Ўзбекистонда ёшлар нега ҳарбий хизматга боришни хоҳлашмаяпти?
Ўзбекистонда ҳарбий хизмат барча 18-27 ёшдаги эркаклар учун мажбурийдир. Меҳнатга ҳақ тўлаш тизими жорий этилган бўлса-да, ёшлар орасида чақирувга қизиқиш йилдан-йилга камайиб бормоқда.
Айрим ёшлар армия ҳақида ижобий тасаввурга эга эмас. Интизом, жисмонан талабчанлик, кун тартиби қатъий режага асосланиши, оғир тактик тайёргарлик, хизмат вазифалари жуда қаттиқ белгиланганлигини ўта оғир жараён деб ҳисоблашади.
Айримлари эса ўз “комфортидан” чиқиб кетгиси келмайди. Ўзини ижтимоий тармоқлардан узилиб қолишини, маълум муддат телефонсиз яшашни, эрта ухлаб, эрта туришни тасаввур қилолмайди. Армия замонавий тил билан айтганда «Z» авлод учун қўрқинчли маскан. Улар учун армия оғир ва кераксиз нарса ҳисобланади.
Яқин йилларгача ҳарбий хизматларга чақирувдан қочиш учун пора тўлаш ҳолатлари кузатилган, бу тизим одамларни янада ўзидан узоқлаштирган.
Ёшлар орасида Совет давридан қолган қаттиқ “грозний” ҳақида гап-сўзлар тарқалган, улар армияда қаттиқ босим ва психологик қийинчилик бўлишидан хавотирда яшашган.
Замонавий ёшлар кўп вақт ва имкониятларини чет элда ишлаш, технология соҳасида фаолият юритиш ва хусусий секторда катта даромад топишга сарфлашни истайди. Мажбурий хизмат бу имкониятлардан узоқлаштиради, ҳам вақтдан, ҳам моддий томондан ортда қолади.
Ҳарбий хизмат тизими замон талаблари билан ўзгариб бормоқда. Ҳукумат ва мудофаа идоралари хизматнинг самарадорлигини ошириш, коррупцияни камайтириш ва ҳарбий соҳани жозибадор қилиш учун бир қатор чоралар амалга оширмоқда.
Қисқа муддатли хизматлар ва ихтиёрий контракт хизматларини ўташ анча ениллашган.
Бундай тизимлар ёшларга бир йиллик эмас, қисқа муддатли (масалан, бир ойлик) хизматдан ўтиш имкониятини беради.
Танлов асосида чақирув тизими модадан қолди. Ҳозир маҳаллаларга юборилган чақирув қоғозларни ҳеч ким писандига илмайди.
Бунда соҳанинг жозибадорлигини ошириш учун нима қилиш керак, деган савол туғилади.
Ҳарбий хизматни жозибадор қилиш учун бир қатор комплекс чоралар талаб этилади. Моддий рағбатлар ва ижтимоий ҳимоялпрни ошириш керак. Меҳнатга ҳақни янада кўпроқ тўлаш керак. Контрактсиз хизматдагилар учун ҳам моддий рағбатлар ва имтиёзлар бериш лозим. Судланмаган хизматчилар учун ижтимоий кўмак (оғир шароитларда хизмат учун устамалар, солиқ имтиёзлари, ипотекада имтиёзлар) лар бериш керак.
Ҳарбий хизматни касбий йўналиш ва тажриба сифатида танитиш лозим. Армияда хизмат шароитларини модернизация қилиш, соғлиқни сақлаш, психологик қўллаб-қувватлаш тизимларини кучайтириш керак. Бу хизматни фақат қийин тажриба эмас, балки ривожланиш платформаси сифатида кўриш керак.
Энг асосийси, ёшлар орасида ҳарбий хизматнинг ижобий ва афзаллик томонларини кўрсатадиган ахборот кампанияларини йўлга қўйиш, зарур санъат ва медиа маҳсулотлар орқали уларни армияга қизиқтириш керак. Аслида армия тизими ичига кирган сари шунчалар гўзал ва жозибадор. Бироқ уни медиа контент кўринишида батафсил очиб берадиган мутахассис йўқ. Бунда тизим ёпиқлигини ҳам катта тўғаноқ бўлаётган бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда ёшлар ҳарбий хизматга қизиқиши (қайтиши) ҳам тизимни ривожига, ҳам келажакка ишонч уйғотади. Ҳарбий соҳанинг келажаги эса замон талаблари ва миллий хавфсизлик эҳтиёжларига мос равишда профессионал ҳарбий хизматчиларни мавжудлиги билан ўлчанади.
