Огоҳлантириш
«Элтуз» нашри сўнгги 15 йил ичида ўзбек тилидаги мустақил нашрлар ичида кўзга кўринган нашрга айланди. Бунинг омили нашрнинг халқ дардини айтишда кўрсатаётган жасорати ва ёйиндаги максимум объективлиги бўлди.
Халқ ичида орттирилган бу обрў-эътиборга параллел равишда «Элтуз»га қарши баъзи қатламларда муайян ижирғаниш ҳам уйғотди. Фақат сиёсий давраларда эмас, матбуот тизимларида ҳам «Элтуз»га қарши гуруҳлар пайдо бўлди. Буни ҳам табиий жараён дейиш мумкин. Аммо бир нарса борки, буни ҳазм қилиш жуда оғир бўларкан. Айниқса, бу фитнада бир пайтлар сен билан бирга ҳаракат этган кишилар иштирок этса.
Бир йилдан бери «Элтуз» Бош муҳаррири Қудрат Бобожонга қарши қилинаётган таҳдидларнинг асос сабабчиси айнан ўша эски дўстлар сабабчи бўлмокда. Бунинг техникаси жуда содда. Элтуз сайтида Ўзбекистон ҳокимиятидагиларга қарши бир материал эълон қилинади, бу материал фактларга эмас, миш-мишлар асосига қурилган, ҳатто очиқдан очиқ ёлғонга асосланган бўлади. Ва бу материални ёзган одам унинг остига ўз исмини қўймайди, «Элтуз» номини қўяди. Масалан, «Элтуз»га кўра, бу бундай», «Элтуз»нинг қўлидаги ҳужжатларга кўра, у ундай» қабилида уйдирма мақолалар уюштирилади.
«Элтуз» ким? «Элтуз» – унинг Бош муҳаррири Қудрат Бобожон!!!
Ва қарши жабҳа Қудрат Бобожонга қарши аёвсиз ҳужумга ўтади. Унга ёғилган ҳақоратлар, туҳматлар, таҳдидларнинг сон-саноғи йўқ.
Энг ёмони кейинги пайтларда таҳдидлар кун сайин жиддий тус ола бошлади.
Қудрат Бобожон кўчага чиқса, атрофга қараб тадбир олишга ўргана бошлади. Бу психологик ҳолат унинг ишига, журналистик фаолиятига ҳам таъсир қила бошлади. Ҳатто у «Элтуз»ни ёпиб, қаламини синдириш ниятида ҳам юрди.
Бу фитначи собиқ дўстларни огоҳлантирди, «Элтуз» номидан мақола ёзманглар, ёзсангизлар ўз исмингизни қўйинглар, қўрқоқлар!!» деб уларга очиқ мурожаат ҳам қилди. Аммо улар уялмасдан «Элтуз» номидан материал эълон қилишда давом этдилар ва этмоқдалар.
Бу қўрқоқ «қаҳрамонлар»дан биттаси ҳозирда «Озодлик» радиосида ишлайди, лозим бўлса, мажбур қолсак унинг исмини очиқлаймиз. Бу арбоб «ақлли бузоқ икки сигирни эмади» деганларидай, ҳам «Озодлик»дан ҳам Ўзбекистондаги сиёсий гуруҳларнинг биридан ҳам маош олади. Ва «Элтуз»нинг номини қўлланиб ўша гуруҳнинг буюртмаларини бажаради.
«Элтуз» жамоаси ўлароқ бу шахсни сўнгги марта огоҳлантирамиз: материалларингизда «Элтуз» номини қўлланманг, озгина эркак бўлинг, ўз исмингизни очиқ ёзинг мақолаларингиз остига!
Агар бундан сўнгра ҳам «Элтуз» номини булғашда давом эттирсангиз сизнинг асл кимлигингизни расман очиқлаймиз.
Элтуз таҳририяти
