Беҳзод Мусаев ўз танқидчисини 100 миллионга сотиб олдими?
Ўзбекистондаги энг оғриқли масалалардан бири — ташқи миграция. Чет элда, айниқса Россия каби давлатларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз турли қийинчилик, камситиш ва хўрланишларга дуч келади. Улар муаммоларини ёритадиган мустақил ОАВлар эса жуда кам. Шу пайтгача migrant.uz сайти шулар орасида бир оз овоз чиқарадиган майдон бўлиб келганди.
Бироқ сайтнинг охирги пайтлардаги фаолияти жиддий саволлар туғдиради. Илгари мигрантларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишни даъво қилган платформа бугунги кунда Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаевнинг пиар марказига айлангандек.

Қандай қилиб, кечагина давлат тизимини танқид қилган сайт бирданига позициясини ўзгартирди? Бу савол кўпчиликни ўйлантириши табиий. Чунки мустақил журналистиканинг энг муҳим мезонларидан бири — давлат идоралари билан масофани сақлаш ва жамоатчилик манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.
Агар медиа бир мансабдор шахснинг “шахсий огородига” айланса, демак ундан мустақил ахборот кутиш мушкул.
migrant.uz сайтининг асосчиси, ўзини миграция масалалари бўйича эксперт сифатида кўрсатадиган Ботир Шермуҳаммад Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги билан тўғридан-тўғри шартнома тузган.

Шартнома қиймати — 100 миллион сўм, бу келишув тендерсиз, очиқ танловсиз амалга оширилган. Мусаев ўзи пиар қилинган хар бир мақола учун Ботир Шермуҳаммадга 5 миллион сўмдан тўлайди, дея иддао қилади Элтуз инсайдерлари.
Жамият учун энг муҳим соҳалардан бири — меҳнат миграцияси. Бу масалада ОАВларнинг асосий вазифаси — муаммоларни кўтариш, ечим талаб қилиш ва жамоатчилик овозини етказишдир.
Агар бу соҳадаги сайт мансабдор шахсларнинг пиар машинасига айланса, юртдошларимизнинг ҳақиқий муаммолари соя остида қолади.
Демак, бу ерда савол очиқ қолади: мустақил ахборот майдони пул эвазига “сотиб олиниши” мумкинми?
