БУХОРО ДАВЛАТ ПЕДАГОГИКА ИНСТИТУТИ КОРРУПЦИЯ БОТҚОҒИГА БОТМОҚДА
2025–2026-ўқув йили учун Бухоро давлат педагогика институтида ўтказилган касбий ижодий имтиҳонлар яна бир бор Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари қандай «ишлашини» очиб ташлади. Маълумотларга кўра, ушбу институтда 100 дан ортиқ абитуриентдан ҳар бири 3000–3500 АҚШ доллари эвазига ўқишга киритилиб, уларга сунъий равишда юқори баллар қўйилган.
Айни пайтда молиявий имконияти чекланган, аммо иқтидорли ўнлаб ёшларнинг натижалари ҳеч қандай асоссиз равишда пасайтирилгани ҳақида камида 10 та расмий шикоят аризаси мавжуд. Бу тизимли коррупциянинг очиқ-ойдин кўриниши эмасми?
Институт ректори Баҳодир Баҳшилоевич Маъмуров — бу тизимнинг марказий фигураси. У аввал Бухоро давлат университетида Жисмоний маданият факультети декани лавозимида узоқ йиллар ишлаб, аллақачон «устаси фаранг» бўлиб улгурган. Энди эса янги лавозимда — институт ректори сифатида — эскича «схема»ларни янги муҳитда давом эттирмоқда.
Энг ачинарлиси, бу коррупцион машинанинг бир бўғини бўлган шахс — Дониёр Нематов ҳали ҳам институтнинг “Маънавият ва маърифат” йўналишига раҳбарлик қилмоқда, дейилади Элтуз инсайдери юборган маълумотда.
Ҳолбуки, Дониёр Нематов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 45-моддаси асосида моддий жавобгарлик ва мансабдорлик фаолиятидан 2 йилга четлатилган, ойлик маошининг 20 фоизи давлат фойдасига ушлаб қолинадиган ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган шахсдир.
Аммо коррупциядан бошини чиқара олмаётган институтда бу одам ректорнинг норасмий маслаҳатчиси сифатида бемалол ишлашда давом этаётгани айтилмоқда.
Баҳодир Маъмуровнинг қонунларни очиқчасига менсимаслиги шу даражага етканки, у 2025 йил 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Венгрияга расмий ташрифини институтнинг расмий телеграм каналида ўз фотосурати билан эълон қилган. Яъни давлат раҳбарининг ташрифидан шахсий пиар учун фойдаланишга урингани иддао қилинади.
Бу — нафақат ахлоқий, балки сиёсий маданиятнинг ҳам бутунлай йўқолганини кўрсатади. Давлат институтининг расмий ахборот платформасини шахсий пиар воситасига айлантириш бу лавозим эгасининг ўзини ким деб ўйлаётганидан далолат беради.
Бундай ҳолатлар Ўзбекистонда олий таълим тизими борасида берилаётган ваъдалар, эълон қилинаётган “шаффофлик”, “адолат”, “коррупцияга қарши кураш” сингари шиорларнинг қоғозда қолаётганини кўрсатмоқда.
Савол очиқ: Адлия, Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Олий таълим вазирлиги ушбу институтда нима бўлаётганини кўрмаяптими? Ёки кўриб туриб, кўз юмяптими?