Сув омборини кенгайтириш — қурғоқчиликка ечимми ёки экологик таваккал?
Ўзбекистон ҳукумати Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманида жойлашган “Рўзибой” сув омбори сиғимини ошириш режасини илгари сурмоқда. Ушбу ташаббус Ўзбекистон Президентининг сув хўжалигини модернизация қилиш бўйича топшириқлари доирасида амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда мақола чоп этган “Бизнес Туркменистан” нашрининг ёзишича, Ўзбекистон ва Туркманистон чегарасида жойлашган сув ресурсларини бошқаришга оид мазкур муҳим лойиҳа нафақат ҳудудий, балки трансчегаравий аҳамиятга ҳам эга.
Лойиҳадан кўзланган мақсад – сув ресурсларини янада самарали бошқариш, қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлашни яхшилаш ҳамда сув омбори сиғимини ҳозирги ҳажмидан сезиларли даражада оширишдан иборат.
Сув омбори Туркманистон билан чегарадош ҳудудда жойлашгани икки давлат ўртасидаги сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятини кўрсатади.
Сув танқислигига энг кўп дуч келаётган ҳудудлар
Хоразм вилояти, Қорақалпоғистон ва Туркманистоннинг айрим ҳудудлари иқлим ўзгариши сабабли сув танқислигига энг кўп дуч келмоқда. Сув омборининг кенгайтирилиши вегетация даврида, яъни экин экиш мавсумида, қўшимча сув захирасини яратишга ёрдам беради.
Мақолада таъкидланишича, мазкур масалалар икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар ва келишувлар асосида амалга оширилмоқда. Бу Марказий Осиёдаги “сув дипломатияси”нинг ижобий намунаси сифатида баҳоланмоқда.
Қўшимча сув захираси янги ерларни ўзлаштириш ёки мавжуд экин майдонларида ҳосилдорликни ошириш имконини беради.
Иқтисодий зарурат ва эҳтимолий хатарлар
“Рўзибой” сув омборини кенгайтириш лойиҳаси бир қарашда техник ечим бўлиб туюлса-да, унинг атрофида турли иқтисодий, экологик ва геосиёсий мулоҳазалар мавжуд.
Ўзбекистон ҳукумати учун сув омборларини модернизация қилиш сув танқислиги шароитида омон қолиш стратегияси ҳисобланади. Бироқ экспертлар орасида бундай йирик гидротехник иншоотларга нисбатан танқидий ва эҳтиёткорона фикрлар ҳам билдирилмоқда.
Сув омборини кенгайтириш қўшимча захира яратади ва сув таъминотидаги беқарорликни камайтиради. Аммо айрим эколог ва иқтисодчиларнинг фикрича, янги сув омборлари қуришдан кўра, мавжуд сувнинг буғланиши ва фильтрациясига, яъни ерга шимилиб кетишига қарши курашиш самаралироқ ҳисобланади.
Очиқ сув омборларида, айниқса Хоразм каби иссиқ иқлимли ҳудудларда, улкан миқдордаги сув буғланиб, исроф бўлади. Экспертлар хулосаларига кўра, маблағни сув омборини кенгайтиришга эмас, балки далаларда томчилаб суғориш тизимларини жорий этишга йўналтириш мақсадга мувофиқ.
Экологик таъсир ва шўрланиш хавфи
Лойиҳа ерларни сув билан таъминлаб, ҳосилдорликни ошириши ижобий натижадек кўринса-да, бу борада экспертларнинг мутлақо қарама-қарши фикрлари ҳам мавжуд. Қуйи оқимда жойлашган ҳудудларда сув сатҳининг сунъий бошқарилиши экологик мувозанатни бузиши мумкин.
Сув омбори атрофида сизиб чиқувчи сувлар грунт сувлари сатҳини кўтариб, атрофдаги экин майдонларининг шўрланишига сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Амударёнинг қуйи оқимидаги табиий экотизимлар, жумладан тўқайзорлар, сув оқимининг ўзгаришига жуда сезувчан ҳисобланади.
Трансчегаравий “нозик мувозанат”
Расмий нашрларда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги келишув минтақавий дўстлик рамзи сифатида кўп таъкидланса-да, бу борада нозик зиддиятлар ҳам мавжуд. Халқаро экспертлар фикрича, ҳар қандай трансчегаравий сув иншооти келажакда “сув учун рақобат” манбаига айланиши мумкин.
Туркманистон ҳам ўз ҳудудида йирик сув омборларига, жумладан «Олтин аср» кўлига эга. Икки давлатнинг сув захираларини кўпайтиришга бўлган интилиши Амударёнинг Орол денгизига бориб қуйиладиган сўнгги томчиларини ҳам камайтириб юбориши мумкин.
Юқоридаги фикр ва аргументлардан келиб чиқиб, “Рўзибой” сув омборининг кенгайтирилиши қисқа муддатли ечим сифатида муайян даражада зарур, дея баҳолаш мумкин. Ушбу лойиҳа минтақадаги экологик вазиятни барқарорлаштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлиши мумкин.
Туркманистон билан чегарадош ҳудудда бундай иншоотнинг кенгайтирилиши икки қўшни давлатнинг сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш борасидаги ўзаро ишончини акс эттиради. Аммо стратегик жиҳатдан бу чора фақат вақтинчалик ечим бўлиб қолиши эҳтимоли ҳам инобатга олиниши лозим.
Ҳақиқий барқарорликка эришиш учун Ўзбекистон Сув омборларида сув йўқотилишини камайтириш мақсадида замонавий қопламалардан фойдаланиши, бунга параллел равишда деҳқонларни сувни тежайдиган технологияларга ўтказишни рағбатлантириши лозим.
