РТдан ваъз: Қўйлар қўчқор, одамлар қўй бўлган ўлка
Фалоний ўйлар: нечун
Томни босди тоғдек қор?
Бир найранг етган кўкка,
Америка айбдор.
Сигир қочмас буқадан,
Болалар айронга зор.
Мўминга нушкул, кофир
Америка айбдор.
Хотин дер: йилда бир ҳам
Ёлчитмайсиз, бўлдим хор.
Узун соч, ақли калта . . .
Америка айбдор.
Дилдорини ушлади
Бировлар билан бисёр.
Ёри тоза, пардали. . .
Америка айбдор.
Қизи бузилиб кетди,
Дубайда сотади ор.
Ҳаммасига лаънати
Америка айбдор.
Шу боис КГБга
Шоҳимиз шотир, ҳамкор.
Колумбни судга берай,
Америка айбдор.
(2015 йил, Юсуф Жума)
Шоир Юсуф Жуманинг 16 йил муқаддам битган бу сатирик шеъри шу кунларда Ўзбекистонда авж олган аксилғарб кайфиятини моҳирона акс эттирган. Чироғи йўқ, ойлиги йўқ, ишсиз, егани нони йўқ оломон ўзининг ўта қўрқоқлигини тан олмайди, ўзини айбламайди.
Ҳар қандай мақоланинг сарлавҳасини зўрға ўқийди. Чунки чаласавод. Кейин миллионта хато билан қинғир-қийшиқ қилиб, кимнидир қарғаб-саннаб бир нарса ëзади.
Ҳамма сувни яҳудийлар ичиб қўйгани учун томорқам қуриди, деган маънода. Мактабда ўқимаган, алифни калтак дея олмайдиганлар энди ҳўкиздай бўлиб ўтиришибди. На ëзиш, на ўқиш ва на санашни биладиган авом. Уларга анови айбдор, деб чет элдаги одамни кўрсатсанг, қарғаб беради.
Ўзи маъносини тушунмайдиган ўрисча сўкишлар ишлатади. Ҳукумат охиридан емланадиган блогер ва умуман саводи йўқ депутатлар бу авомга асосий айбдорни топиб беришди.
Эй, пийпл, ўзингни бос. Сен қўрқадиган олабўжи демократиянинг Д ҳарфи ҳам йўқ Ўзбекистонда. Ишонмасанг, ношир ва неожадид Фируз Аллаев ëзганларини ўқи. Дарвоқе, ҳарф танимаган одамга ўқи, деб бўлмайди-ку.
Яхшиси ўзим ўқиб берай:
“Демократиядан олабўжи каби қўрқадиганларни хурсанд қиладиган хабар бор менда. Бизда яқин келажакда демократия бўлмайди.
Мамлакатда демократия бўлиши учун демократик фикрлайдиган зиёли қатлам, фуқаролик жамияти ва демократик институтлар бўлиши керак. Бир неча демократик ақл марказлари ўз таҳлиллари билан мамлакат ҳаётига, фуқаролар онгига кескин таъсир қила билиши керак.
Лекин кўриб турибмизки, бизда на демократик элита, на демократик фикрлайдиган зиёли қатлам, на ақл марказлари, на демократик институтлар бор.
Уч-тўртта ажралиб чиққан зиёли, блогер ёки фаоллар билан керакли идоралар яхши ишлаб, троллар ва бошқа воситалар орқали халқ олдида номини булғаб бўлишди. Уларнинг ўзлари ҳам қўрқиб қолиб, ўзларини цензура қилиб, тилларини анча тийиб олишди.
Биз демократ деб билган қолган баъзи депутат, журналист, сиёсатчи ёки зиёлилар шунчаки эркинлик костюмини кийган қадимчи консерваторлар экани кўриниб қолди. Мамлакатнинг биринчи рақамли ахборот сайти фуқаролар онгини демократияга қарши ювиб турганда, бошқалар ҳақида нима дейиш мумкин?!
Аҳолимизга ҳам демократиянинг бир тийинлик қизиғи йўқ. 98 фоиз аҳолига демократик ислоҳотлардан кўра, машинага тонировка текин қилиниши, чиройли рақамнинг нархи пасайиши ёки тўйларни янада каттароқ қилишга рухсат берилиши қизиқроқ.
Демократияга эришиш учун инсонларнинг онги ўзгариши, ўн йиллар давомида халқда демократик руҳият, институтлар шаклланиши керак. Бошқа ҳар қандай ҳолатда ҳам демократия ўрнатиб бўлмайди
Сизни ишонтириб айтаманки, яқин 10 йилда бизда демократик мамлакат бўлмайди. Биз бунга шунчаки тайёр эмасмиз. Бизнинг онгимиз бунга тайёр эмас. Шу учун Ўзбекистонда демократия бўларкан, деб ичингизни емасдан, бугунги ошни маза қилиб енг.
Ортидан Ғарбни ва демократияни сўкиб, аччиққина иссиқ чойни ҳам ҳўплаб қўйинг. Маънавиятимизга кўз тегмасин. Дам олиш кунингиз яхши ўтсин».
Ҳозир эса қисқа хабарлар.
Қўйлар намойишга чиқди
Одамлар учун митинг тақиқланган мамлакатда 3 апрель куни қўйлар намойишга чиқди. Кўраётганингиз бу қўйлар яйловсиз қолган. Қўйларининг очдан ўлишидан қўрққан самарқандлик чўпонлар уларни Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдига ҳайдашди.
Ҳоким очликдан маъраб, яйлов сўраëтган қўйлар олдига чиқмади. Қўйлари ҳокимият айби билан яйловсиз қолган чўпонлар норози. Жаноб ҳоким, қўйларга яйлов, чўпонларга эркинлик ва ëрдам беринг! Жамиятдаги одамлар пассивлиги ва ҳокимлар ўзбошимчалигидан қўйлар азоб чекмоқда.
Oлтин топилди
Қатарда нефть топилганида халқ орасида тақсимланганди. Ўтган ҳафта Ўзбекистонда яна бир олтин кони топилди.
Чуқурқудуқ олтин кони.
Ишқилиб, Чуқурқудуқдан олинган олтин чуқур чўнтакларга кириб йўқолмаса бўлди.
Mашина ўғриси
Марғилонлик 27 ёшли Абдуқаҳҳор 1 апрель куни куппа-кундуз куни кумушранг “Спарк”ни уйининг олдига қўйиб, ичкарига кирди. 5 минутдан кейин чиқиб қараса, “Спарк” йўқ.
Камбағалнинг уйи куйса куйсин, “Спарк”и ўмарилмасин. Абдуқаҳҳор зорланиб йиғлади. Марғилон миршаблари Абдуқаҳҳорга қараб: “Йиғланмасин, нега йиғланади? Агар Мирзиëев салтанатидан чиқиб кетмаган бўлса, топамиз”, дейишди ва топишди.
Марғилонлик 33 яшар Отабек деган ўмарган экан. Ўғри қамоқда. Мошина оғилда.
Марғилонда шундай мошина ўғриси бор экан-у, билмай юрган эканмизда.
Koреяда 10 ўзбек коронавирусга йўлиқди
Жанубий Корея расмийлари тарқатган хабарга кўра, 29 март куни мамлакат марказидаги Чонпён округида Ўзбекистоннинг 10 нафар фуқароси коронавирусга чалингани аниқланди.
Соғлиқни сақлаш идоралари кластер инфекцияси қандай юқтирилганини аниқлашга уринмоқдалар.
Улар тушуна олмаётган қандай қилиб турли жойларда ишлаган ва ўқиган ўзбекистонликларнинг бир жойда яшагани бўлмоқда.
Лағмондан қил чиқди
Тошкентдаги кафе¸ ресторан ва новвойхоналарда ишлайдиган соқолли ошпазлар назоратга олинди.
Лағмондан қил чиқибди.
Ҳайкалтарош ўлди
Ҳайкалтарош Яков Шапиро 84 ёшида ўлди. Бухородаги Насриддин Афанди ҳайкали муаллифи эди. Раҳмат сизга, устоз, ҳайкаллар учун!
Xазиначининг ўлими
Бу гал ваъзимни эртакдан бошлашга қарор қилдим.
Бир сахий подшоҳ бор эди. У қаерга борса, хасис хазиначини еталаб юрарди. Подшоҳ дарëнинг нариги бетидаги қишлоққа борибди.
“Қишлоқ ўртасига фалончийнинг кумуш ҳайкалини ўрнатинг”, деди у.
Хазиначи ëзиб қўйди: “Кумуш ҳайкал минг танга”. Хазиначи ëзаëтиб, ўйлаб қолди: «Ахир бу қишлоқда фалончийнинг икки ҳайкали бор-ку. Биттасини олдинги подшо, биттасини манаву галварснинг ўзи 4 йил олдин ўрнатган».
Ўша қишлоқнинг боласи чиқиб шеър айтди: “Бодринг дринг-дринг, пошойим, мани ўйлантиринг”.
Подшо бу шаир бачага от арава совға улашди қилди. Хазиначи ëзиб қўйди: “От-арава 200 танга”.
Шу қишлоқдаги бир девона бобой эшак териси қопланган ноғорани чалиб чўпчак айтиб берди.
“Бобойга уй беринг ва қишлағда чўпчак маркази қуринг”, деди подшо. Хазиначи ëзиб қўйди: “Уй 300 танга, чўпчак маркази минг танга”.
Қишлоқ чегара бўйида эди. Нариги давлатда бир кўзли одамлар яшарди. Уларнинг чегара олдига келиб, биттагина кўзи билан мўлтиллаб қараб турганини кўрган подшо: “Қўшни мамлакатга ўнта арава, ўнта от, юз қоп ун, юз қоп шакар юборинг”, деди (қўшни мамлакатга совға 15 минг танга, деб ëзиб қўйди хазиначи).
Аммо хазиначининг юраги нотекис ура бошлаган эди. Чунки хазина ўткан ҳафта подшоҳнинг чайласини қуришга сарф бўлганди. Қарз берганлар қарзини қистаб ëтган эди.
Бу пайт подшоҳнинг олдига бир қари кампирни олиб келиб, дуо қилдиришди. Подшоҳ бу кампирга ҳам совға берай деб хазиначига қаради. Хазиначи “ока, пул йўғ-у”, деб елка қисди.
Подшоҳ ғазабга тўлди: “Молияда ишлайдиганларнинг ҳаммаси касал. Нега эртакдаги чол “қайна хумча” деса, олтин қайнаб чиқади. “Очил дастурхон” деса, очилади, аммо бизнинг подшоликнинг кўти тешик. Нега? Чунки молияда ишлайдиган касаллар бор”.
Бу гапларни эшитиб, хазиначининг юраги қаттиқ ура бошлади. Беш минутдан кейин ўлди. Ўлаëтиб, кошки бир ур тўқмоқ бўлса-ю, “ур тўқмоқ” дейишим билан хазинадаги йўқ пулдан совға берадурғон подшони уриб-уриб ташалса, деб ўйлади.
“Ур тўқмоқ“ эртакда бўлади. Сиз билан биз реал ҳаëтда яшаяпмиз. Ҳамма харажатни тарозига солиб, сиқилсанг, хазиначига ўхшаб юрак ўйноғидан ўласан. Сахийлик ва жўмардлик яхши, хасислик ëмон.
Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани бош имом-хатиби Озод Назаров президентнинг назарига тушаман дебми ёки ДХХнинг топшириғини бажараман дебми, ишқилиб қовуннинг каттасини туширди. Ўтган жума, 2 апрель куни жума хутбаси қилатуриб, Шоввозсой ҳақида ваъз қилди.
(ВИДЕО)
Қисқаси, уламои ҳукумат: “Ҳукмдор бўлгандан кейин ўзига сарой қуради-да!” демоқчи бўлди.
Шоввозсой машмашалари бошланиши билан темир йўл компанияси: “Бу сарой Мирзиёевники эмас, меники”, деб баёнот берди.
Орадан бироз вақт ўтгач, президент ҳам хотин-ҳалаж ва бир видеоператор олдида: “Бу сарой меники эмас, темир йўлники”, деди.
Шоввозсой машмашасини унуттириш учун ДХХ ўртага ЛГБТчиларни ташлади.
Шу сабабдан ўзбеклар энди Шоввозсойни унутай-унутай, унутмаганлари эса темир йўлнинг Шоввозсой ҳақидаги эртакларига ишонай-ишонай деб турганда, ёзнинг чилласида қор ёққандек лоп этиб ўртага уламои ҳукумат Озод Назаров чиқди.
Шайхулислом жаноблари жума ваъзида: “Йўқ, Шоввозсойдаги сарой ҳукмдорники! Ҳукмдор бўлгандан кейин қуради-да!” деди.
“Озодлик” радиосининг иддаоларини тасдиқлаб берганингиз учун раҳмат сизга, қори ака!
Ўзбекистонда бир хабарнинг ростлигини исботлашнинг осон йўлини ўргатдингиз бизга: энди ҳақиқатни тасдиқлаш учун молфаҳм имомларни ишга солар эканмиз.
Замон ўзгарди
Бир пайтлар “Ватан учун ўл”, деса,
Ўладиганлар бор эди ватанимизда.
“Ўл!”, дейилди, ўлди улар ҳаялламасдан.
“Сўзингни тут” дейилса,
Тутган эрлар бор эди бу юртда –
Тутди, аммо улар тутилмади бу ватанда.
“Ватанингни севсанг сени
Ватан хоинига чиқарарлар”, дейилса
Хоин тамғасини сотиб олганлар бор эди бу ватанда
Бугун ҳеч ким олмас бу тамғани
Икки-уч кексайган хоиндан бошқа!
(Муҳаммад Солиҳ, 2021йил)
Бу ҳафта ҳукумат гумашталари яна атоқли шоир ва мухолифатчи Муҳаммад Солиҳни нишонга олишди. Сиёсат майдонига кириб келаётган собиқ қўшиқчи Жаҳонгир Отажоновнинг онаси видеомурожаат билан чиқиб, ўғлини “ватан хоини, халқ душмани”нинг ёнига бориб, улардан оқ фотиҳа олмасдан учрашганликда айблади. Танқидда яна эски, сийқаси чиққан услуб қўлланилди.
ВИДЕО
Жаҳонгир Отажоновнинг онасини 1937 йилги услубда қўрқитиб, боласини тавқи лаънат қилдиришди. Андижондаги Ғайрат деган кўтўйинчи эса “Хидирназар ака партияси кўтларники экан”, деб театр қилди.
Ўзбекистондаги қайсидир молфаҳм мулозим қайси асрда яшаëтганимизни унутиб қўйди, шекилли. Аммо у мол мулозим ва ипи ҳукумат қўлида бўлган ва милисанинг охиридан ем ейдиган флюгер блогерлар унутган бўлса ҳам биз унутмадик.
Ташқарида 1937 йил эмас. Ташқарида 2021 йил. Миямизда тафаккур¸ қўлимизда эса ақлли телефон бор.
Умуман, март охиридаги воқеалар Ўзбекистонда ақл эмас, жаҳолат ва оломон васвасаси ҳукмрон эканини кўрсатди. Кимдир Ўзбекистоннинг дунë олдидаги обрўсини туширишни мақсад қилган бўлса, бугун яна бир қадам қўйди. “Зиг заг удачи” фильми қаҳрамони айтгандай: “Грош цена тебе”. Яъни бу ишларнинг нархи сариқ чақалик. Эски йўлга қайтиш муборак, учинчи ренессанс пешволари!
Ваъз бошида айтганимдек, бутун аҳолининг ҳарф танимайдиган саводсиз эканини ҳукумат ҳам аниқ билади. Саводсиз одамни газета билан тарбиялаб бўлмайди. Унга воқеликни театр қилиб кўрсатса бўлади. Хуллас, андижондаги Ғайрат Аҳмедов деган кўтўйинчи Хидирназар аканинг партиясини қоралаш каби қора ишга сафарбар қилинди.
(Видео)
Анжанликлар ишаниб котоуради бунақа масқараобозларга, десак янглишамиз. Қон ва ўлим кўрган анжанликлар бунақа лўттибозларни кўп кўрган.
“Берсанг – еймиз, бермасанг – ўламиз”
Энди яна бир эртак айтсам.
Катта денгизда бир орол бор экан.
Шу оролда “берсанг ейман, урсанг ўламан”, деган одамлар галаси яшар экан.
Бир куни шу юртнинг тўдабошиси буларнинг хархашасидан тўйиб, ўз кунини ўзи кўрадиган қилай деб орзуланди.
Камбағалларга қармоқ ва балиқ тутиш ҳақида йўриқнома тарқатди.
Бир ҳафтадан кейин текшириб кўрса, ҳеч ким балиқ тутишни хаëлига ҳам келтирмаган.
Қармоқ дастасини ўтин қилиб ëқишган. Лескани сотворишган. Қармоқни тўғрилаб, игна қилиб, бир-бирига санчиб юришганмуш.
Балиқ тутиш ҳақидаги йўриқномага эса кўтини артишибди.
Кейин тўдабоши бу камбағалларга битта товуқ, битта хўроз, бир қоп сомон ва тухум тарқатибди.
Бунинг ëнида йўриқнома ҳам бор эди: “Сомондан уя ясаб, тухумлар қўйилади.
Товуқ унинг устига ëтиб, жўжа чиқаради” ва ҳоказо.
Бир ҳафтадан кейин текширилса, тухумларни ўша куни қовуриб ейишган, товуқни эртасига¸ хўрозни эса индинга сўйиб ейишган. Йўриқномани ўқишмаган ҳам. Чуни улар ҳарф танимасди.
Хуллас, булар ун қопи билан урилса ҳам пешанаси оқармайдиган бахти қаролар экан.
Тўдабоши буларни бошқа юртга кетсин дея эшкакли кемага юклабди.
Катта кемада ўнта одамга 20 та эшкак бор экан.
Булар кемага чиқиб ялпайиб ўтириб олишибди.
Ҳеч ким эшкак эшмагани учун кема жойидан жилмай тураверибди.
Денгиз қайтиб, кема қумга ўтириб қолибди.
Одамлар тушиб кемани ëқиб исинишибди.
Тўдабоши келиб сизлар ўзи нима хоҳлайсизлар, деб сўрабди.
“Берсанг – еймиз, урсанг – ўламиз”, дебди улар.
Ўзбек хусусияти
Ўғрилик ўзбек миллатининг миллий ва ягона хусусиятига айланиб бўлди.
Барча олинаëтган клиплар ўғирланган. Энди ҳикояларни ҳам ўмаришга ўтишибди.
Анави Azon.uz деган экстремистик сайт Каримберди Тўрамурод аканинг ҳикоясини ўмариб кетибди куппа-кундуз куни.
Каримберди Тўрамурод:
Иёт! Иёт! Иёт!
Яна битта ўғрини таниб олинг!
Икки кундан бери “Сеҳрли кеча”, “Сирли кеча”, “Қадр кечаси” номлари билан эълон қилинган ҳикоямни ўғирлаб, ўз номидан эълон қилган Муҳаммад Амин ва Умида Жўраевадан хафа бўлиб ўтирсам, бир киши бу ҳикояни “Азон ТВ” кино ҳам қилганини ёзди. Ютубда бор экан, кўрсам, худди шу ҳикоям.
“Азон ТВ” раҳбарига телефон қилсам, ҳикоямдан бехабарлигини, аммо кинонинг сценарийсини ҳам ўзим ёздим, деган, ўзи суратга олиб, ўзи бош ролни ҳам ўйнаган, аёл ролини ҳам кимидир бўлган Тамара Мирмахсудовага ўйнатган Баҳодир Мирмахсудов олган экан.
Нима қилай, кимни судга берай?
“Азон ТВ”ними, Баҳодир Мирмахсудовними?
Умуртқасиз маддоҳлар
Ëзувчиларнинг мактабга маънавият муаллими ўлароқ сафарбар қилинишини ëқламайман. Энг яхши ëзғувчининг ҳам умуртқасиз маддоҳга айланганига Ўзбекистоннинг сўнгги 100 йиллик тарихи гувоҳ.
Ўткир Ҳошимов “президент – бу юрт ва халқнинг отаси” деб, мактаб болаларига ақл ўргатувди.
Шунча нарсага ақли етган бу ëзувчи “президент – бу солиқлардан ойлик оладиган давлат мулозими ва халқ хизматкори” эканини билмасмиди?
Омон Матжон, Мирза Кенжабек¸ Хуршид Даврон¸ Усмон Азим¸ Мурод Муҳаммад Дўст¸ Саид Аҳмад амалдаги диктатурани олқишлашган ва бу рўйхатни давом эттириш мумкин.
Умуман, ўзбек зиëлисини мундай имтиҳон қилсангиз, унинг шунчаки провинциал даққиюнус, қолоқ одам эканини кўрасиз.
Дунë тамаддуни тарихи, ижтимоий онг формалари ëки оддий географиядан хабарсиз жоҳил. Дунë адабиëти оламидан ажралиб қолган сассиқ кўлмакни денгиз деб билиш даражасида овсар.
Боз устига, уларда провинциализм, замонавий технология ва оқимлардан ошкора нафратланиш қадрият даражасига кўтарилган. Бунинг устига, улар табиатан текинхўр, паразит.
Мана, сомонга осмонни қофия қилдим, энди уй бер менга, дейди. Балки ҳожатхона унитазини тузатиб берган чилангар миллат учун бу овсарлар галасидан кўра муҳим ва зарур.
Олдинги ëзғувчиларнинг баъзилари рус ва тожик тилини биларди. Ҳозиргилари эса ўзбек тилини ҳам тузук-қуруқ билмайди. Энг муҳими, айтадиган гапи йўқ. Толстой “эзилган гиëҳ ҳам қаддини ростлашга куч топади,” деган муждадан ëстиқдай рўмонлар ëзган. Ëзувчи борлиқни ўз шууридан ўтказиб, фокуслаб, ҳеч бўлмаса, киноя тарзида жамиятга тақдим қилади.
Кейинги 30 йилда мен бундайин ўзбек ëзғувчисини кўрмадим.
Meтродаги келин салом
Тошкентдаги метро поезди ичида келин салом қилиб ош ейишди.
Бошқа нарсага фантазияси йўқ.
(видео)
Қарз олса, тўй қилса, ош еса.
Кейин қарзни қайтармайди.
Келинни эзиб, қийнаб, ҳайдаб юборади.
Семизликдан касал бўлиб, яна қарз қилиб, кинначи табибга боради. Кейин ўлади.
Яқинлари эса тез ëрдам докторини дўппослайди, кинначини эмас.
Романтика…
Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!
Рассом Туз