Ҳиндистонда Sresan Pharmaceutical Manufacturer фармацевтика компанияси эгаси ҳибсга олинди
Ҳиндистонда Sresan Pharmaceutical Manufacturer фармацевтика компаниясининг эгаси ҳибсга олинди.
У ишлаб чиқарган йўтал сиропини истеъмол қилгандан сўнг камида 19 нафар бола ҳалок бўлган.
Лаборатория синовлари Coldrif номли препарат таркибида диэтиленгликоль — техник суюқликларда қўлланиладиган заҳарли модда мавжудлигини кўрсатди. Унинг концентрацияси рухсат этилган меъёрдан қарийб 500 марта юқори бўлган.
Сироп мамлакатнинг бир нечта ҳудудида тақиқланди ва полиция жиноий терговни бошлади.
2023 йилдан бери Ҳиндистонда йўтал сиропларининг экспорти Гамбия, Ўзбекистон ва Камерунда болаларнинг заҳарланиши билан боғлиқ халқаро фожиалар туркумидан сўнг давлат синовларининг қўшимча босқичидан ўтказилмоқда.
2022 йил охирида Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг Marion Biotech компаниясига тегишли «Док-1 Макс» сиропини қабул қилгандан сўнг 60 дан ортиқ бола вафот этган. Яна йигирмага яқин бола ногирон бўлиб қолган.
Кейинчалик маълум бўлишича, бу препарат таркибида ҳам диэтиленгликоль мавжуд бўлган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ҳиндистондаги янги ўлим ҳолатлари «дори воситаларини назорат қилишдаги жиддий муваффақиятсизликни» кўрсатаётганини таъкидлади. Агентлик, шунингдек, заҳарли препаратлар ташқи бозорга чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ҳиндистон дунёдаги энг йирик дори ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб қолмоқда.
