Инсон органлари савдоси ортидаги даҳшатли ҳақиқатлар
Ўзбекистонда болалар ва инсон органлари савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бормоқда. Бу ҳақда «Элтуз» мессенжерига келаётган хабарлар ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларидаги тезкор янгиликлар гувоҳлик бермоқда. Яқинда инсон органлари савдоси билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳнинг фош этилиши мазкур муаммонинг нақадар жиддий экани ва ҳуқуқ-тартибот идоралари, хусусан, Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ходимларининг ҳам ниҳоят бу жиноятлар бўйича ўз вазифаларини уддалаётганидан далолат беради.
Хўш, бундай даҳшатли жиноятларнинг авж олишига олиб келган асосий тенденциялар ва сабаблар нималардан иборат?
Ўзбекистонда одам савдоси, жумладан, болалар ва инсон органлари савдоси замонавий қуллик муаммосининг бир қисми ҳисобланади. Жиноий гуруҳлар одамларни бу ноқонуний фаолиятга жалб қилиш учун турли усуллардан, масалан, алдаш, шантаж ва мажбурлашдан фойдаланадилар. Элтуз таҳлилчиларига кўра, бундай жиноятларнинг кўпайишига қуйидаги учта асосий сабаблар туртки бўлмоқда:
- Энг асосий сабаб сифатида иқтисодий қийинчиликларни кўрсатиш мумкин: Камбағаллик ва ишсизлик даражасининг юқорилиги аҳоли, айниқса, қишлоқ ва чекка ҳудудлардаги одамларни «осон пул топиш» ҳақидаги таклифларга нисбатан заиф қилиб қўяди. Кўпинча бундай таклифлар қопқон бўлиб чиқади. Бундан бир неча йиллар аввал Бухорода «чет элга ишга жўнатиш» билан шуғулланган ширкатнинг аслида инсон органлари савдоси билан шуғуллангани, бу жиноий фаолиятга ҳукумат элитасидаги катта амалдорлар, ҳусусан соғлиқни сақлаш, ички ишлар, меҳнат вазирлигидаги мулозимлар ҳам аралашгани фош қилинган эди.
- Иккинчи бир асосий сабаб эса мамлакатда авж олаётган ҳуқуқий саводсизликдир: Кўплаб фуқаролар ўз ҳуқуқларини билмайдилар ва ноқонуний миграция ёки шубҳали иш таклифлари билан боғлиқ хатарлардан бехабардирлар. Оммавий ахборот воситалари эса одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ҳақида хабар бермасликка ҳаракат ёки бу ҳақда чоп этилган хабарларни йўқ қилишга интилишади. Ёзилмаган айни қонунлар боис Бухоро одамхўрлари ҳақидаги сенсацияларга сабаб бўлган материалларни бугун топиш имкони деярли йўқ. Бироқ, ёпиқ сайтлар орқали Ўзбекистонда инсон органларини сотиш ва жарроҳлик амалиётлари нархлари 2500 доллардан 12 миллион долларгача экани ҳақидаги маълумотларни олиш мумкин.
- Бу жиноятларнинг авж олишига олиб келаётган яна бир жиддий сабаб коррупция: Давлат идораларидаги коррупцион алоқалар жиноятчиларнинг жазосиз қолишига сабаб бўлиши ва тергов жараёнларини қийинлаштириши мумкин.
Ўзбекистонда инсон органлари савдоси кўпинча ноқонуний трансплантация билан боғлиқ. Асосан, камбағал қатламдаги донорлар буйрак ёки бошқа органларини арзон нархга сотишга рози бўладилар, лекин кўпинча бу пул тўлиқ тўланмайди. Жиноий гуруҳлар ҳам донорларни, ҳам реципиентларни (орган кўчиришга муҳтож беморларни) топишда воситачилик қиладилар. Бундай операциялар ноқонуний шароитда, санитария қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда амалга оширилади, бу эса ҳам донорлар, ҳам реципиентларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солади.
Ўзбекистонда донор сифатида инсоннинг тана қисмларини кўчириб ўтказиш жараёнлари баъзан яширин одам ёки яна ҳам даҳшатлиси болалар савдоси билан ҳам боғлиқ эканлиги айтиб келинади. Болалар савдоси бир неча кўринишда намоён бўлади: Фарзандликка бериш, қул қилиб сотиш, ёки жинсий эксплуатация учун сотиш.
Биринчи ҳолатда бола бой оилага фарзандликка берилиши иддаоси билан керакли ҳуқуқий жараёнлардан ўтмасдан ноқонуний равишда сотилади. Кўпинча бундай ҳолатни ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари оқлашга уринишади. Яъни камбағал оилади пешанаси оқармаган бола, бой оилада рўшнолик кўриб бахтлик бўлади деган маънода. Лекин улар танганинг иккинчи томонини кўришмайди, гап ноқонуний одам савдоси ҳақида кетмоқда. Бу ҳолда боланинг кейинги тақдири номаълумлигича қолади, чунки қонунан болага ота оналик ҳуқуқининг қандай расмийлаштирилиши мумкинлиги ҳақида бизда маълумот йўқ.
Бироқ расмийларнинг сўнгги хабари ҳуқуқ-тартибот идораларининг уюшган жиноятчиликка қарши мувофиқлаштирилган ва самарали ҳаракатлар олиб бориши мумкинлигини кўрсатади. Бу холатда ДХХ ва ИИВ ходимлари жиноий тармоқларга кириб бориш орқали барча иштирокчиларни аниқлаш учун тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишган. Хусусан, инсон органи савдоси билан шуғулланган гуруҳнинг фош этилишига оид холатда ДХХ асосий рол ўйнаган. Бу, ДХХнинг мамлакат ичида ва ташқарисида алоқалари бўлган уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятини аниқлаш ва олдини олиш учун кенгроқ ваколат ва имкониятларга эга эканлиги билан ҳам боғлиқ.
Элтуз Ўзбекистонда болалар ва инсон органлари савдоси билан боғлиқ жиноятларга оид хабарларни ёритишда давом этади, каналимизга обуна бўлинг, видео юзасидан изохлар қолдиринг.