Тўриққа йўриқ керак
(ҳажвия)
Бойлар “Камбағаллик қурсин, қачонгача томи йўқ мошину, дунёни бошқарадиган телефон ишлатаман” деб нолиётган замонда, пештахтага “ҳайдовчи, оқ йўл” деб ёзиб йўллар ковланган замонда, танкни боши чир айланган, запоражни ичаги чаппа жойлашган замонда ҳам пишакка пишт, товуққа кишт десанг нари кетади.
Уловнинг йўриғи бошқа, уни устига миниб бошқарасан. Эшакка хих дейсан, отга чу дейсан, туяга ҳалла деб ангарни айланиб келасан. Эшак минсанг қўлингда халачўп, от минсанг қамчи, туя минсанг босқўп бўлади. Мошин минсанг қўлингда йўриқ керак. Йўриқсиз мошин миниб бўла-ма?! Йўриқсиз аспалга чиқиб бўла-ма?!
Йўриқ ҳалокатдан асрамайди, гайидан асрайди. Мана кеча Сирдарё йўлида ўттиздан ошиқ мошин бир-бири билан тўқнашди. Шопирларни ҳаммасини қўлида пираваси бор, йўриғи бор. Барибир тўқнашди. Пирава ҳалокатдан асрайди деб ёлғон айтарлар пирава устида соққа қилаётган кўринмас қотиллардир.
Ҳар кун Ғазо урушида қанча бола, аёл, эркак ўлаяпти билмайман. Украина урушида ҳар кун қанча ўлаяпти билмайман. Ҳар кун бўмба тушмаётгани аниқ. Аммо Ўзбекистонда ҳар кун авариядан урушда ўлаётганлардан кўпроқ ўлаётган одамлар борлигини тахмин қиламан. Уч йилда тожвирусдан қанча одам ўлди билмайман, лекин аварияда соғлом одамлар ҳам ўлаётгани аниқ. Жамиятга хавфли деб спидга чалинган фоҳишалар аварияда атай ўлмайди. Соғлом одамлар ўлади.
Биргина ўтган йилини ўзида полис томонидан ўн мингга яқин авария дафтарга ёзиб қўйилган. Пишакни уриб кетган, эшакни уриб кетган, одамни уриб кетган, қайд қилинмаганларидан ташқари шунча ҳалокат. Бу аварияларнинг ҳаммасидан одам соғ чиққан деган жойи йўқ. Ўлимлар ҳам бир талай. Бир йилда чақалоқдан тортиб кампиргача – 3000 минг кишига яқини мошин қотиллиги туфайли ўлган. Тўққиз мингга яқини жиддий жараҳотланган. Қанчаси майиб-мажруҳ.
Тўғри, ҳамма мамлакатларда ҳам авариялар бор. Бироқ ҳамма давлатда ҳам йўриқ олиш учун бизни жамият қадар кураш йўқ. Права олиш учун қанча кураш кўп экан, шунга қараб авария йўқ ҳисоби бўлиши шартда! Аспирантурага кириш учун бунча жидду жаҳд йўқ.
Йўлга йўриқ олиш учун жидду жаҳд қилган, азми қарор қилганлардан бири “Қарсак” газетасида ишлайдиган Еврийваччани яхши биламан. Кунлардан бир кун “Америкага кетаман” деб қолди. Ойлиги яхши, шаҳарни ўртасида уй-жойи бор, мошин ва хотин олишга пули бор. Ҳайрон бўлиб:
– Нима учун? – дедим.
– Права олишга! – деди.
– …
- Мурод деган курсдошим Америкада права олибди, права олиш осон экан – деди.
Шунақа! Тузилма расво, жамият итбалиқни кўлмагида қолган жамият. Олий маълумотли одамлар ҳам, Ўзбекистонга фойдаси тегадиган миялар ҳам четга кетиб қора ишчи бўлиб ишлашни афзал кўради. Ким сабабчи? Албатта нафси оч ҳаромхўрлар сабабчи. Президент билан халқни ўртасида панжарадай турган коррупциянер, порахўр, тамагирлар сабабчи. Ватанни илдизига тушган қуртлар сабабчи. Ватанни еб яна ватанни номидан сўзловчилар сабабчи. О, она Ўзбекистон! О, битта правачалик қадрсиз одамлар! О…о..о..
– Қўй, она юртимиздан ол, шу пиравани! Она юртим пираваси деб қўшиқ айтамиз кейин, – дедим.
– Ўн марталар имтиҳон топширдим, тестдан ўтолмадим. Ҳар ой ойлигимдан бир милён икки юз минг пирава учун ажратиш малол келиб қолди. Шу пулни йиғсам Америкага йўлкира бўларди, – деди…
– Ҳм…тўғри.
– Компютиридан 20 минут фойдаланганим учун бир милён икки юз минг сўм. Ноинсофлик. Мана ўзимни ноутмугимни олиб бориб фойдалансам бўлади-ку. Нимага асосланиб бир милён икки юз минг деган тест нархини?
– Билмасам…
Ўйлаб қоламан. Нимадир хато. Олий маълумотли. Оғир-босиқ йигит. Мошинни учириб ҳайдамайди. Исм – фамилясини ёзишда хато қилмайди. Қонун – қоида асосида яшайди. Бироқ мошинни учириб ҳайдайдиганлар, сўзни ўқий олмайдиганлар, босар-тусарини билмаганлар имтиҳондан ўтиб пирава олиб бир кунда битта пишак ва битта одамни уриб кетиб бемалол юрибди.
Бу йигит эса ўзини ўлдирса ўлдиради, лекин бировни мошинда уриб кетиб ўлдирадиган одам эмас. Нимага бу пирава ололмайди. Ё пирава сотиб олишга пули йўқми? Пирава сотилмаяпти деб ким айтди? Ўн қадамда бир ҳаром жамиятда ҳамма нарсани сотиб олса бўлади. Бу жамиятда ҳаром йўқ деб ким айтди? Нашаванд, фоҳиша, ўғри, тиланчи, қул, қиморбоз кўп бўлса қайсидир мамлакатда, унинг эли қашшоқдир. Нафақат пирава, номус ҳам сотилади мен муқаддас деб билган шу тупроқда. Одамлар судхўрлик ортидан топган пулидан эҳсон қутига қўйиб жаннатдан ер кадастр қилиб оляпти. Ҳатто динни қурол қилиб савобни сотиб оляпти. Маккага хурмо экиб данагини сотиб фойда қилишни ўйлаяпти. Яна Худо деб калималар қайтариб қўяётган дам, раислари яшириб тахта сотган дам, ҳокимлари “луббўй пезнес хараша” деган дам пиравани ҳам сотиб олса бўлади. Правани нархи ўқиш ва имтиҳон нархларига қараб ўсиб боради. Эшитишимча, тестдан ўтказиш минг дўллирга чиққан ҳозирги кунда. Пиравани нархи демак жуда кўтарилиб кетган. Топиш қийин шекилли.
Еврейвачча ё пиравани сотиб ололмайдими? Таниши йўқми ё. Йўқ. У ҳалол! Бошқа ишларда чапга юриши мумкину аммо давлат, ватан деган жойида у ҳалол! Пиравани имтиҳондан ўзи ўтиб ҳалол олмоқчи эди. Бўлмади. Роса тест ёдлади. Шу тестларни ёдлагунча инглиз тилини ўрганганда айилтс оларди. Жиззахга борди, Карманага борди, Тўйтепага борди имтиҳон учун. Ҳар борганда бир милёндан шақиллатиб санади. Бориб келиш йўлкираси-чи, еб-ичиши-чи? Эҳ-е… Давлатдан олган ойлигини яна давлатга топшириш билан андармон икки йилдан буён. Ўн иккита вилоятга бориб кўрди. Худди бошқа вилоятда Тошкентдаги тест саволлари ўзгариб қоладигандай. Энди Америкага бориб пирава олмоқчи.
Бу йигитга ўхшаганлар кам эмас. Ўзбекистонда енгил мошинга йўриқ ололмаган минглаб ўзбеклар Америкада трак, камаз, краз, кема, самалит ҳайдаб юрибди. Енгил мошин нари турсин ўшаларга йўриқ оляпти. Умар деган куёв пирава ололмай Америкага кетган эди, ҳозир автопарк бошқаряпти. Марҳабо деган ижодкор қиз Ўзбекистондан пирава ололмаган эди. Америкадан пирава олиб тирак ҳайдаб юрибди. Имтиҳондан ўтиб пирава олиш қийин даврлар эди у пайтлар ҳам. Чунки пирава сотиларди у пайтлар. Сотиб олишга виждони йўл қўймаган одамлар ўшалар. Америкада сотиб олган деб ўйлайсиларми? Йўқ. Имтиҳонга кираётганини менга думалоқ видео қилиб ташлаган. Имтиҳондан ўтиб олган!
Америкада мошин ҳайдаш учун йўриқ нархи турли иштатларда турлича. 30 дўллирдан энг баланд 70 дўллиргача. Гўгил айтди. (Йўриқ (лисензе, улов ҳайдаш ҳуқуқи) + рўл имтиҳони, амалиёт (аплекешн)+тест, (компютир имтиҳони). Ҳаммаси шу нарх ичида. Тирак ҳайдайдиган Тоир ( қора ишчи ) ойига 12 минг дўллир юборади. Еб-ичгандан ташқари. Бу дегани 15 000 000 сўм ўзбаки сўмда. 40 дўллири бир ойликдан пиравага ажратса неча фоиз ажратган бўлади? Тахминан 6 фоиз. Одам ойлигига деярли безарар сўмма.
Бизда ўртача иш ҳақи неча сўм? 4 милён дейлик. Энди пирава нархини ҳисоблаймиз.
Мошинмактаб 6 000 000 сўм (ўртача)
Тест 1 000 000
Амалиёт 1 000 000
Ҳужжатлар 800 000
Йўриқ чиқариш 270 000
Тиб 150 000
Жами: 10 000 000 сўмга бориб қолади.
Беш минглик елим ва чип, ёзув кетмайдиган пиластик қоғоз 270 минг сўм бўлгач, нимадир хато бу ерда.
4 милён ойлик билан давлат ишида ишлайдиган одам бутун умр пирава олмаслиги керакми шунда?!
Пирава олиб уйда бола чақаси билан оч ўтирадими икки ой. Газ, сув, свет деган солиқларни тўламайдими? Қарздорсиз пирава олганингиз учун деб МИБдан босадими? Ойликни эллик фоизи ҳам эмас. Қачон тўяди булар? Бус-бутун, кейинги ойликни ҳам қўш-қўллаб топшириши керакми? Бойга билинмайди, юқорида ўтирган басирлар халқни ҳаммасини бой деб ўйлайдими? Бир камбағал омадлоттадан мошин ютди. Кира қиламан деб ўйлади. Пирава олиш учун пул ишлаб келай деб ўрисга мардикорчиликка кетди. Ҳали тириги ҳам ўлиги ҳам қайтгани йўқ.
Амал-тақал қилиб молбозордан қўй ортиб келиб кун кўраман деб жигули олган бири бор. Пирава олишга мошинни сотса ҳам пули етмайди. Мен айтадиган бу қашшоқ қатламни авария қилади деб ўйлайсиларми? Бу бечоралар қиммат мошинларни туртиб қўйишдан қўрқади. Пирава берадиганларга давлатни ойлиги етмайдими? Бунча пулни халқни устига юклашига виждон қийналмайдими? Бировга шопир бўлиб ишласа ҳам авария қилмайдиган одамлар йўриқ олишга қийналади-ю, босар-тусарини билмаганлар бемалол йўриқ олади. Нимадир хато эмасми?
Майли тест қийин бўлсин, майли амалиёт қийин бўлсин. Нарх-чи? Ўша нарх бўлмаса тестдан бемалол ўтадиганлар топилмайдими? Топилади. Тошкентдаги автобусларни ҳам маданият билан ҳайдайдиган шопирлар кўп халқ ичида…
Жуда қийналса пирава бериш ҳуқуқини мактабларга берсин. Майдонларни мактабларга топширсин. Бола мустақил ҳаётга аслида мактабда тайёрланади. Инсоннинг бутун умрлик пойдевори мактабда қўйилади. Танк ҳайдашни ҳам ўргансин керак бўлса…
Мактабда кўча ҳаракати деган дарс бўларди. Ҳозир-борми йўқми билмадим. 5-синфдан ўн биринчи синфгача пиравага ўқисин 5 йил. Ҳафтада бир кун, бир соат. Қани биров қоида бузармикан?! Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақшдир. 11 синфда, 18 га кирганда амалиётга олиб чиқсин. Имтиҳондан ўтганига аттестатга қўшиб пирава ҳам берсин. Битта аттестатни кўтариб мактабдан тўғри ўрисга ишга кетмайдиган бўлади. Ҳеч қурса битта ҳунарни ўрганиб чиқади. Иккита ҳужжат билан чиқади. Мактабларни ҳолати бир ҳол. Меҳнат дарсида болалар на дрон ясашни ўрганади, на телефон ясашни ўрганади.
Фақат кетмон даста ясашни ўрганиб чиқаяпти. Пахта чопиқ қилишни ўрганяпти. 11 синфда ҳатто автоматни кўрмаган, ҳарбий дарс йўқ. Ватанни қўриқлаш нима эканлигини ҳис қилмай чиқаётган болаларни қанчаси террорчи бўлаяпти, қанчаси ўрис армиясига бориб хизмат қилаяпти. Милтиқни ушлашни улардан ўргангач, ўзини ватанига ҳам милтиқ ўқталадиганлар пайдо бўлади-да… Қизлар ҳам, ўғиллар ҳам пирава билан мактабдан чиқса яхши эмасми?! Барибир барчаси мактабни битиргач пирава олиш учун пул кўтариб югуради. Отасини мошинини обқочади, ҳужжатсиз ҳайдайди. Ёшлик қилади деган баҳона бу жойда кетмайди. Пиравани икки йилдан кейин мактабдан олиб кетасан деса ҳам бўлади. Аслида 16 ёшли бола руҳан ҳам, жисмонан ҳам мустақил ҳаётга тайёр бўлган бўлади, ёшлиги қолмаган бўлади. Мустақил фиклай олиш даражасига етган бўлади…
Шунақа ўйлар билан Еврийваччага қарайман. У сўрайди:
– Американи пираваси халқаро пирава тўғрими? Ўзбекистонни пиравасидан кучлими?
– Билмасам. Мен мошин ҳайдамайман. Рўл, тўрмиз-пурмизни кўрсатсанг, Амирикада ўқимасам ҳам бемалол ҳайдайман,- дейман.
У яна алланималар дейди. Мен латифа айтаман:
“Бир йигит мошин ҳайдаб кетаётса, Гайи тўхтатибди:
— Ҳурматли ҳайдовчи, ҳужжатларингизни тақдим этсангиз.
— Мени кимлигимни биласизми?
— Йўқ, билмайман. Ҳужжатларингизни тақдим этсангиз… – дебди яна.
— Оламжонов деган одамни танийсизми?! – дебди йигит.
— Ҳа, танийман!
— Мен ўшани ўғли бўламан!
— Ие, Оламжонов менман-ку! Бу ёққа тушчи ўғлим. Нега сени аввал ҳеч кўрмаганман?! – дермиш Гайи”
Еврийвачча мийиғида кулади-ю Америкага кетиш орзусидан қайтмайди.
У жидду жаҳд қилган. Футболдан жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси қатнашади. Мусобақа Америкада бўлади. У бугундан футбол кўрмоқчи. Футболга мухлис бўлмоқчи. Мухлис бўлиб футболчиларга қўшилган ҳолда Америкага кетмоқчи. Истадионга кириб олса бўлди. Ҳеч ким уни тополмайди. Самалитдан қолиб кетади. Кейин пиравага ўқиб Ўзбекистонга пирава билан қайтмоқчи. Ўзбекистонда Американи пираваси ўтадими-йўқми билмайман. Қариб мияси аввалгидай фаолиятдан тўхтаган Трамп ҳам уни бу ишидан норози бўлиши мумкин. Маҳмадона чол ҳам инсон қадрланадиган Америкада инсон қадрига нисбатан қаровсизлик қила бошлаган. Еврейвачча жуда ақлли, Мексика орқали кетса сиёсий душман дейишлари мумкин. Буни билади. Қолаверса тимсоҳларга ем бўлишдан қўрқади. Тимсоҳ нари турсин касраткидан ҳам қўрқади. Виза олиш қийин. Греен кард ўйнаса унга виза чиқмайди. Виза чиқиши учун у Самарқандлик бўлиши керак. У ўйлаб-ўйлаб футболчиларга қўшилинг кетиш қарорига келган. Унинг сизларга саволи бор:
- Америка пираваси Ўзбекистонда ўтадими-йўқми?
2.12.2025
Талант ТОЛЕРАНТ
