«Водийда ўлиш тақиқланган» 15-қисм
Муҳаммад Солиҳ
ПРОФЕССИОНАЛ АГЕНТ
1994 йил 7 июлда, Тожикистон мухолифати лидери Акбаржон Тўражонзода бизга меҳмон бўлиб келди. У билан Марказий Осиё мухолифат ташкилотларининг ҳамкорлигини муҳокама қилдик.

Менинг уйимда олинган бу расмда ўртада Тожикистон Исломий Уйғониш ҳаракати лидери Акбаржон Тўражонзода, сўл тарафида Мадамин Муҳаммад Юсуф (Муфтийнинг укаси)
Биз Истанбулда экан, ДХХ ва Ички Ишлар Вазирлиги (ИИВ) ҳамкорлигида бизнинг сафимизга бир агентини киритишга муваффақ бўлдилар.

Бу агент Аҳтам Розиқов ИИВ нинг 8-бўлими зобити эди.
Мухолифатга 90-йиллар бошида аввал «Бирлик» кейин «ЭРК» фаоли сифатида қўшилган.
1993-94 йилларда «ЭРК» газетасини Истанбулдан Тошкентга олиб бориш иши билан шуғулланган. Тошкентга олиб келинган “ЭРК” газетаси тиражининг кичик бир қисмини тарқатиб, қолган қисмини ДХХ ходими Васила Иноятовага топширган. Васила ўз навбатида тиражни тўлалигича ДХХга берган.
Аҳтам Розиқов Самарқанд шаҳрида Герман Титов номидаги №1 уйда яшайди.
ЧЕЧЕНИСТОН
Бизнинг алоқаларимиз кенгаяётганидан безовта бўлган мезбон ўлка органлари нашр ишларимизни тўхтатишни сўради. Сафдош дўстлар билан маслаҳатлашиб, газета нашрини Чеченистонда давом эттиришга қарор қилдик.

1). ‘Туркаш Бей бу кишиларни қабул қилиш учун Чеченистон раҳбари Дудаевга тавсия хати ёзди”.
2). Ўзини мустақил «Жумҳурият» деб эълон қилган Чеченистоннинг визаси.
Бу ўлка раҳбари Жоҳар Дудаевни танимас эдим.
У билан алоқа ўрнатишга Миллиятчи Ҳаракат Партияси (MHP) раиси Алпарслон Туркаш воситачи бўлди. Чеченистонга аввал икки вакилимиз – Мурод Жўраев ва Юсуф Рўзимуродовни юбордик. Туркаш Бей бу кишиларни қабул қилиш учун Чеченистон раҳбари Дудаевга тавсия хати ёзди.
Бу кишилар Грознийга етиб боргандан сўнг Жоҳар Дудаев билан юзма-юз кўришадиган бўлдик.
У пайтда Россия билан уруш арафасида яшаётган эди. Мамлакат ташқи дунёдан изоляция қилинган, аҳолининг иқтисодий аҳволи анча танг эди. Шунга қарамай, биз Туркиялик ёрдамчим Tuğtekin билан, янглишмасам, 21 июл 1994 йилда Истанбулдан Грознийга парвоз қилдик.
Чеченистон раҳбари Жоҳар Дудаев бизни жуда яхши қабул қилди.
Бир ҳафта Грознийда қолдим. Дудаев билан ҳар куни кўришдим ва узундан узоқ суҳбатлар қурдик.
Генерал Дудаев ҳарбий бўлишига қарамасдан, ўша давр сиёсий арбобларига нисбатан анча илғор фикрли ва жасур бир шахс эди. У билан газета нашри, ҳатто китоб нашрлари ҳақда ҳам тафсилотли гаплашиб олдик. У билан жуда самимий ва дўстона айрилдик.
Уни Туркияда кутишимни айтдим. Мутлақо кўришайлик, иншаАллоҳ, дея видолашдик.
Лекин бу режаларимиз амалга ошмади.

Бизнинг учрашувимиз ўзбек диктаторининг қулоғига етиб борди. Ўзбекистон ичидаги тазйиқ яна-да кучайди. Менинг ва укам Муҳаммад Бегжоннинг шахсий уйларимиз Каримов амри билан конунга зид равишда мусодара этилди. Биз нашримизни Истанбулда давом эттиришга мажбур бўлдик.
Нашрни тўхтатмаганимиз Турк ҳукуматини ранжитди ва 1994 йил октябр ойида Туркиядан чиқиб кетишимни талаб қилдилар.
Хонимим билан Олмонияга чиқиб кетишга мажбур бўлдик. Биз 20 октябр 1994 йилда Истанбулдан Франкфуртга учдик. (Фарзандларим Умида вa Темур Туркияда қолди, чунки паспортлари йўқ эди).
Туркияда қолганимиз 1993-1994 йиллар орасида бизга Бош вазир ўринбосари Комил Южауро, журналист Исмоил Женгиз каби биродарларимиз яқиндан ёрдам беришди, соғ бўлсинлар. Бу каби дўстлар туфайли газета ва китоб нашр этиш, овозимизни Турк ва дунё жамоатчилигига етказиш борасида қийматли тажрибаларга эга бўлдик. Биз Олмонияга кетсак-да, нашр ишимиз бу дўстлар соясида давом этди. Газетани гизли равишда Туркияда босиб, эски услубда Ўзбекистонга баҳоли қудрат етказиб турдик.
Бунга жавобан диктатор Каримовнинг амри билан 1994 йил 11 декабр куни укам Рашид Бегжон ҳибсга олинди ва уни етти ой давомида маҳкамага чиқармасдан Урганч қамоқхонасида қийнашди. Сўнгра Рашид Бегжон ҳеч кандай конкрет айб қўйилмасдан 5 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. «Амнести Интернейшнл» ташкилотининг мурожаатларига қарамай Рашид Бегжон қамокдан озод қилинмади.
1995 йил январ ойида Туркияда чиқадиган кўп тиражли «Sabah» газетасининг биринчи саҳифасида берилган Чеченистон раҳбари Жоҳар Дудаевнинг портрети бизнинг Истанбулда юритаётган фаолиятимизнинг узилкесил тўхтатилишига асос бўлди.
Гап шундаки, расмда Жоҳар Дудаевнинг столида ётган Исмоил Ченгиз қаламига оид «Özbekistanda demokratikleşme ve Muhammed Salih» китоби ўзбек диктаторининг ғазабини кўкларга кўтарди.
Каримов «ЭРК» нинг одамлари ҳали ҳам Истанбулда газета чиқариб, Чеченистонда жангариларни тайёрлаяпти, деган иддао билан Турк ҳукуматини айблади.
Натижада Туркияда тайёр газетани босмaхонага берадиган бир кишимизни ҳам бу ишдан узоқлашишга мажбур этдилар.
Ҳолбуки, “ЭРК”нинг 10 кишилик тақимидан Пирмуҳаммад Холмат, Рустам Мардон, Эркин Шерматов, Паҳлавон Содиқ, Хайруллоҳ Файз, Муҳаммад Бегжон, Мақсуд Бегжон, Зариф Султон аввал Москвага, кейин Украинага кетишган эди.
Бу тақимдан Истанбулда икки киши қолганди. Улардан бири газетага муҳаррир этиб тайинлаганимиз Жаҳонгир Маматов, иккинчиси “ЭРК ”фаоли Намоз Нормўмин эди.
Улар ўзларининг «ЭРК»дан эмаслигини эълон килиб, қувғиндан қутилиб қолишди: Н. Нормўмин «ЭРК» кейинги йилларда ўз йўлидан узоқлашгани учун ундан чиқдим, деб «Озодлик» радиосига баёнот берди. Маматов эса Туркия коммунистларининг «Ойдинлик» номли газетасига интервью берди, шу газетадан иқтибос: «…Айни йилларда (1993-1996) Туркияда бўлган Жаҳонгир Муҳаммад Солиҳдаги бу ўзгаришни Саудия Арабистони, АҚШ ва Туркиядаги ўзбек бойваччаларидан олган пулга боғлади».

Умуман, миллий ҳаракат сафига шахсий манфаатини кўзлаб кирганлар озмунча бўлмаган. Булар ҳаракатга КГБ тарафидан киритилган қулоқлардан кўпроқ зарар келтирди. Чунки КГБ ходимлари вазифасини бажариб, ҳаракатдан узоклашса, мухолиф ниқобидаги бу нусхалар узоқ йиллар давомида Ҳаракатимизни обрўзсизлантиришга уриниб, умрларини Каримов режимига қарши эмас, Ҳаракат ва шахсимга қарши курашга сарфладилар. Бу хоинликлар ҳужжат билан собитдир.
Уларнинг мукофотларини Аллоҳ, баҳосини тарих берсин.

Пастда Жаҳонгир Маматовнинг Туркия коммунистлар газетасига берган ихборидан парча яшил доирада кўрсатилган:
ФРАНКФУРТ, КИЕВ, СОФИЯ, БУХАРЕСТ
(1994-1998)
1994 йил октябр ойидан бошлаб аёлим Ойдин хоним билан Франкфурт шаҳрида яшай бошладик.
Ҳам шахсим учун, ҳам сиёсий фаолият учун «Сукунат даври» деб аташ мумкин бу даврни. Балки, «ҳузурсиз сукунат даври» дейиш тўғри бўларди.
Сиёсатан айтганда, Ўзбекистондаги «Бир Киши Режими» мустаҳкамлана бошлаган бир давр. Порлоқ келажакка бўлган умидларимиз секин-аста қорая бошлаган давр.
Ўзбек мухолифатининг 1991 йил бўлиб ўтган Президентлик сайловларида кўрсатган юксак перформанси йил ўтган сайин жамоатчилик тарафидан унутула бошлаган давр.
Бунга параллел ўлароқ қўлимизда тутганимиз ватанга боғланган ипнинг тобора инжалашаётгани замонлар.

ТЎҒРИ ИНСОН ҒАРБДА ҲАМ, ШАРҚДА ҲАМ ТЎҒРИДИР
1995 йил ноябрда биз Ойдинхоним билан Берлинли шоир ва бард Эккехард Масс ва рассом Шуҳрат Бобожон ташкил қилган Берлин саёҳатига кетдик. У ерда тилчи олимлар, шоирлар ва жамоат арбоблари билан учрашдик.
Улардан энг ёрқин хотирам бир аёл ҳақида. Бу аёл Берлинлик рассом ва собиқ Шарқий Германиянинг машҳур диссиденти Барбела Болей (Bärbel Bohley).

1989 йил ноябрь ойида Берлин деворининг қулаши ва бу қулашга олиб келган таҳликали сиёсий воқеаларнинг баҳайбат фигурасига айланган нозик жуссали аёл.
Тўғри инсон Ғарбда ҳам Шаркда ҳам тўғридир. Капиталистик режимда ҳам, социалистик режимда ҳам тўғридир.
Барбела Болей тўғри инсон эди.
Икки Берлиннинг бирлашуви учун жонини аямаган бу аёл улар бирлашганда Ғарб олмонларининг ахлоқини кўриб, тискинди. Барбела уларнинг шарқдаги ҳамма нарсани очкўзларча, тезлик билан эгаллаб олганидан ҳайратга тушганди «Улар жуда такаббур эдилар», деганди Болей.
Отасининг Иккинчи жаҳон урушидаги Шарқий фронт ҳақидаги ҳикоялари Барбелани бир муддат пацифист бўлишга илҳомлантирди. Аммо Барбела Югославиядаги можора қурбонлари билан ишлар экан, «инсон ҳуқуқларини қўлда қурол билан ҳимоя қилиш керак» деган радикал хулосага келди.
Барбела Болей 1970 йилларда профессионал рассомга айланди. 1976 йилда у расми учун мукофот сифатида Совет Иттифоқига икки ҳафталик саёҳатни қўлга киритди, лекин у кўрган ижтимоий шароит уни даҳшатга туширди.
1983 йилда у «Аёллар Тинчлик учун» номли мустақил тармоқ тузгани учун ГДР рассомлар уюшмасидан чиқарилди.
Шу йил охирида у Британиянинг ядро қуролига қарши фаоллари ва Ғарбий Германиядаги «Яшиллар партияси»га маълумот берганликда гумонланиб, ҳибсга олинди ва олти ҳафтага қамалди. Унга мамлакатни тарк этиш, бадиий комиссиялар излаш ёки ўз асарларини намойиш қилиш тақиқланди. Шунга қарамай, у расм чизиш ва кампаниялар ўтказишда давом этди.
1989 йил май ойида бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда ҳукмрон партия томонидан овозлар қўпол равишда сохталаштирганидан сўнг, у ички ислоҳотларга чақириб, Енс Рейх ва Жутта Зайдел билан «Янги Форум» гуруҳини тузди. Бир неча ҳафта ичида бу ташкилотга 200 000 дан ортиқ одам қўшилди. Совет Иттифоқининг сўнгги раҳбари Михаил Горбачев кучайиб бораётган репрессияни қўллаб-қувватламаслигини айтганида, уларнинг вақти тугаганини тушунди. Шарқий Берлинликлар деворни бузиб ташлашни бошлади.
Болей 1990 йил сентябрида собиқ Шарқий Олмониянинг махфий хизмати «Штазе» штаб-квартирасини тинч йўл билан босиб олишга раҳбарлик қилди. Ва ҳукуматни дунёда энг кенг тарқалган махфий полиция файлларини очишга мажбур қилди.
Аммо у 1990 йил март ойида бўлиб ўтган демократик сайловларда «Янги Форум»ни хам ўз ичига олган «Алянс 90» коалициясига атиги 3 фоиз овоз берди.
Болей Шарқий немисларнинг аксарияти орзу-умидларини баҳам кўрган бир аёл эмасди. Оломоннинг лидери эмасди.
Барбела бир идеалист эди.
У икки Олмониянинг бирлашишидан олдин ва кейин содир бўлган бутун сиёсий ўйинлар ва ўзгарувчан «алянс»ларда ҳеч қачон ўз ўрнини топа олмади, топишни истамади. У лавозимга интилмади. Шарқ ва Ғарб Олмониясининг бирлашувига шошилганларга қарши чиқди. Аммо унинг салбий ижтимоий ва иқтисодий оқибатлар ҳақидаги огоҳлантиришларига ҳеч ким қулоқ солмади.
Болей ҳақда Барбара Эйнхорн шундай ёзади: «Барбела Болей, буюк жасорат соҳиби ва софдил аёл. У «Аёллар тинчлик учун» ташкилотининг муассисдоши эди. Мен уни 1982 йилда ЭНД (Европанинг ядровий қуролсизланиш кампанияси) аёллар қўмитаси вакили сифатида зиёрат қилдим. У пайтларда ГДРда жамиятни ҳарбийлаштиришга қарши чиқиш хавфли эди.
1983 йил Ғарбий Берлин ўрта масофага мўлжалланган ядро қуролларини жойлаштиришга розилик бериб, «Совуқ уруш»ни кучайтирди. Барбела ва унинг ҳамкори Улрике Поппе ҳибсга олиниб, «Штазе» қамоқхонасига олиб кетилди ва давлатга хиёнатда айбланди. Мен ҳам айбландим, аммо дипломатик миссиялар ва оммавий матбуот кўтарган шов-шувлар мени беш кунлик сўроқдан кейин озод қилинишимга ёрдам берди. Барбела ва Улрике олти ҳафта давомида бир кишилик камерада сақландилар. Аммо давлат уларни қўрқита олмади.
Барбела 1989 йилда “Янги форум”ни ташкил килди. Пастдан келган бу Тираниш 1989 йилги тинч йўл билан амалга оширилган инқилобнинг меъморларидан бирига айланди”.

Эккехард Масс билан Барбела Болей хоноданидамиз.
Bärbel Bohley (Бaрбeлa Болей), рассом ва сиёсий фаол, 1945 йил 24 майда туғилган; 2010 йил 11 сентябрда вафот этган.
«МИЛЛИЙ ДЕМОКРАТИЯ ИНСТИТУТИ» ТАШАББУСИ
1995 йил бошида Ислом Каримов мухолифат билан гўё мулоқотга тайёр эканлигини кўрсатиш учун Америкадаги Миллий Демократия Институтининг мухолифат билан диалог таклифини қабул қилди.
Машваратда “ЭРК” партияси номидан камина, Паҳлавон Содиқ, Ирина Денисова; “Бирлик” ҳаракатидан Абдураҳим Пўлатов ва укаси Абдуманноб Пўлатов қатнашди.
Ўзбекистон ҳукуматини расман Адлия вазири Алишер Мардиев тамсил этди. Ундан ташқари айни пайтда Вашингтонга бошқа бир дастур бўйича келган М.Муҳаммад Дўст ва Эркин Аъзамдан иборат бир «ҳайъат» ҳам бор эди. Улар ҳам мухолифатнинг кайфиятини ўрганишга майл кўрсатишди ва Муҳаммад Солиҳ билан учрашдилар. Миллий Демократия Институтидаги «диалог» Абдураҳим Пўлатовнинг” ЭРК” ва каминага қарши уюштирган провокацияси натижасида манфий натижаланди. Мухолифат у ердаги тингловчиларга ўз гўштини ўзи ейдиган шуурсиз бир махлуқ бўлиб кўринди. Бу айнан Ўзбекистон КГБсининг режаси эди. Ва афсус биз «эрк»чилар бунга тўсиқ бўла олмадик. Бизнинг диктатор Каримов режимига қарши келтирган тезисларимиз Пўлатовнинг бизга қарши шаллақиларча ҳужуми соясида қолиб кетди.
ЭЙЗЕНХАУЭРНИНГ ДАЛАҲОВЛИСИ
Бу учрашувлар давом этар экан, бизни машҳур физик олим Роалд Садеев уйига меҳмонга таклиф қилди.
Мен Садеевнинг ёрдамчиси бўлган йигитга Ўзбекистондан келган меҳмонларни ҳам олиб борсак, кўпайиб кетмаймизми десам, «йўқ, яхши бўлади» деди.
Мен Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам ва Паҳлавон Содиқни олиб бордим.
Борганимиз макон АҚШнинг президенти Эйзенхауэр дачаси эди.
Роалд Садеев плазма физикаси бўйича мутахассис ва СССР Фанлар академияси Космик тадқиқотлар институтининг собиқ директори, Совет Иттифоқи Президенти Михаил Горбачевнинг илмий маслаҳатчиси, 1980 йиллар охирида АҚШнинг 34- Президенти Дуайт Эйзенхауеэрнинг набираси Сюзан Эйзенхауэрга уйланиб, Америкада Университетда иш топганди.Бугунгача ўша ерда фаолият кўрсатмоқда бу олим.
Роалд Садеев миллиятчи, миллий руҳли инсон экан. Унинг сиймосида ўзининг турклигини унутмаган, аксинча, бу миллий шуури Америкага бориб янада кескинлашган бир зиёлини кўрдим.
Садеев билан кўп нарсани гаплашмоқчи эдим, аммо 60 йиллардаги совет диссидентлари ҳаракатига Роалднинг кўрсатган салбий муносабати суҳбатимиз самимиятига соя солиб турарди.
Албатта, буни меҳмонлар билмaсди. Улар май ичиб, ширакайф ҳолда қўшиқ айта бошладилар. Ёлғизланиб қолмасинлар деб, мен ҳам уларга бир неча сония «жўр» бўлдим.
Вашингтон саёҳатимизни шу қувноқ оқшом билан нуқталадик.
Қуйида далаҳовлидан яна бир лавҳа:

Эски дўстлардан иборат бу «ҳайъат»нинг вазифаси мухолифатнинг кайфиятини ўрганиш бўлганлиги 6-7 ой сўнгра маълум бўлди. Яна бир «комaндировка» билан Олмонияга келган депутат Эркин Аъзам «жўранг М.М. Дўст Каримовга сен билан келишиш мумкин эмаслигини айтди ва биз билан тушган бутун расмларингни унга шахсан топширди», дея телефон орқали «мужда»лади. Шу билан диктатор билан режаланган ярашув «сувга тушди».
Ва ундан кейин ҳеч қачон бундай келишувга интилиш на биз тарафдан, на-да ҳукумат тарафидан бўлди.
1994 йил ноябр ойи охирида Туркиядан қувилган «ЭРК» тақими ўз газеталарини Киевда чиқара бошлади.
Қуйида «ЭРК» газетасининг Украинaда чоп этилган бир сонининг расми:

1995 йил март ойида шахсий ҳаётимда муҳим бир воқеа юз берди: мен сигарет чекиш ва спиртли ичимликлар ичишдан воз кечдим. Ичишни тўхтатиш у қадар қийин бўлмади, аммо чорак асрлик кашандалик ҳаётидан воз кечиш нафсимга жуда оғир келди, аммо чекинмадим. Бир қўлида қалам, иккинчисида сигарет тутиш рефлексга айланган бир одам, деярли бир йил давомида ҳеч нарса ёза олмадим. Аммо яна-да олган қароримдан воз кечмадим. Аллоҳнинг ёрдами билан бу ҳаром нарсалардан узоқда қолдим.
Олмония сиёсий шовқинларни биздан бироз узоқлаштиргандай бўлди. Гарчанд телефон, факс орқали ташкилот ва фаоллар билан доим алоқада бўлсам ҳам, Оврупо қитъасининг сокин ва сарин(салқин) аураси мутаассир этди десам бу баландпарвозлик бўлмайди.
Олмония биз севган диёр Туркиядан кейин мен ва рафиқам учун бир маънавий мушоҳада лиманига айланди.
Биз узун йиллар орзу этганимиз сукунатга ноил бўлган эдик. Намоз ва ибодатим оқсамайдиган бўлди. Юқорида эслатганим инсон руҳи ва баданига зарар бўлган ҳаромлардан узоқлашишда кўрсатганим дироят менга илҳом берди. Зулмга қарши курашиш учун янги туртки бўлди. Мен яна ёза бошладим.
Шу ҳолда биз Ойдин Хоним билан ўзимизча бахтиёр эдик…
(Давоми бор)
