Турдимов “кадрлар пакети”ни ўзи билан олиб юрадими?
Сўнгги йилларда Сирдарё вилоятида кузатилаётган бошқарув амалиётида хавотирли бир тенденция тобора оддий ҳолга айланиб бормоқда.
Гап ҳоким Эркин Турдимов қаерга тайинланмасин, у билан бирга аввалдан шаклланган “ўз одамлари”, шартли айтганда, “кадрлар пакети” ҳам кўчиб юриши ҳақида кетмоқда.
Лавозим ўзгаради, ҳудуд алмашади, аммо кадрлар таркиби ва иш услуби деярли ўзгармасдан қолаверади. Бу эса бошқарувда шахс омилининг институционал ёндашувдан устун қўйилаётганини кўрсатади.
Буни аниқ мисолда ҳам кўриш мумкин. Турдимовнинг Самарқанддаги раҳбарлиги даврида “ўсган”, жамоатчиликка танила бошлаган ва айни пайтда Каттақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи сифатида ишлаб келаётган Воҳид Худойқуловнинг яқин орада Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига раҳбар этиб тайинланиши кутилмоқда.
Бу ҳолат бир қарашда оддий кадр алмашинувидек кўриниши мумкин. Аммо масала чуқурроқ. Агар муайян ҳудуддаги тизим фақат раҳбар билан келган кадрлар орқали “ишлайдиган” бўлса, демак, муаммо алоҳида шахсларда эмас, институционал бошқарувнинг заифлигида.
Ташкилот раҳбарсиз ёки “ўз жамоаси”сиз ишлай олмаса, у ҳолда тизим мустақил эмас, шахсга боғлиқ бўлиб қолади.
Бу ерда мантиқий савол туғилади. Сирдарё вилоятида етарли билим ва тажрибага маҳаллий мутахассислар ростдан ҳам йўқми?
Ёки бошқа ҳудуддан келган ёш кадр Сирдарё тиббиёти ривожи, шифокорлар ва ходимлар учун муносиб шарт-шароит яратилишини маҳаллий мутахассислардан кўра кўпроқ истайдими?
Кадрлар сиёсатида бундай ёндашув узоқ муддатда ҳудудий кадрлар салоҳиятини сўндириш, ташаббус ва масъулиятни пасайтириш хавфини туғдиради.
Тизим эса шахсларга эмас, қоидаларга, очиқ рақобатга ва маҳаллий ресурсларга таянилгандагина барқарор бўлиши мумкин.
