close
close
Асосий мавзулар
1 август 2025

РОССИЯ ЎЗБЕКЛАРНИ УРУШГА ЖАЛБ ҚИЛИШДА ДАВОМ ЭТМОҚДА

close

Россия “Ҳарбий контракт” деган ниқоб остида Ўзбекистон фуқароларини украин жанг майдонларига юборишда давом этмоқда. Ўзбекистон фуқаролари Россия армияси таркибида ёлланма жангчи сифатида қатнашган ҳоллари бўйича расмий органлар текширув бошлаган, айримларга нисбатан жиноий ишлар ҳам қўзғатилган. Аммо шунга қарамай, Россия томони уларни жалб қилиш уринишларини янада кучайтирмоқда.

Россия Қуролли Кучларидаги манбалар орқали етказилган маълумотларга кўра, 2025 йилнинг ўзида 902 нафар Ўзбекистон фуқароси Россия армияси билан шартнома имзолаган. Бу инсонлар шундан сўнг ўз тақдири устидан назоратни йўқотган, улар мустақил шахс эмас — балки бошқа давлат манфаатлари учун қурбон бўлган одамлардир.

Россия ўз “вербовка” (яъни, одам жалб қилиш) амалиётида эски ва синовдан ўтган усуллардан фойдаланмоқда. Кўп ҳолларда меҳнат мигранти сифатида Россияга борган фуқароларимизга армияда ёки қурилишда юқори маошли иш ваъда қилинади. Энг “юмшоқ” восита эса — Россия фуқаролигини олиш имконияти. Бу орқали уларни ўз кучига ишонтириб, урушга олиб кетмоқда.

Россияда жазо муддатини ўтаётган фуқаролар эса таҳдид, психологик босим ва ваъда билан урушга юборилмоқда. Айниқса, яқинда Россия фуқаролиги олган мигрантлар шантаж қурбонига айланмоқда. Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрыкиннинг ўзи яқинда баён қилганидек, улар томонидан 5 мингдан ортиқ рейд ўтказилган ва натижада 90 минг одам “ушланган”. Шу “ушланган”ларнинг 30 минг нафари билан шартнома имзоланиб, фронтга юборилган. Эътиборли жиҳати шундаки, “ушланган” деган ифода — бизнинг ифода эмас, балки Россия расмийларининг аниқ сўзидир. Бу сўз Россиянинг Марказий Осиёдан келган мигрантларга қандай муносабатда эканини очиқ намоён қилади.

Натижада бугунги кунда украин асирлигида бўлган жангчилар орасида 33 давлат фуқароси бор. Улар орасида энг кўп сондаги асирлар — Ўзбекистон фуқаролари.

Энг хавотирли маълумотлардан бири — 2025 йил 5 июн куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги делегациясининг Россиянинг Курск вилоятидаги “Постоялые Дворы” ҳарбий полигонидаги ёпиқ ташрифи бўлди. 

Делегацияга вазир ўринбосари, полковник Алишер Нарбаев раҳбарлик қилган. Россия томони унга Ленинград ҳарбий округи жангчиларини тайёрлаш жараёнлари ҳақида тақдимот ўтказган. Ушбу ташриф фақат расмий-дипломатик характерда бўлса керак, деб умид қиламиз. Чунки агар у ерда Ўзбекистон фуқароларини тайёрлаш ишлари олиб борилаётган бўлса, бу ҳам сиёсий, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Россия тарихида бошқа халқлар ҳаётидан фойдаланиш орқали ўз манфаатларини таъминлаш ҳолатлари кўп бўлган. Аммо бугунги жараёнлар илгари кузатилганлардан ҳам шафқатсизроқ. Илгари ўзбеклар фақат арзон ишчи куч сифатида қаралса, энди уларни “тайёр гўшт” сифатида жанг майдонига юборишмоқда. Уларнинг Россия жамиятидаги мавқеи ўзгармади: “иккинчи сорт” деб қаралганлар энди уришга ҳам мажбурланяпти.

Бу жараёнга қарши қатъий чора кўрилмаса, яна юзлаб юртдошларимиз фақат бир томонга борадиган билет — уруш шартномаси — имзолаб, ҳаётини йўқотиши мумкин. Ҳар бир шундай шартнома — фақат ўлим ёки асирлик олиб келади.

Ўзбекистон ҳукумати бунга беэътибор бўлмаслиги керак. Россиянинг ноқонуний ҳаракатларига қарата жиддий сиёсий ва ҳуқуқий чоралар кўрилиши лозим. Бу нафақат давлатнинг ташқи сиёсат масъулияти, балки фуқароларнинг ҳаётини ҳимоя қилиш деган конституцион бурчдир.

Тағин ўқинг
14 июл 2025
Рассом оға доим боласини ўрис боғча ва мактабга берганларни қоралайди. Бу фикрга тўлиқ қўшиламан. Доим болаларимни фақат ўзбек боғча-мактабга ...
14 апрел 2018
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни Сирдарё вилояти Сайҳунобод туманида ўтказган видеоселектор йиғилишида кўча супуришга чиқарилгани ортидан «Камаз» ...
9 декабр 2019
7 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев, ҳар йилги анъанага кўра, Ўзбекистон Конституциясининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда нутқ сўзлади. ...
2 март 2016
Меҳнаткашлар ҳуқуқи Халқаро Форуми (ILRF) 2016 йил Меҳнаткашлар ҳуқуқи ҳимоячиларини мукофотлар билан тақдирлаши ҳақида эълон қилди, улар орасида ўзбек ...
Блоглар
14 июл 2025
Рассом оға доим боласини ўрис боғча ва мактабга берганларни қоралайди. Бу фикрга тўлиқ қўшиламан. Доим ...
18 июн 2025
«Ўзбекча фикрлаш»ни мусорга отвормасак дунëга разил бўлишда давом этамиз.Нима ўзи «Ўзбекча фикрлаш»?Масалан Ўзбекистон қонунида «жинс ...
16 июн 2025
Театр замон юзига кўзгу тутиши керак. Лекин ўзбек театри буни эплай олмаяпти. Драма ëзадиган бирорта ...