close
close
Кўзқараш
8 январ 2026

Ибрат Сафо: Кичик Каримов ҳам бир кун келиб президентликка даъво қилади

close

Эронда Исломий ҳукуматга қарши йирик намойишлар бўлиши ғайриоддий нарса эмас. Мана тўққиз кундирки давом этаётган охирги норозиликларда яна одамлар ўляпти. Уларнинг кўплари инфляциядан, пул кескин қадрсизланишидан, босимлардан нолиб, хуллас пичоқ суякка тақилганидан кўчага чиққан. Лекин намойишчиларнинг “Реза Шоҳ, руҳад шод!” (Риза Шоҳ, руҳинг шод бўлсин) дея қичқираётганларини эшитиб, бироз ҳайрон бўлдим. Эронликларнинг баъзилари Оятуллоҳ ва муллалар ўрнига яна либерал Шоҳ қайтишига рози. Шоҳ албаттаки қайтмайди, у ўлган – лекин Америкада яшайдиган 65 яшар ўғли Реза Паҳлави кафтларини ишқалаяпти. У ҳатто Президент Трампга раҳматлар айтти ва ўзи Американинг ёрдами билан Эрон тепасига келса, ватани учун зўр дастури борлигини ёзди. Мадуро ишидан кейин яна илҳомланган бўлса, ажабмас. 

Шоҳ пайтида Эрон мисли кўрилмаган тезликда замонавийлашган, лекин бойлик асосан Шоҳнинг оиласида жамланарди. Паҳлави Жамғармаси банклар, меҳмонхоналар, цемент, қурилиш, қишлоқ хўжалигидаги юзлаб компанияларни бошқарган, Шоҳ қариндошлари давлат контрактлари ва монополияларга осонликча эга бўлган. Ва албатта, нефтдан келган йирик даромаддан ҳам оила асосий манфаатдор эди. Шоҳнинг САВАК (биздаги СНБ) хизмати мухолифларни тутиб қийнаш ё ўлдиришдан ташқари, журналистларга ҳеч кун бермаган – суҳбатга чақирувлар, ҳибслар, ишдан ҳайдалишлар, мақолани олдириб ташатишлар норма эди. 

Шунга қарамай, мабодо Исломий режим қуласа, наҳотки эронликлар яна ўша ўғриларни қайтарса, 90 миллиондан ошиқ эронлик орасидан наҳотки битта янги лидер топилмаса, деган савол туғилади. Гап шундаки, фалакнинг гардиши билан, диктаторларнинг боласи яна давлат тепасига келиши унчалик ғайриоддий ҳол эмас. Яқинда Перудаги шаманлар буни яна эсимга солди – улар 2026 йилда Кейко Фужимори президент бўлишини башорат қилишди. У – коррупция ва инсон ҳуқуқлари жиноятлари учун қамалган собиқ президент Алберто Фужиморининг қизи. У президентлик сайловида уч марта ютқазганига қарамай, мана тўртинчи марта яна ҳаракат қилмоқчи. 

Унданда йирик ўғирликлар ва жиноятларда айбланиб ағдарилган ва юртидан қочган Фердинанд Маркоснинг ўғли Бонгбонг эса омадли бўлган – у ҳозир Филиппин президенти. Отаси уни 23 ёшида вилоят ҳокими қилганди. Бутун оила сўнг Америкага қочган, ва Бонгбонг Швейцариядаги ҳисобидан 200 миллион доллар ечволишга уринганида пули музлатилган. Онасининг миллионлаб долларга тенг пойафзал коллекцияси ҳалигача диктаториал клептократиянинг энг ажойиб намуналаридан бири деб қаралади. Шунга қарамай, мана 115 миллионлик (анчаси қашшоқ) Филиппин аҳолиси орасидан президентликка арзийдиган бошқа ҳеч ким топилмаган. Автократларнинг насли ҳукуматга қайтишга уринишининг бошқа мисоллари ҳам кўп. 

Перулик шаман бўлмасам-да, башорати ожизимча, кичик Ислом Каримов ҳам бир кун қайтиб президентликка даъво қилади. Ўзбекистонликлар унинг мултимиллионер оила аъзоларини ҳозир қанчалар ардоқлаб сийлаётган бўлса, уни ҳам қулоч ёйиб кутиб олади.

(Журналист Ибрат Сафо)

Тағин ўқинг
10 май 2024
Мана хафта айланиб қаршингиздаман. Сиз билан гурунг қилиш, сиз балки ботиниб айтолмаган, аммо ичингизни кемираëтган гапларни айтишдан севинаман азизлар. ...
11 феврал 2023
Ўзбекистонда пахта етиштирувчи фермерлар тузган мустақил кооперативлар фаолияти амалдорлар амри ва қонунни ўзбошимчалик билан қўллаш йўли билан тўхтатилмоқда. 2019 ...
7 феврал 2018
Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов шўролар даврида республикани узоқ йиллар бошқарган Шароф Рашидовнинг номини гўёки оқлашга қаратилган ...
31 январ 2018
“Эрк” демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ “Элтуз” мухбири билан суҳбатда ўз тасарруфидаги маълумотларга асосланиб “Иноятов тарафдорларини заифлаштириш анча қийин ...
Блоглар
8 январ 2026
Эронда Исломий ҳукуматга қарши йирик намойишлар бўлиши ғайриоддий нарса эмас. Мана тўққиз кундирки давом этаётган ...
7 январ 2026
Мана янги йилдан бери ўткан 7 кун давомида кўчадаги хотинларди эмчагини мижиган ашинча рижол беш ...
6 январ 2026
Мен Николас Мадуро ҳақида нимадир ёзишни жуда хоҳлаган эдим, лекин аввало шундан бошлайманки, Ўзбекистон уни ...