Журналист Бобомурод Абдуллаев ҳибсга олинди
Ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаев жорий йилнинг 9 август кечаси Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан Бишкекда қўлга олинди.
“Элтуз” олган маълумотларга кўра, Абдуллаевни Бишкек кафеларидан бирида ушлашган. 10 август куни Бишкекда унга эҳтиёт чораси белгилаш юзасидан суд бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, журналист Абдуллаев Қирғизистонга Марказий Осиёдаги Америка университети таклифи билан 4 ойлик ўқишга келган.
Эслатиб ўтамиз, журналист Бобомурод Абдуллаев 2017 йилнинг 27 сентябрида МХХ томонидан ҳибсга олиниб, ўз журналистик фаолияти учун тергов қилинган.
Судда у Усмон Ҳақназаров тахаллуси остидаги аксарият мақолалар муаллифи эканини тан олган, бироқ мақолаларда давлат тўнтаришига чақириқ бўлганини рад этган.
Шу билан бирга, у тергов давомида ўзига нисбатан қийноқ қўлланилганини қайд этган.
2018 йилнинг 7 майида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри суди Бобомурод Абдуллаевни Жиноят кодексининг 159- моддаси 1- қисми, “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор топиб, 3 йилга ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш жазоси тайинлаган ва суд залидан озод қилган эди.
Eltuz.com