МУДОФАА ВАЗИРЛИГИНИНГ РУСПАРАСТ АМАЛДОРЛАРИ ТИЗИМНИ ИЧДАН ЕМИРМОҚДА
Элтуз нашрига Ўзбекистон ДХХ Контрразведка бошқармасининг узоқ йиллик тажрибага эга бўлган зобити мурожаат қилди. Масала Республика мудофаа тизимига яна қолоқлик, руспарастлик, гуруҳбозлик, ташаббусни ўлдириш ва сохтакорлик илатлари қайтганида.
«2016 йилга қадар миллий армиянинг ва мудофаа тизимининг аҳволи расво эди. ОАВда ура-ура мақтовлар, аммо реалликда тизимни гуруҳбозлик, йирик коррупция ич-ичидан емирган эди. Президент Мирзиёев ўшанда бу ҳақидаги ҳисоботимизни тўғри тушуниб соҳада катта ўзгаришлар қилди. Мудофаа тизимининг янги раҳбарияти қатор заводлар очиб мудофаа саноатини изга қўйган эди», дейди ДХХ зобити.
Бироқ 2024 йилда Комил Алламжоновга қилинган суиқасд мудофаа тизими учун улкан зарба бўлди. Абдусалом Азизов ДХХ раислигидан олиниб ўрнига Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов келди. Шундан сўнг Хавфсизлик Кенгаши котиби Виктор Махмудов ўзининг «одами» бўлган Шуҳрат Холмухаммедов номзодини Мудофаа вазири сифатида Президентга «тиқиштирди».
Эслатиб ўтамиз, Виктор Владимирович Маҳмудов — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг котиби лавозимига 2013-йил 21-сентябрда тайинланган. Яъни бу маслаҳатчи биринчи Президент Ислом Каримов бошқаруви даврида ҳам, Шавкат Мирзиёев президентлигида ҳам айни вазифаларини бажармоқда.
«Виктор Маҳмудов қўллаб қувватлаган янги мудофаа вазири Россия шовинизмининг мухлиси экан. Шуҳрат Холмуҳаммедов соҳани атай орқага тортяпти. Мудофа саноати соҳасида барча лойиҳалар тақа-тақ тўхтаб қолди. Амалий ишларни ҳужжатбозлик, имзопарастлик секинлаштириб ташлади. Ҳарбийларни сўкиб ишлатиш одати қайтди. Амалда ҳеч қандай иш қилинмайди, қуруқ мажлисбозлик авж олган. Мудофаа саноати ҳам янги ишланмаларни ривожлантирмай қўйди. Бунинг бари миллий мудифаани емириш учун қилинаётган диверсиядек кўриняпти», – дейди вазирликдаги мулозимлардан бири.
Ҳозирги мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳаммедов бу лавозимга тайинлангунга қадар мудофаа вазири ўринбосари, Президент ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари ва фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Вазир Шуҳрат Холмуҳаммедовга биргина имзо қўйдириш учун ўринбосарлар ва барча таркибий бўлинма бошлиқлари ўша масалада келишиши керак. Вазирлик ва Мудофаа саноати агентлиги хужжатлар ботқоғига ботиб қолди.
Ҳозирги кунга келиб хафтасига 15-20 та протокол имзоланиб ишлашга вақт қолмаяпти, демоқда ДХХнинг Мудофадаги бир қанча манбалари.
Мудофаа тизимидаги орқага қайтиш ва оқсаш ҳақида ДХХ раиси Баҳодир Қурбонов баёнот берди. Президент Хавфсизлик Кенгаши котиби Виктор Махмудов ва вазир Холмухаммедовга эътироз билдирди. Аммо амалда вазир тизимни ҳужжатбозлик ва сохтакорлик ботқоғига ботиришда давом этяпти.
Холмухаммедов раҳбарлигида Мудофаа вазирлигида «ҳарбий авторитаризм» тарзидаги бошқарув қайта жорий этилди. Бир қарор учун бутун вазирлик таркибий бўлинмалари билан келишиш талаб этила бошланди.
Ҳужжатлар ботқоғига ботган вазирликда иш унумдорлиги пасайди. Бир вақтлар телефон орқали раҳбарлар билан тезкор мулоқот қилиб, лойиҳаларни ишга туширган Баҳодир Қурбоновнинг ўрнини ҳозир ҳеч ким боса олмаяпти.
Хавфсизлик Кенгаши котиби Махмудов, вазир ўринбосари Алишер Норбоев ва вазирлик инспекцияси бошлиғи Жаҳонгир Бекмуродовнинг аралашуви билан ишлаб чиқариш корхоналарида лойиҳалар ўрнига тозалик, таъмирлаш ва мусор текшириш бош вазифага айланди. Аслида эса агентлик ишлаб чиқаришни ривожлантириши керак эди.
Мудофаа саноатидаги оқсаш бевосита миллий армияга, давлат мудофаасига таъсир ўтказади. Ҳарбийларнинг жанговар тайёргаллиги айнан мудофаа саноатидаги ишланмалар воситасида такомиллашиб бориши керак. Мамлакатдаги янги очилган мудофаа заводлари агентликнинг янги техник ишланмаларини ишлаб чиқаришга тадбиқ қилиб бориши зарур.
Бироқ мутахассислар вазирнинг адоқсиз бюрократияси ва мажлисларидан ортиб ўз вазифаларини бажаришга улгурмаяпти. Иш куни ҳисоботга тайёргаллик билан ўтиб кетмоқда – бу эса амалий ишларни бажаришга тўғридан-тўғри тўсиқдир.
Ташқи ва ички таҳдидлар кучайган бир пайтда Мудофаа тизимини бу шаклда мақсадли чўктириш қайси оғага керак бўляпти?