Қонли январь: Эронда 12 000 дан ортиқ намойишчи ҳалок бўлди
Эронда 2026 йилнинг 8–9 январь кунлари содир бўлган воқеалар инсоният тарихидаги энг фожиали саҳифалардан бирига айланди. Олинган сўнгги маълумотларга кўра, намойишларни бостириш вақтида ҳалок бўлганлар сони 12 000 кишидан ошиб кетди. Бу ҳақда «Iran International» нашри мамлакат хавфсизлик тизимларидаги манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Ҳалок бўлганларнинг аксарияти 30 ёшгача бўлган ёшлар экани айтилмоқда. Отишмалар асосан Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) ва «Басиж»кўнгиллилар кучлари томонидан амалга оширилган. Ушбу ҳодиса мамлакатнинг замонавий тарихидаги энг йирик уюштирилган қирғин сифатида баҳоланмоқда.
«Iran International» маълумотларига кўра, қотилликлар Эрон олий раҳбариятининг бевосита буйруғи ва интернет блокланган шароитда содир этилган. Бошқа манбалар, жумладан CBS News, қурбонлар сони 20 000 гача етиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Оммавий қирғин вақтида мамлакат бўйлаб интернет бутунлай узиб қўйилган, бу эса дунё жамоатчилигининг воқеадан кеч хабар топишига сабаб бўлган.
Намойишлар қандай бошланган эди?
Эрондаги ҳозирги инқироз бирданига пайдо бўлгани йўқ. Узоқ вақт давомида тўпланиб қолган муаммолар портлаш нуқтасига келган.
Мамлакатдаги кучли инфляция, ишсизлик ва озиқ-овқат нархларининг кескин ошиши аҳолининг сабр косасини тўлдирди.
Инсон ҳуқуқлари, айниқса хотин-қизлар эркинлиги бўйича давом этаётган босимлар ёш авлоднинг кескин норозилигига сабаб бўлди.
Ислом Республикаси раҳбариятининг ислоҳотлар ўтказишни истамаслиги ва намойишчиларга нисбатан фақат куч ишлатиш тактикаси вазиятни қуролли тўқнашув даражасига олиб келди.
Бу қирғин кўлами жиҳатидан 1979 йилги инқилобдан бери содир бўлган энг йирик ва шафқатсиз сиёсий қотиллик сифатида Эрон тарихида қолмоқда. Халқаро кузатувчилар буни «миллатнинг ўз келажагига қарши уруши» деб аташмоқда.
