Кредит юки халқни эзиб қўйдими?
Аслида кредит олиш, юқори кредитланиш кўрсаткичи қўрқинчли нарса эмас. Бироқ кредит тўловлари ҳаддан ташқари баланд бўлиб, банк ставкаларида реал даромадидан нисбат олинмагач фоиз юки аҳолини эзиб қўймоқда.
Кредит тизими ҳужжатларда баландпарвоз қилиб тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ва истеъмолни рағбатлантириш воситаси сифатида кўрсатилади. Аммо амалда кредит олиш “камбағаллик томон қадам ташлаш” билан баробар…
Ўзбекистон банкларида истеъмол ёки тадбиркорлик кредитлари бўйича йиллик фоизлар 24–35 фоиз атрофида. Айрим микрокредитларда эса бу кўрсаткич бундан ҳам юқори. Кредитга мошин олиб кирага чиққан шўпр, хўжалик учун кредит олган фермер топган-тутганидан фоизни базўр тўлайди.
Кредит масаласида иккинчи катта муаммо — ортиқча ҳужжатбозлик ва “югур-югур”лар кўплигидир. Кредит олиш учун иш ҳақи тўғрисида маълумотнома, кафил, гаров, турли справкалар талаб қилинади. Баъзан бир неча банкка бориб, ҳафталаб юрилса ҳам иш битмайди. Бу жараён инсонни чарчатади, вақт ва асабини олади. Кредит тизими аҳоли учун хизмат қилиш ўрнига, фуқаро банк учун югурдаклик қилади.
Тошкент банкларидан олинган кредитларнинг 70 фоизи вақтида тўланмайди, 33 фоизи МИБ га оширилган, 25 фоизи узоқ вақт тўламагани ва қарздорлик ошиб кетгани иш судга оширилган. Одамларда иқтисодий саводхонлик йўқ. Баъзилар кредитдан ажинадан қўрққандек сесканади. Бошқалар бир кредит қарзини ёпиш учун бошқа банкдан қарз олади.
Бу ҳолатни Европа давлатлари тажрибаси билан солиштириб кўрсак, фарқ жуда катта экани яққол намоён бўлади. Масалан, Германияда жисмоний шахслар учун истеъмол кредитлари бўйича йиллик фоиз ставкалари ўртача 3-6 фоизни ташкил этади. Ипотека кредитларида эса бу кўрсаткич баъзан 2-3 фоизгача тушади. Кредит олиш жараёни асосан онлайн амалга оширилади: банк мижознинг солиқ ва даромад маълумотларини электрон тизим орқали текширади, ортиқча қоғозбозлик деярли йўқ.
Францияда ҳам шунга ўхшаш тизим йўлга қўйилган. Масалан, маиший техника ёки автомобил кредитлари бўйича фоизлар ўртача 4-7 фоиз атрофида. Мижоз кредит шартларини олдиндан аниқ билади, яширин ортиқча тўловлар йўқ. Энг муҳими, банклар қарз олувчининг тўлов қобилиятини яхшилаб текширади.
Швеция тажрибаси ҳам бир ажойиб. Швецияда ипотека кредитлари 2 фоизни ташкил этади. Кредит тўловлари шаффоф, шартномалар содда тилда ёзилади.
Ўзбекистонда эса акс манзара: фоизлар қиммат, шартлар оғир, жавобгарлик эса асосан қарз олувчи зиммасига юкланган.
Банк тизими ҳақиқатан ҳам аҳоли фаровонлигини оширишни мақсад қилса, фоиз ставкаларини пасайтириш, жараёнларни соддалаштириш ва Европа тажрибасидан ўрнак олиш керак. Барибир яқин 10 йилда халқ ишини кредитсиз битирмайди. Ўртаҳол оилаларда харажатлардан пул орттириш имконсиз. Ноилож қолган одам охирги йўл сифатида яна кредитга ўзини ураверади. Шундай экан, марказий банкнинг инсоний имиджини яратиб, кредитлар фоизини пасайтириш лозим.
