close
close
Асосий мавзулар
3 декабр 2025

«Водийда ўлиш тақиқланган» 4 қисм

close

Москва пленуми акс садолари

1989 йилнинг 17-19 январь кунлари Москва шаҳрида Совет Иттифоқи Ёзувчилари Союзининг навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди. Бу пленумнинг кун тартибидаги асосий масала СССР Олий Совети депутатлигига совет ёзувчиларидан номзод кўрсатиш эди. Яна муҳим темалар сифатида «Қайта қуриш», «Экология» кўрсатилган эди.

Мен Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси котиби сифатида «Қайта қуриш» жараёнини муҳокамага олиб чиқдим.

Нутқим 17 дақиқа давом этди, янглишмасам.

Бу нутқ соясида «миллий масала ҳақида очиқ гапирган ёзувчи»лар сафига қўшилдим.

Минбардан тушиб танаффусга чиққанимизда Ўлжас Сулаймон ва озарбайжонлик биродаримиз Анор каминани табриклади. Ўзбеклардан Шукурулло домла қутлади.

Бу чиқишнинг акс-садоси Тошкентда янгради.

Ҳали мен Тошкентга қайтмасимдан олдин, Биринчи Котиб Рафиқ Нишонов офисидан телефон қилишиб, серилтифот оҳангда «фалон куни Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси республика раҳбарларининг «Актив»ини чақираяпти, сиз у ерда чиқиб, бу ерда туғилган баъзи саволларга жавоб беришингизни умид қилишаяпти», дейишди.

Мен «Актив»да, албатта иштирок этишга ҳаракат қиламан, дедим.

Тошкентга келганимдан бир неча кун сўнг ҳақиқатан ҳам бу машварат тўпланди ва у ерда кичик кириш сўзи қилдим ва саволларга жавоб бердим.

Менга берилган саволлар «Актив»да қатнашаётган турли мартабадаги раҳбарларга тарқатилган эди. Ҳатто «Чор Россияси пахтанинг бир килограмига бугунги Совет ҳокимиятидан кўпроқ пул тўлар эди» деган бир жумламни олиб, бунинг янглиш ҳисоб эканини исбот қилишга уринган ватанпарвар раҳбарлар ҳам бўлди.

Лекин асос саволларни Москвада тилга келтирганим миллий масалаларга оид фикрларимнинг юмшоқ ревизияси, дейиш мумкин эди.

Ҳар ҳолда, Рафиқ Нишонов бу билан Москвага «мана, бу миллиятчи ўзбекнинг ножўя ҳаракатларини «Актив» олдида муҳокама қилиб, унга дарс бердик», дея ўзини оқлади, деб ўйладим.

НОМЗОДЛИККА НОМЗОД САЙЛОВИ

Москвадаги пленум шов-шувидан илҳомланган ёшларимиз ҳаракатга тушиб қолишди.

1989 йилнинг февраль ойида Тошкент Давлат Университети талабалари каминани СССР Олий Совет депутатлигига номзод кўрсатдилар. Аммо бу номзодликка номзод ҳисобланарди, холос.

Чунки ҳақиқий номзод бўлиш учун сайланаётганингиз «округ»дан танланган одамлар бир ерга келиб, сизга овоз бериши керак эди. Шундай «ер» сифатида Ўрдадаги «Агросаноат саройи»ни танлади коммунист раҳбарлар.

Сарой атрофида бизнинг тарафдорлар изғиб юришарди, улар кўп эди. Аммо уларни мажлис залига киритишмаганди. Зотан шундай бўлишини билардим. Уларга далда бериб, ичкарига кирдим.

Бу «округ»дан номзодликка номзодлар ўнтага яқин эди.

Уларнинг ичида коммунист бўлмаган битта мен эдим.

Саройнинг катта зали лиқ тўла одам эди.

Бу оломон Тошкент шаҳар компартияси секретари Сатин деган рус томонидан танланиб юборилган одамлар эди.

Менинг номзод бўлиб сайланишдан умидим йўқ эди.

Фақат менга берилган минбардан фойдаланиш учун бу имконни қўлдан бой беришни истамай у ерга боргандим.

Номзодликка номзодларни президиумга чақиришди.

Биз саҳнага кўтарилиб ҳайъатда исмларимиз ёзиб қўйилган ўринларга ўтирдик.

Сўз менга келганда қуйидаги нутқни ўқидим 

(нутқ парчаси видео тасвирдан ёзиб олинди):

«Брежнев замонида ошиғи олчи бўлганлар “Брежневнинг қурбониман” деб жар солмоқдалар. Рашидов қозонини ялаган улар, “Рашидов мени таъқиб этди”, дея биздан мукофот кутмоқдалар. Аммо Сталин майиб этган, Брежнев ҳақорат этган, Рашидов тазйиқ ўтказган инсонлар чеккада жим туришибди. Улар уятдан, чидаб бўлмас уятдан ерга киришга тайёр бўлиб бир чеккада туришибди.

Бу иккиюзламачи, фирибгар гуруҳ қаршисида улар ожиздирлар. Зеро, Тўғрилик ўзини ҳимоя этолмайди. Тўғрилик ўзини оқламайди, у “Мен хўрланган эдим”, деб, нолишдан ор қилади. Xайрият, бу фирибгар тоифанинг услуби эскирди. Xайрият, унинг кўзларини ёғ босган, у жоҳил деб билган омма бугун оҳиста ХАЛҚқа айланмоқда. Сон сифатга айланмоқда, қулаётган номус туғи яна тикланмоқда. Фақат биз шикоят қилмасак бўлди, “Мана бу жойим кўкарди”, “Мана бу жойим шилинди”, деб шикоят қилмасак бўлди. Сиз кўкарган жойингизни, шилинган тиззангизни ўзингизга шараф деб билинг, эҳтимол чеккада туриб устингиздан кулаётган қавмдошларингиз бордир, уни ҳам, бу кулгуни ҳам мукофот сифатида қабул этинг.

Иш энди бошланди, ҳали жароҳатлар кўп бўлажак. Бу – ҳар қандай инқилобнинг темир қонуни. Секин-аста атрофга бир қаранг, уйғониш фасли бошланди. Бу уйғонаётган мусича эмас, бола эмас, бу уйғонаётган – бизнинг халқимиздир. Яқиндагина “оломон” дея аталган халқ кўзларини очмоқда… Устига ҳақорат тўри ташлаган буюк бир хилқат қимирлаб қўйди. Лоақал шу тўрни олиб ташлашга ёрдам беринг. Кечаги бир зум шуҳрат, маишатдан, манфаатдан воз кечиб, xалқ номи қораланиб турганда, ўз номимизни oқлaмайлик. 70 йил тарих учун қош ва кўз орасидай гап. Tўғри, биз кўп нарсаларни йўқотдик: “Маданиятимиз гули бўлмиш адибу одамларимизни, ҳосилдор ерларимизни, денгизимизни, шифобахш боғу-роғларимизни, соғлиғимизни йўқотдик”. Гоҳо ўтмишга ҳурмат туйғусини, бугундан умидни, келажакка ишончни ҳам йўқотгандай бўлдик. Аммо йўқотмаган бир бойлигимиз бор-ку, у бойлик улус.

Урушлар, қирғинлар, ҳақоратлар қуршовидан омон чиқдик, биз бугун яна ўз еримизда, яна ўз уйимизда, ўз маданиятимиз, ўз тилимиз билан юзма-юз турибмиз-ку!

Шу ер, шу маданият, шу тил бизники.

Уларни аждодлар бизга ишониб қолдирганлар, уларни асраш ва юксалтириш бизнинг зиммамизда. Афсуски, ўйлашга вақт йўқ, эҳтиёт бўлишга вақт йўқ, қадамни босиш керак, фақат ўйлаб босишга вақт йўқ. “Қайта қуриш” турғунлик пардасини юлиб олди, бу парда ортидаги муаммолар бизга фурсат бермаяжак, уларни ечмоқ керак, ва ёки яна пардани осиб, уйқуга кетмоқ керак. Аммо биз уйқудан тўйдик, шу кунгача не бўлса, бари уйқуда бўлди. Бизни уйқумизда бадарға этдилар, уйқумизда “халқ душмани” бўлдик, уйқумизда бизни сотдилар, уйқумизда отдилар, биз ухлаб бўлдик, бизга жой тўшаманг…»

Кейин номзодликка номзодлар ҳақида баҳс бошланди.

Менинг номзодимни қўллаб, Ёзувчилар Уюшмаси раиси Одил Ёкубов минбарга чикди (Бу «сайлов»нинг видеоси интернетда мавжуд).

Одил Ёқубов илк жумласиданоқ мени оқлай бошлади: «Вокруг Мухаммада Салиха очень много разговоров. Может быть, очень может быть, среди этих разговоров есть и

справедливые, но в целом Мухаммад Салих очень талантливый поэт, в целом он выступает за Советскую власть, за нашу партию, за рабочий класс!»

Видеодаги кадрда Одил Ёқубовнинг бу сўзлари сирасида ўз юзимда истеҳзоли табассумни кўрдим. Албатта, Одил Ёқубов яхши ният билан мени ҳимоя килганига ишонгим келди. Аммо нега мени у ҳимоя қилиши керак, дея жаҳлим чиқаётганди.

Одил акамиз менинг нафрат этганим «коммунистик партия ва рабочий классни М.Солиҳ севади», деб мени яхши ният билан ҳақорат қилди. Жаҳлим шунинг учун чиқаётганди.

Менинг ўз миллатим қадрини тилга келтирганим учун Русдан кечирим сўраш керакми?

Юзимдаги истеҳзода, менимча, шу савол ёзилганди.

Менинг очиқча қарши чиқаётганим Совет ҳокимиятига мени оқлаб, «йўқ, у сизларга қарши эмас», дейиши жуда эриш туйилди.

Балки у чет элда босилаётган менинг антирус ва антисовет чиқишларим учун қамалиб кетишимга тўсиқ бўлиш учун, яхши ниятда қилгандир, деб яхши гумон қилдим.

Аммо бу менинг пир бўлган ҳафсаламни тузатмади.

Чунки Кружилин-Хисомов мақоласидаги менга қўйилган «ирқчи», «антисовет» қабилидаги айбловларни Одил акамиз «очень может быть среди этих разговоров есть и справедливые», дея тасдиқ этаётганди.

Хуллас, кутганимиздек, номзодим номзодликка қабул қилинмади. Номзод қилиниб бир қурилиш трести бошлиғи, коммунист раҳбар «сайланди».

Сиз Муҳаммад Солиҳнинг, Водийда ўлиш тақиқланган аудиокитоби 4 қисмини тингладингиз. Давомини Элтуз каналининг кейинги ёйинларидан изланг. 

Тағин ўқинг
12 март 2021
Бу ерда ўзлари учун йиғлашмас, Бу ерда йиғлатар бировнинг дарди. Бу ерда бировнинг ғами муқаддас, Бу ерда табаррук ўзганинг ...
14 ноябр 2025
Президент маслаҳатчиси Руслан Давлетовнинг маълум қилишича, Бухоро давлат техника университети бугунги кунда жиноятчилик содир этилиши бўйича Республикада иккинчи ўринда. ...
30 май 2019
Кристиан Ласслет Коррупциялашгани билан танилган Ўзбекистон давлати ўзини ислоҳ қилишга уринаётган бир пайтда янги суриштирувлар давлат ва хусусий сектор ...
26 сентябр 2025
Тошкент вилояти боғчаларида болалар оммавий заҳарланмоқда. Пскент ва Бўка тумани юқумли касалликлар шифoxоналари ўнлаб болаларга тўлган.  24-сентябр куни вилоят ...
Блоглар
2 декабр 2025
Мен табиатнинг уни вайрон қилган мулозимлардан бу қадар тез ва самарали қасос олишини кутмаган эдим. ...
1 декабр 2025
Марадер яъни талончи деган сўзни «капандўз» деб ҳам айтишади. Шундай одамлар бор ўликларни гўрдан қa ...
29 ноябр 2025
Ўзбекистон – эътиқод эркинлиги кафолатланган давлат. Қонунларда шундай ёзилган. Aммо амалдачи? Мактабларда, коллеж ва университетларда ...