close
close
Асосий мавзулар
18 сентябр 2025

Адолатни бўғган ҳукм: Дилдора Ҳакимова иши

close

“Uzbek Forum” ва Human Rights Watch ташкилотларининг сентябр ойида чиқарган қўшма баёнотида Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти фаоли Дилдора Ҳакимовага нисбатан қўлланилган адолатсиз ҳукм ва инсонийликка зид муносабатлар атрофлича ёритиб берилди.

Бугунги ушбу ҳужжатлар асосида, Ҳакимова ишининг ҳуқуқий ва гуманитар жиҳатларини таҳлил қиламиз. Ҳуқуқ фаолларига кўра ушбу ҳолат Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва фуқаролик жамиятига қарши тизимли босимнинг яққол намунасидир. 

Қашқадарёлик 41 яшар ўқитувчи ва блогер Дилдора Ҳакимова узоқ йиллар давомида ижтимоий тармоқларда таълим тизимидаги коррупцияни кескин танқид қилиб келган. У фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик вакили сифатида судларда қатнашиб, адолат учун курашган. 2024 йилнинг февралида Ҳакимова ва яна олти киши “товламачилик”да айбланиб ҳибсга олинди. 18 июль куни Қашқадарё суди уларга нисбатан ҳукм чиқариб, Ҳакимовани олти йилу бир ойга озодликдан маҳрум қилди.   

Ҳакимовага қарши асосий айблов унинг илгари танқид қилган ва ишдан бўшатилган собиқ мактаб директори кўрсатмасига таянади. Human Rights Watch таҳлилига кўра, суд ҳукмида жиддий ҳуқуқий зиддият мавжуд. Ҳукмда айбланувчилар Жиноят кодексининг 165-моддасига асосан “бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб товламачилик”да айбдор деб топилган бўлса-да, судья уларнинг “бир жиноий гуруҳ аъзоси сифатида ҳаракат қилмаганини” алоҳида қайд этган. Бундай зиддиятли қарор суд жараёнининг сиёсий мотивларга асосланганлиги ва мустақил судлов тамойилларининг бузилганлигини кўрсатади. Айни вақтда,  жамоатчилик фаолларига кўра, Ҳакимова устидан ҳукм Ўзбекистонда фаоллар ва журналистларга нисбатан туҳмат, фирибгарлик каби асоссиз жиноий айбловларни қўйиш тенденциясининг бир қисмидир.   

Дилдора Ҳакимова иши фақат ҳуқуқий жиҳатдан, балки инсонийлик мезонлари бўйича ҳам жиддий хавотирларни келтириб чиқаради.

Биринчидан Дилдора Ҳакимова етти йилдан буён кўкрак бези саратони билан курашиб келади. Туғруқдан сўнг унинг соғлиғи кескин ёмонлашган ва шифокори унга зудлик билан онкология шифохонасида даволанишни тавсия қилган. Чунки, у сақланаётган жазони ижро этиш муассасаси зарур ихтисослашган ёрдамни кўрсата олмайди. Зарурий тиббий ёрдамни рад этиш эса “Нельсон Мандела қоидалари” ва “Бангкок қоидалари”га зид бўлиб, бу жиноят “шафқатсизлик” сифатида баҳоланади.  

«Uzbek Forum» хабарига кўра, 2024 йил сентябрда туғруқ пайтида Дилдоранинг бир қўли кроватга кишанлаб қўйилган. Бу ҳолат “Бангкок қоидалари”га тўғридан-тўғри зиддир, чунки унда “аёлларга туғруқ пайтида ва туғишдан сўнг дарҳол ҳибсга олиш воситаларини қўллаш мутлақо тақиқланади”. 

Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг ўзи янги туғилган чақалоққа етарли шароит яратиб бера олмаслигини ёзма равишда тасдиқлаган. Бу 2022 йилги «Она ва болаликни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги президент фармонига зиддир. Бундан ташқари, бу чақалоқнинг манфаатларига жавоб бермайди ва “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция”нинг асосий тамойилларини бузади. Дилдора сақланаётган муассаса унинг оиласидан саккиз соатлик йўл узоқликда жойлашган, унга уч ойда атиги икки кунлик оилавий учрашув ва ойига бир марта 10 дақиқалик телефонда гаплашиш ҳуқуқи берилган.   

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки Дилдора Ҳакимова иши, сўз эркинлигини бостириш ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи фаолларни жазолаш учун жиноий-ҳуқуқий тизимнинг қандай ишлатилаётганлигини кўрсатмоқда. Ҳукмнинг қонуний асослардаги зиддиятли жиҳатлари, аёлларга ва оналарга нисбатан ғайриинсоний муносабатлар Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига очиқдан-очиқ зиддир. Мамлакат ичида мустақил оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти ташкилотларига қарши босимнинг кучайиши туфайли, хорижда жойлашган Элтуз нашри, «Uzbek Forum» ва Human Rights Watch каби ташкилотлар ягона ишончли манба бўлиб қолмоқда. Ушбу ташкилотларнинг аниқ талаблари шундай: Дилдора Ҳакимовани зудлик билан озод қилиш, унинг ҳукмини бекор қилиш ва Ўзбекистон ҳукуматини халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига риоя қилишга чақириш. 

Дилдоранинг иши — бу нафақат бир фаолнинг тақдири, балки бутун мамлакатдаги адолат ва инсонийликнинг ҳолатини акс эттирувчи кўзгудир. Элтуз Ўзбекистонда қамоқларда қолаётган ҳуқуқ фаоллари тақдирига оид холатларни ёритишда давом этади.  

Тағин ўқинг
10 январ 2022
Ўзини бир гуруҳ фаоллар деб таништирган гуруҳ Eltuz телеграм каналига ёзиб, қуйидаги мурожаатни чоп қилишни сўрашди. Қуйида уларнинг мурожаати: ...
10 май 2021
«Элтуз» каналида ўзининг “Нью-Йоркдан назар” видеоблогини юритаётган 70 ёшли қишлоқ хўжалиги мутахассиси Исмоил Оспанов кластерлар тизими мамлакат қишлоқ хўжалиги ...
10 сентябр 2019
«Азизбек тепки зарбидан ва оғриқдан полга қулайди. Қутурган Тошпўлатов унинг устига чиқиб сакрай бошлайди. 3-4 марта товони билан унинг ...
21 ноябр 2024
Бугунги кунни англаш учун тарих илмини билиш керак. Тарих – бу ўликлар ҳақидаги илм. Ўлганларни тинч қўйинг дейдиган ошқовоқ ...
Блоглар
14 сентябр 2025
1990 йилнинг 20 июн кунини яхши эслайман. Ўша куни Ўзбекистон мустақиллиги ҳақида баëнот қабул қилинган ...
10 сентябр 2025
Сўнгги вақтларда деярли ҳар куни ҳоким ёки ҳоким ўринбосарлари пора олгани сабаб қўлга олингани ҳақида ...
3 сентябр 2025
Рахматлик  отамдан  «неча ëшдасиз» деб сўрасам » ҳаққийсизми ëки документда ëзилганими» деб жавоб берарди. Отам ...