Жиззахда тўнғиз овида шеригини отиб қўйган овчига ҳукм ўқилди
Жиззах вилоятида шеригини ёввойи чўчқа билан адаштириб, отиб ўлдирган «овчига» ҳукм ўқилди.
Самарқанд вилоятида яшовчи 31 ёшли фуқаро уч нафар дўсти билан ёввойи чўчқа овлаш учун Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманига боради.
Ўлжани кутиш пайтида ов иштирокчиларидан бири қамишлар орасидан чиқиб келаётган шеригини ёввойи ҳайвон деб ўйлаб отиб қўяди.
Ўқ жабрланувчининг бошининг орқа қисмига тегади. Ярадор эркак ҳудуд яқинидаги тиббиёт муассасасига олиб борилган, аммо у воқеа жойида вафот этган бўлган.
Воқеа ўтган йили октябр ойида содир бўлган. Суд жорий йил 7 анварда якуний ҳукмни эълон қилди.
Судда айбланувчи ўз айбига иқрор бўлиб, тахминан икки йил давомида қонуний асосда овчилик билан шуғулланганини ва шеригини отиб қўйиш ҳолати шунчаки эҳтиётсизлик, қасддан қилинмаганини айтган.
Овчи эркак Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисми (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) билан айбдор деб топилган. Суд иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1,5 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади, шунингдек, бир йилга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Хоразмда ота ўғлини отиб ўлдириб, ов милтиғидан келин ва набирасини яралаганди. Эркак маст бўлган ва оиласи билан чиқиша олмаган.
