Россияликлар оммавий равишда сифилисга чалинмоқда
Росстатнинг «Россияда соғлиқни сақлаш» тўплами маълумотларига кўра, охирги тўрт йил ичида Россияда захм (сифилис) билан касалланиш ҳолатлари кескин ошган. 2020 йилда бу касаллик тахминан 15,3 минг кишида инфекция қайд этилган. 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 25,1 мингга етди, бу эса 64,05 фоизлик ўсишни англатади. Энг юқори кўрсаткич 2022 йилда кузатилган бўлиб, ўшанда 27,8 мингта ҳолат аниқланган.
Статистикага кўра, захм касаллиги кўпроқ 40 ёш ва ундан катта бўлган эркакларда ташхисланмоқда. Ушбу ёш тоифасида касалланиш сони икки баравардан кўпроққа ошди — 2020 йилдаги 4,7 мингдан 2024 йилда 9,7 минггача.
Экспертлар касалликнинг умумий ўсишини кўпчилик беморларнинг ўз-ўзини даволаши ва кўпинча муолажаларни охиригача етказмаслиги билан изоҳлашмоқда.
«Ёмонга яқин юрсанг яроси юқар»
Ўзбекистондаги вазият Россиядаги трендларга ўхшаш бўлса-да, рақамларда ўзига хос фарқлар бор. Сўнгги йилларда (2017–2024 йиллар оралиғида) мамлакатда ҳам касалланиш кўрсаткичларида ўсиш кузатилган.
Ўзбекистондаги вазият Россиядаги трендларга ўхшаш бўлса-да, рақамларда ўзига хос фарқлар бор. Сўнгги йилларда (2017–2024 йиллар оралиғида) мамлакатда ҳам касалланиш кўрсаткичларида ўсиш кузатилган.
2023 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда захм билан касалланиш кўрсаткичи ҳар 100 минг кишига 8,9 та ҳолатни ташкил этган. Бу Россиядаги кўрсаткичдан қарийб икки баравар кам (Россияда тахминан 17,6).
2019 йилдан бошлаб касалланишнинг маълум даражада ошиши кузатилган. Айниқса, захмнинг эрта яширин шакллари бўйича Ўзбекистондаги кўрсаткичлар (ҳар 100 минг кишига 7,55 ҳолат) Россиядагидан юқорироқ экани қайд этилган.
Статистик маълумотларга кўра, энг юқори кўрсаткичлар қуйидаги ҳудудларда кузатилмоқда:
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти;
Самарқанд вилояти;
Сурхондарё вилояти.
Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги фарқ
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда эрта даврдаги захм (яъни юқумлилик даражаси юқори бўлган босқич) кўпроқ учрайди. Россияда эса аксинча, кечки ва номаълум шакллар кўпайган.
Ўзбекистонлик шифокорлар ҳам касаллик кўпайишини бир неча омиллар, миграция, аҳолининг доимий ҳаракатда экани, касалликни яшириш ва хусусий тартибда, баъзан нотўғри даволаниш билан боғлашади.
Кўпчилик касалликнинг дастлабки белгиларини (масалан, оғриқсиз яраларни) эътиборсиз қолдиради.
Шуни таъкидлаш жоизки, захм эрта аниқланса, замонавий тиббиётда тўлиқ ва тез даволанадиган касаллик ҳисобланади. Бироқ ўз-ўзини даволаш касалликнинг сурункали шаклга ўтишига ва ички аъзоларнинг шикастланишига олиб келиши мумкин.
