«ORIENT INVEST GROUP» МЕНДЕЛЬСОННИ ҚАНДАЙ «ИЧКАРИГА АПКИРИБ ҚЎЙДИ»? ËЗ КЕЧАСИДАГИ ЧАҚМОҚ
Банкир Аврам Менделсоннинг буюк композитор бўлиб етишган Феликс Менделсон деган ўғли басталаган «Ëз кечасидаги чақмоқ» деган композицияси бор. Менделсон ижодини яхши билганлар бу бадиҳани эшитишган. Сокин ва майин мусиқа бирдан даҳшатли момоқалдироқ кўринишини олади.
Бугунги мақоламиз 100 йил олдинги мусиқа ҳақида эмас, балки замондош мусиқачи Натан Менделсоннинг тужжор ўғли Юлиан ўзбекистондаги погонли ва погонсиз бандитлар билан қандай ашир нашир эканини тасвирлайди. Дунëдаги барча Менделсонлар бир бирига қариндош эканлигини ҳисобга олсак, мавзу фокусидан тоймаганимиз юзага чиқади.

РЕСПУБЛИКА НОМИДАН ҲУКМ
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди жорий йилнинг 17 июнида Исроил ва Россия ватандоши бўлган ва Германияда истиқомат қиладиган 52 яшар бизнесмен Юлиан Менделсонни ўзбек жазо қонунинининг 168 моддасида белгиланган фирибгарлик жиноятида айбли деб топиб 8 йил озодликдан маҳрум қилиш қарорини чиқарди.
Рассом Туз танишиб чиққан, судя Содиқов имзолаган 13 бетлик ҳукмга кўра, айбланувчи Юлиан Менделсон жабрланувчи Умаров Фурқатга Германиядан ноëб яшил рангли Роллс Ройс автомобилини сотиб олиб бераман деб пулини олган, аммо ваъдасини бажармаган.
Суд ажримига кўра, маҳкум Менделсон жабрланувчи Умаров Фурқатга 283 минг 300 еврони сўм курсида қайтариши керак. Судда Менделсон айбини тан олмади ва Фурқат Умаровга бундан олдин 34 та ҳашаматли машинани нақд пулга ГФРдан келтириб берганини айтди. Менделсон Умаровни откат олиш ва шеригини туҳмат билан қаматишда айблаб қатор исботу-мисоллар келтирди. Аммо ўзбек суди буни инобатга олмади.
Бутун Тошкент «Кўк жигули» ҳақида куйлаëтган пайтда Миробод маҳкамасида томонлар «Яшил Роллс Ройс» устида тортишишди. Бу яшил рангда сўнгги 75 йилда илк бора яратилган махсус зангори ҳамда яшма тошига менгзар ноëблик ҳусусияти борлиги айтилди. Тарихдан биламизки, СССРнинг илк раҳбари Ленин ҳам Роллс Ройс минган.
Гапнинг кўтохи, Менделсон қамағда. Яъни тоштурмада. Махкум адвокатлари ҳукм устидан аппеляция шикояти ëзишди. Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўз ватандошининг ўзбек қамағига «апкириб қўйилишидан» ҳавотир билдириб, Юлиан Менделсон билан учраштиришни органлардан талаб қилди. Лекин 13 августгача бўлган муддатда дипломатлар Менделсон билан учраша олмади. Россия дипломатлари бу борада нимадир қилгани ёки қилмагани ҳақида билги йўқ.
«Ҳа энди, яҳудий бўлса айби бордир» дея ҳозирги антисемитизм билан тўйинган ҳаводан туриб фикр билдиришга шошилманг. Ўтган сафар прокурор Баходир Шеранов Ўзбекистонда қандай қилиб тижорий-ҳуқуқий гибрид схема тузганини ёзгандим. Бу гибрид схема ҳуқуқни муҳофаза қилиш савдо-саноат палатаси филиали ёки пахта ва нефт сотадиган дўкон эмас.
Бу дўконда инсон тақдири сотувга қўйилган эди. Айни ва кўчма маънода инсон тақдири ҳануз ўзбек маҳкамаларида асосий товар бўлиб қолмоқда. Бугунги мақолам — янги кейс. Бу сафар Ўзбекистондаги тужжорларнинг офшор жаннати, ўзбек ҳаво йўлларида пул ҳаммоллари ташийдиган, миллион-миллион нақд евролар, давлат корпорациялари ва очиқдан-очиқ бандитча «ҳамроҳлик» билан боғлиқ жиноий схемалар ҳақида гап боради.
СКРИПКАДАН — СКРИПТЛАРГА
Мақола бошидаёқ мусиқа ҳақида гапирдик. Скрипка – бу мусиқа ижро қиладиган инструмент. Яхши скрипка Роллс Ройсдан ҳам қиммат туради.
Бир неча йил аввал газеталар скрипка чаладиган созанда, Германияда ижод қиладиган асл тошкентлик Натан Менделсон ҳақида мадҳиялар ёзди. Дунёнинг юқори даражали мусиқачиларини етиштирган скрипка устози. Педагог ва виртуоз.
Бу йил эса хроника қаҳрамони унинг ўғли Юлиан бўлди — лекин у ҳақдаги хабарлар «жиноий хроника» рукнидан ўрин олди. Текширувсиз, фактларни аниқлашсиз.
«Мана апрс яҳудий, кўриб қўйинг» дейилди. Чунки уларга шуниси қулай.
Фурқат Умаров ва «Orient Invest Group» схемаси бўйича ҳаммаси оддий:
- Мижозлардан тушган пул (шу жумладан нақд пул) Умаров қўлига ўтади.
- Офшорлар орқали пул «Orient Invest Group» фирмасига ўтказилади.
- Автомобил етказиб бериш бўйича сохта шартномалар расмийлаштирилади.
- Машиналар ёки «параллел олам»га ғойиб бўлади, ёки «ўхшаш» матоҳ билан алмаштирилади.
Бир тужжорнинг бахти тугал бўлиши учун керак бўлган ҳамма нарса мавжуд: Пул ювиш, солиқдан қочиш, Украина уруши боис жорий қилинган санкцияларни айланиб ўтиб «пинг-понг» ўйнаш.
Суд материалларини ўқиганда бу жиноий схемаларни жабрланувчи Умаров кўрсатмаларда тан олганлигини кўрамиз. Лекин тергов учун бу қизиқ эмас — уларга фақат Менделсонни айблаш қизиқ.
ЎЗБЕКЧА ТЕРГОВ
Нормал мамлакатда бундай иқрорлар (нақд пулни жиноий йўл билан божхона назоридан ҳоли тарзда чет элга чиқариш, солиқни айланиб ўтиш, санкцияларга чап бериш ва ҳатто ўмарилган машиналар импорти) бутун занжирга қарши жиноий иш бошлашга сабаб бўлар эди.
Лекин Ўзбекистонда эмас. Миробод тумани ИИБ терговчиси Кулиева Т. бунга бозорда анжир олаётгандек муносабатда бўлди: — «Офшорлар? Реквизитлар? Тўловлар? Нега муҳим бу? Бу билги бизга керакми?!»
Банкларга сўров юборилгани йўқ, тўлов трансферлари ҳижжаланмади, «Orient Invest Group» вакиллари чақирилмади, бухгалтерия арбоблари сўроқ қилинмади. Аммо бутун диққат Юлианга қаратилди.
Кўк жигули яшил рангли Роллс Ройсдан қанчалик йироқ бўлса, ўзбек суд-тергов тизими адолатдан шунча узоқ.
«ТЕРГОВ УСУЛИ» СИФАТИДА ОДАМ ЎҒИРЛАШ
2024 йил 24 январда Юлианни штатский кийимидаги одамлар ушлаб, ГУВДга олиб боришди ва Умаров иштирокида ундан 228 000 евро олганман деган тилхатни имзолатиб, зиммасига ёзма мажбурият қўйишди.
Паспорт эса «ҳуқуқий эстетика» учун айнан Умаровга «гаров» сифатида берилди.
Натижа қандай бўлди? Схема ташкилотчилари — эркинликда. Пул — олдин қаерда бўлса, яна ўша жойда.
Темир панжара ортида эса офшорлар, тўловлар ёки занжирларни бошқармаган одам — ола-була кийимда ўтирибди.
Панжара ортида — Тошкентда туғилиб ўсган, Россия ва Исроил паспортига эга бўлиб, Германияда яшайдиган яҳудий скрипкачининг тужжор ўғли Юлиан.
Қонун фақат жиноий тусдаги бизнес манфаатлари учун декорация бўлган реалликка хуш келибсиз, жаноблар.
Бу ўша эски Ўзбекистонга ўхшаш Янги Ўзбекистон.
Ағи — яна қизиқроқ.
Милтиқ кўтарган соқолтой чеченлар ва санкцияларни катта йўлга тиртилган арқон дея устидан сакраб ўтмоқчи бўлган ўрис даллоллар ишида турли офшор компаниялари реквизитларидан иборат «зоопарк» ҳам бор.
Қатнашчилар орасида «Ўзметаллсавдо» АЖ, «Orient Invest Group» МЧЖ, россиялик харидорлар ва ҳатто чечен жиноий доираси вакиллари ҳам бор.
Лекин бу ҳақда — кейинги қисмда ёзаман.
Муз жойидан жилди. Лёд тронулся, господа присяжные заседатели.
Кейинги қисм «12 курси» асаридан кўра қизиқарли бўлишига кафолат бераман.
СПОЙЛЕР: Бу сериал сценарийси эмас, балки тўлақонли жиноий эпос солнома сифатида сизга тақдим этилади.
ТРЕЙЛЕР: «Офшорлар, металл ва криминал — схема ортида ким турибди?»
Мен ҳали бу муаммоларнинг қатқалоқ тупроғида чуқур қазий бошламадим, лекин белкураклар тайёр.
Қаерни кавлашни ҳам биламан.
Аллақачон равшан кўз билан кўриб турибманки, бу ҳикоя фақат Юлиан Менделсон ёки битта «сўроқ қилинаётган яҳудий» ҳақида эмас.
Фош қилишни режалаганим кўлам катта ва кенг қамровли. Бу офшор юрисдикциялари, давлат корпорациялари, россиялик бизнес ҳамкорлар ва бошқа давлатларда аллақачон санкция рўйхатларига киритилган жиноий фигуралар билан лиқ тўла ва тўлақонли халқаро жиноят занжири ҳақида.
Қатнашчилар рўйхатида — «Ўзметаллсавдо» АЖ, «Orient Invest Group» МЧЖ, «Палма ўсадиган иссиқ ўлкалардаги» солиқ жаннатларидаги офшорлар, шунингдек, Россиядан реал харидорлар ва чечен жиноий олами вакиллари.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эса бу комедия клубида нима қиляпти?
Улар ушбу занжирни ҳақиқий терговдан ҳимоя қилаётган «қўриқчи»га айланяпти.
КЕЙИНГИ МАТЕРИАЛДА АЙНАН СИЗ УЧУН:
- Офшорлар қандай қилиб миллионларни ўтказиш *»кассаси»*га айлангани;
- Нега миллионлик битимлар «ўзаро дўстона ёзма келишув» сифатида расмийлаштирилгани;
- Ҳужжатларда қандай жиноий олам номлари учрагани;
- Ва энг муҳими — нега тергов бунга кўз юмгани ҳақида максимум батафсил ҳикоя қиламан.
Кутгил! Аммо кутгил бўлиб интизор.
СПОЙЛЕР: Бу энди мақола эмас, балки давлат кафолати билан пул ювиш бўйича қўлланма бўлади.
Байт будир:
«Ғаройибики, дарёда бўлғай ниҳон,
Анга зоҳир ўлди жаҳон дар жаҳон.»
Маъноси: Искандар сув тагини махсус шиша ускуна билан кўриб, бошқалар учун яширин бўлган манзарани ўзи учун кашф қилади.
Мен ҳам Ўзбекистондаги сармоя дунëси деган нахрнинг тубини сизга кўрсатишни истайман.
Билса балиқ билар, билмаса ҳолиқ.
(давоми бор)