жиноий жавоб берасан.”
Шундан кейин 3 ой тергов, ортидан яна 2 ой суд. Якунда деярли ҳаммасига бир хил ҳукм: Жиноят кодексининг 196-2-моддаси 2-қисми “б” банди, яъни “бир гуруҳ шахслар томонидан” деган асос билан 3 йил озодликни чеклаш жазоси. Пахтачи туманида сўнгги бир йил ичида камида 400–500 нафар фуқаро айнан шу схема асосида судлангани ҳақида гап кетяпти.
Бу ерда энг хавфли жиҳат – бир хил ҳатти-ҳаракат учун аввал маъмурий, кейин эса жиноий жавобгарликка тортиш амалиётининг одатга айланиб бораётганидир. Бу эса ҳуқуқий давлатнинг энг асосий тамойилига зид.
Қонун инсонни икки марта жазолаш учун эмас, адолатни таъминлаш учун хизмат қилиши керак. Озодликни чеклаш жазоси қоғозда “уйда ухлаб юрадиган енгил жазо”дек кўринади.
Амалда эса бу деярли тўлиқ қамоқ. Ҳозирги чекловлар билан инсон нафақат кечаси, балки кундузи ҳам уйидан чиқмаслиги керак. Фақат иш ёки ўқишга бориш ва келиш вақтида рухсат бор.
Иш топишнинг ўзи муаммо бўлган шароитда бу жазо одамни ижтимоий ҳаётдан бутунлай узиб қўяди. Натижада ижтимоий муаммо жиноятга айланяпти, жиноят эса статистикага. Суд эса адолат мезони эмас, жараённинг охирги муҳридек ишлаяпти.
Агар бу амалиётга жиддий ҳуқуқий баҳо берилмаса, эртага маъмурий қамоқ ҳам, жиноий жавобгарлик ҳам қонунни муҳофаза қилиш воситаси эмас, оддий қўрқитиш усулига айланиб қолиши мумкин.
