close
close
Анонс
23 сентябр 2025

Матназар Абдулҳаким – сўнгги кунлар

close

Марямжон опа дард тўла оҳангда ҳикоя қилди: “Бир куни… инсульт қайталамасдан бир-икки кун олдин… ҳеч ерда ҳеч гап йўқ, Матназар акангизнинг йиғлаган товуши эшитилди. Ҳеч қачон йиғламас эдилар, юрагим ёрилиб югуриб бордим. Ҳа, не бўлди, деб сўрасам, жавоб бермасдан фақат йиғлайверди. Матназарнинг йиғлаганини биринчи марта кўриб турардим. Сабабини билмай мен ҳам унга қўшилиб йиғлайвердим. Етим ўсган болалигидан бошлаб, то шу кунгача бошидан ўтган кунларни айтиб бир кеча-кундуз йиғлади. Сўнг бошқа йиғламади. Шундан сўнг хавотирланиб уни ёлғиз қолдирмайдиган бўлдим. Бир ўзи ёлғиз қолса, сиқиладиган бўлди. Унинг учун биздан кўра дўстлари азизроқ эди. Уни бу дунёда дўстларининг дийдори тутиб турарди”.

Урганч туман касалхонаси, 4-хона. Устознинг у ерда эканлигини маълум одамларгини биларди. Сабаби, Матназар ака ҳар гал касалхонага кетаётганида ҳеч кимга айтмасликни оиласидагиларга қаттиқ тайинларди. Унинг бу одатини яхши билган дўстлари касалхонага тасодифан эшитган бўлиб борарди. “Тасодиф”чилардан бири узоқдаги дўстларидан салом олиб келганини айтганида, устоз унга жавобан: “Сиз ҳам уларга менинг бу ердалигимни сездирмасдан салом айтинг. Эшитсалар овора бўлиб келишга уринадилар, келолмасалар, боролмадим деб баттар қисиниб юрадилар”, деди. Дард кундан кун зўрайиб, нафас олиши қийинлашиб қолганида ҳам ҳузурига келган киши олдида ўзини тетик тутарди. Шу кунларда Тошкентдаги дўстларимиз бизга тез-тез телефон қилиб, устознинг аҳволини сўраб турдилар. Уларнинг ҳаммаси бир хил гапни такрорларди: “Устознинг аҳволи оғир деб эшитиб, Марямжон опага телефон қилсам, Матназар аканинг қувноқ овози эшитилди. Касал одамга ҳечам ўхшамаяпти. Касаллиги ҳақида ўзларидан сўраш ноқулай. Нима бўлди, ўзи?”     

Устоз бировга заррача оғирлиги тушишини истамасди. Бирон нарса керак бўлса Марямжон опадан илтимос(!) қилар (буюриш эмас, сўраш эмас, фақат илтимос қилиш… тағин ўз аёлидан), умр йўлдоши узатган ҳар бир нарса учун раҳмат айтишни канда қилмас эди. 

Устоз 2010 йил 17 сентябрь жума куни соат 19.30лар чамасида охират сафарига йўл олган бўлса, мен бу воқеадан уч кун олдин ёнларида эдим. Душанба куни уйларида тунаб, сешанбада қайтиб кетгандим. Хайрлашаётганимда яна бир кун қолишимни илтимос қилди, бироқ зўрламади. Суяниб ўтирган ҳолида нигоҳини ерга қадаб: “Мендан тез-тез хабар олиб туринглар”, деди. Орага бир оз жимлик чўкди. Кейин: “Жуманазар кўринмай кетганига кўп вақт бўлганди. Яқинда келиб,  ўтирмасдан кетиб қолди. Энди тез-тез келиб тураман, деб ваъда бериб кетди. Биламан, энди у келмайди”, деди ғамгин бир ҳолда. Ҳар қачон устоз қуюқ хайрлашарди. Шу сафар эшикдан чиқаётганимда жимгина термулиб қараб қолди. 

Эртаси куни Хоразм телевидениеси ходимлари Гавҳар Ибодуллаева билан устозни тасвирга олиш учун  келганларида “Мени диванга ўтқазинглар, диванда ўтириб гапираман”, деганлар. Ўша пайтда устоз ҳамма билан ётган жойида гаплашар, ҳар бир аъзосини ҳаракатлантириш минг азоб эди. Унинг шунча вақт диванда ўзини тутиб ўтирганига Марямжон опа ҳам ҳайрон. Тасвирга олмоқчи бўлсалар, “Аввал овқатланиб олинглар, иш кейин бўлади”, деганлар. “Аввал тасвирга олайлик, овқатни сўнг еймиз, сиз толиқиб қолманг”, десалар ҳам кўнмаган. То ходимлар овқатланиб бўлгунларича диванда кутиб ўтирган. Бу устознинг тасвирларда сақланадиган энг сўнгги сўзлари экани ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Уни келиб кўриб кетаётган ҳамма одамнинг миясида “Матназар ака албатта тузалиб кетади, ҳали узоқ яшайди”, деган фикр бор эди. Эртасига, пайшанба куни устоз ҳақидаги кўрсатувнинг биринчи қисми намойиш этилди. 

Жума куни… Ҳеч кутилмаган, ҳеч ким ўйламаган… ҳаммамизни ларзага солган кун. Устозни касалхонага олиб борадилар. Муолажалар наф бермагач, кечқурун уйига олиб келадилар. Кўзлари юмулган, тилдан ҳам қолган эдилар. Уни меҳмонлар ўтирадиган катта хонага ётқизадилар. Бир пайт устоз кўзларини очадилар. Кўзлари билан имлаб яқинларини чақирадилар. Кимга нигоҳини қадаса, ўша одам ёнларига келади. Устознинг чап қўл бармоқлари қимирлайди. Бу “Қўлингни бер” дегани эди (валлоҳу аълам).

Қўлига жойлашган қўлни аста сиқиб, киприклари билан “Мендан рози бўл” ишорасини қиладилар. “Розиман, сиз ҳам мендан рози бўлинг”, деган жавобни эшитгандан кейин унинг қўлини қўйиб юбориб, бошқа қариндошига кўзларини тикадилар. У ҳам ёнларига келиб ўтиради. Шу ерга йиғилган яқинлари билан шу зайилда видолашиб бўлгач, муборак кўзларини мангуга юмадилар.  

Устознинг шундай сатрлари эсга тушади:                                                

Кетиб олсам, бир кетиб олсам,

Дунёга мен қайтиб келмайман.

                                              ***

Ўтиб кетади деб ким айтди мени,

Сенинг юрагингда қолиб кетаман.

Дафн маросимида қатнашиш учун таниқли шоирлар Усмон Азим, Набижон Боқий, Иқбол Мирзо, Даврон Ражаблар Тошкентдан етиб келдилар. Эрталаб устознинг хонасини йиғиштираётганлар бир парча қоғоз топиб олдилар. Қарасак, устознинг чап қўлда ёзган, ҳали сиёҳи қуримаган шеъри экан. 

Бизлар ўлмагаймиз.

Сизларнинг ёдлов

Жон бахш этар ҳатто марҳум жонларга.

Қайтгаймиз бизларни йўқлаган заҳот,

Тирилиб муборак хонадонларга.

Хоразмнинг ардоқли шоири 2010 йил 18 сентябрда Урганч туманидаги Шаҳобиддин бобо қабристонига ўз ота-онаси ёнига дафн қилинди. Юқоридаги тўртлик иқтидорли рассом ва ҳайкалтарош Солий Қодиров томонидан устознинг қабр тошига ўйиб ёзилди.

© Маҳмуд РАЖАБ

Тағин ўқинг
12 декабр 2019
Абдували Қутбиддин умрининг сўнгги йилларида сал “бузилмоқчи”, маддоҳлик қилиб кўрмоқчи ҳам бўлди. Аммо анча-мунча кечикканини англади чоғи, “қийшанглашга” астойдил ...
29 феврал 2016
Ўзбек газеталарини ўқиркан, тағин ташвиқот пардаси ортидаги жамият муаммолар, вақтида берилмаётган иш ҳақи, матбуотда урчиётан ёлғонлар, синаётган корхоналар ва ...
21 май 2018
Президент Мирзиёев 19-20 май кунлари Андижонда ўтган йиғилишда ДХХ ходимларига уй қуриш ва маошини кўтаришга ваъда берди. «Ҳозир қўл ...
14 январ 2020
2001 йили Муҳаммад Солиҳнинг ҳаётига суиқасд қилишга уриниш бўлади. Бироқ Норвегия ҳукумати ва Солиҳнинг дўстлари саъй-ҳаракатлари билан бунинг олди ...
Блоглар
23 сентябр 2025
Марямжон опа дард тўла оҳангда ҳикоя қилди: “Бир куни… инсульт қайталамасдан бир-икки кун олдин… ҳеч ...
14 сентябр 2025
1990 йилнинг 20 июн кунини яхши эслайман. Ўша куни Ўзбекистон мустақиллиги ҳақида баëнот қабул қилинган ...
10 сентябр 2025
Сўнгги вақтларда деярли ҳар куни ҳоким ёки ҳоким ўринбосарлари пора олгани сабаб қўлга олингани ҳақида ...