«Гулнор» 10 қисм (хато ва кечиккан иқрор)
Аxмад Бейжон Эржиласун
Эшик такиллади.
“Нега бунча қаттиқ уришади”, деб ўйлади Гулнор ва эшикни очди. Остонада Корлиғашев турарди. Сочлари ёмгирдан намланганди.
Ичкарига кириб плашчини ечди:
– Икки кун ўтди, ўрток Кунбоева, — деди Корлиғашев, — сиз эса китобни xали ҳам топмадингиз!
– Китоб, мана, столда, рапортим xам шу ерда, — деди Гулнор жаҳли чиқиб.
– Яхши, — деди Корлиғашев ва пакетни кўлига олди. Уни очаётиб, яна дағдаға қилди:
– Лекин нега менга бу ҳакда дарров хабар бермадингиз? Китобни қачон топдингиз? — деди у.
Гулнор учун бу бақириқ ортиқча эди. У бир неча ойдир-ки, ўз вазифасини холис бажарарди. Одамлар ҳақида батафсил “донос” ёзарди. Нима? Гулнор доносчи эдими? Бу сўзлар унинг шуурида илк бор портлади.
– Ўртоқ Қорлиғашев, менга ноҳақ бақираяпсиз, — деди овози титраб Гулнор, — сизга ҳолис хизмат қилган одамга ноҳақ бақираяпсиз. Китоб бугун кўлимга тушди, уни ўқиб чиқдим ва рапортимни ёздим. Сизга эрталаб бермоқчи эдим.
Корлиғашев плашчини кийиб, кўлига пакетини олди:
– Муҳим воқеаларни дарxол телефонда билдиришингиз керак, ўртоқ Кунбоева, — деди у ва ташқарига чиқди.
– Даф бўл!, — деб юборди Гулнор чиқиб кетган одамнинг орқасидан.
Эшикни ҳам қарсиллатиб ёпганини сезди.
Келиб ётоққа узaнди. “Бу ландавурга яна нима керак мендан?”, деб ўйлади Гулнор. Деярли ҳар кун рапорт ёзиб турган бўлса…
Одил Tурсунов кўз олдига келди. Зиёли йигит китобни Гулнорга берар экан, унинг нияти яхши эди. Унинг нима гуноҳи бор эди?.. Гулнор келажакнинг буюк кимёгар олимини йўқ қилиш учун илк қадам ташлаганди. Кошки, Корлиғашевга эшикни очмаса!
Гулнор ўз хаёлларининг янги йўналишда кетаётганини xис қилди, аммо буни тўхтатишга ҳаракат килмади. “Даф бўлсин!”, деди яна шивирлаб Қорлиғашевга.
Гулнор ҳудди жаҳаннам оташида тургандай чирпина бошлаганди. Одил Турсунов каби ёш ва бегуноҳ одамнинг келажагини йўқ қилаётганди Гулнор…
Энди ҳаёлидан кечган фикрларни ҳам рапортга ёзиб ўзимни ҳам жазолантиришим керак, деб ўйлади Гулнор. Аммо руҳи сукунат тополмади, топиши ҳам мумкин эмасдай кўринарди. Шу пайт руҳини мажҳул бир бўшлиқдан оқиб чиқаётган сувга ташлади гўё. Сув тоза ва шаффоф эди. Ичи ювилди, чайилди қизнинг.
Туриб ойнага боқди. Ёноқларида титраб турган томчилар биллурдай порлади. Кулимсиради. Оппоқ тишлари тоза, масъум эди. Ечинмасдан ётоғига узанди, ухлаб қолди.
Уйғонганида соат етти бўлганди. Бу кеча қўрқинчли тушларни кўрмаганди. Теран, ҳузурли уйқу билан ухлаганди. Фақат юрагидаги ёнғин ҳали ҳам сўнмаганди.
Юзини ювди, сочини таради, нонушта қилмасдан, кўчага чиқди. Тонгда ярим соат юриш уни яйратди.
Эшикни Муҳаммад Солиҳнинг хотини очди:
– Келинг, Гулнор, — деди у, — қандайсиз, тинчликми?, — деди у.
– Тинчлик, Ойдин опа, сиз билан нонушта қилай дедим, — деди Гулнор.
Ойдин хоним:
– Солиҳбей, бу ёққа келинг, Гулнор келди, — дея эрини чақирди у.
Муҳаммад Солиҳ зинапоядан тушаркан, “бир нарса бўлди”, деб уйлади. Чунки, Гулнор ҳеч қачон тонгги паллада келмаганди.
– Ассалому алайкум, Солиҳ ака, сизни каллаи саҳарда безовта қилдим, узр, — деди Гулнор.
– Нима деяпсиз Гулнор, дўстлар истаган пайтда келиши табиийдир, — деди Муҳаммад Солиҳ.
Гулнор бўлган воқеаларни айтиб-айтмасликда яна тараддудлана бошлади.
– Сизни безовта қилдим, чунки жиддий бир хато қилдим, шуни айтишга келдим, — деди ниҳоят қиз.
– Қандай хато, Гулнор?
Ойдин хоним столга қўйган бир пиёла чой Гулнорга нафас ростлаш имконини берди.
– Мен сиз билан бўлган бутун суxбатларимизни КГБга етказиб келдим, — деди Гулнор.
– Ё Оллоҳим!, — деб юборди Ойдин хоним ва қўлидаги лаганни столга қўйди-да, креслога ўзини ташлади.
– Ўзингни бос, Ойдин, — деди Муҳаммад Солиҳ, — биз зотан Гулнорнинг аxволини тахмин қилгандик. Унга кейинги кунларда муҳим нарсалар ҳақида гапирмай қўйгандик…
– Качондан бери, Солиҳ ака?, — деди Гулнор.
– Сиз профессор Йилдирим билан учрашганингиздан бери, — деди Муҳаммад Солиҳ.
Гулнор чойдан xўплади:
– Аммо “Туркчиликнинг асослари”ни олганимни сиз xали билмайсиз, — деди у Муҳаммад Солиҳга караб.
– Билмайман. Китобни кимдан олгандингиз?, — деди Муҳаммад Солиҳ.
– Одил Tусуновдан.
Муҳаммад Солиҳ Гулнор ҳақидаги шубҳаларини Одил Tурсуновга айтмаганини эслади.
– Китобни Турсуновдан олганингизни рапортда ёздингизми?, — деди Mуҳаммад Солиҳ.
– Афсуски, ёздим, — деди Гулнор.
Ва кўзларидан тошиб келган кўзёшларини тутолмади. Бўғзи қичқириққа тўлди. Ойдин хоним ёнига келди, юзини унинг елкасига қўйди. Хўнграб йиғларди.
Муҳаммад Солиҳ Одилни ўйлади. Бу ёш йигитга ачинарди. Солиҳ унинг келажагига зомин бўлдим, деб ўзини айбларди.
– Сизни ҳам айтдим, — деди Гулнор ҳиққиллаб йиғлашда давом этаркан.
– Xечқиси йўк. Улар шундоқ ҳам биз ҳаққимизда кўп нарса билишади. Сиз ўзингизни айблашни тўхтатинг. Бу ишда Одил кўпроқ зарар куради. Аммо бу иш бизга сизни олиб келди.
– Аммо Oдил учун яхши бўлмади, — деди Гулнор.
– Тўғри, — деди Муҳаммад Солиҳ, — аммо бу ҳаракатга қўшилган ҳар ким бошига бир балолар келиши мумкинлигини аввалдан ҳисобга олган бўлиши керак. Мен аминман-ки, Одил ҳам бунинг ҳисобини қилган.
Гулнор бу қадар совуққон бўлолмасди. Инсон ҳаётини ҳисоб билан ўлчашни истамасди.
– Барибир Одил учун азоб чекаяпман, бунинг ягона сабабчиси менман, — деди Гулнор.
– Йўқ, Гулнор, менинг ҳам айбим бор. Уни сен ҳақда огоҳлантиришим лозим эди, — деди Муҳаммад Солиҳ.
Бу сўзларни сўйламаслиги керак эди. Солиҳ яна эxтиётсизлик қилиб, Гулнорни ранжитдим, деб ўйлади.
– Ундай демоқчи эмасдим, Гулнор, — деди Муҳаммад Солиҳ, — мени тўғри тушунинг, сиз биз учун доим яқин эдингиз, ҳатто сиздан шубxалана бошлаганимдан сўнг xам…
– Балки Қорлиғашевга китобни бермаслигим керак эди. Кеча кўп иккиландим. У одам уйимга келиб китобни ва рапортни олди, — деди Гулнор.
Демак, айни Корлиғашев. Нима бўлса бўлди, деб ўйлади Муҳаммад Солиҳ. Гулнорнинг кўнглини олиш, юпатиш лозим эди.
– Гулнор, — деди Муҳаммад Солиҳ, — инсон ҳаёти юксалиш ва пастга инишлардан иборат. Дунёда хато қилмаган одамнинг ўзи йўк. Менинг ҳам, Ойдин хонимнинг ҳам ҳаётида қилган хатоларимиз бор ва шу маънода биз инсонмиз. Одам қилган хатосини такрорламаслик учун улардан дарс олиши керак. Хатоларга асир тушишдан ўзингизни асранг.
Муҳаммад Солиҳ узоқ гапиришни ёқтирмасди. Узун гапнинг таъсири оз бўлади, дерди. Ва сўзини қисқа қилди:
– Сиз xам ўз хатоларингиздан дарс олинг, — деди у.
– Одатдагидай чиройли гапирдингиз Солиҳ ака, раxмат сизга, — деди Гулнор.
Унинг юрак урушлари сокинлашиб, овозидаги титроқ йўқолган эди.
– Менинг чекадиган азобим яна давом этадиганга ўхшайди, Солиҳ ака, — деди Гулнор, — бундай даҳшатли хатонинг устидан юриб, унутиб кетишим қийин бўлса керак. Мени юпатиш учун гапираётганингизни биламан, Солиҳ ака. Инсон хато килади, аммо жазосини ҳам тортиши керак, менимча…
– Қалб сасини тингласангиз етар, Гулнор. У сизга тўғри йўл кўрсатади. Бу ерга қалб амри билан келгандингиз, бундан кейин ҳам унинг айтганини қилсангиз янглишмайсиз, — деди Муҳаммад Солиҳ.
Ойдин хоним эрининг вазиятни юмшатганини англади. Гулнор ўрнидан туриб, хайр-маъзур қилди:
– Катта раxмат, Ойдин опа. Умид қиламан Солиҳ акам мени бундан кейин ҳам қабул этади…
– Буни биз эшитмадик деб ҳисобла, Гулнор. Эшигимиз сенга ҳар доим очиқ, унутма, — деди Ойдин хоним ва Гулнорнинг орқасидан қараб қолди.
Сиз турк ёзувчиси Аxмад Бейжон Эржиласун қаламига мансуб Гулнор романи аудиокитобининг 10 қисмини тингладингиз. Уни Қудрат Бобожон саслантирди. Давомини Ютубдаги Элтуз каналининг келгуси ёйинларида кузатинг.
