Қоракўлда 1,8 миллиард сўмлик таълим пул қаерга «учди»?
Бухоро вилоятида таълим соҳасидаги коррупция шунчалик кўпайдики, “ўрганиб қолдик” деган кайфият ҳам ҳукм сура бошлади. Аммо ҳар сафарги каби, яна бир туман — Қоракўлда юз берган молиявий можаро халқ пулининг қандай ва кимлар томонидан ўзлаштирилаётганини очиқ-ойдин кўрсатмоқда.
Ҳозирда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасини бошқараётган Эллиев Ҳамза Қувватович 2025 йил 22 майгача Қоракўл тумани таълим бўлими мудири бўлиб ишлаган. Шу куни оддий юзаки аудит ўтказилгандаёқ миллиардлаб сўмлик “қора туйнук” очилди. Бу фактлар давлат маблағининг қандай ҳолда “йўқолиши” мумкинлигини теорияда эмас, амалиётда кўрсатади.
2023 йил сентябридан 2024 йил февралигача ходимларга Ҳамза Эллиевнинг буйруғи асосида 61 миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам ноқонуний тўланган. Бу — фақат “старт”. 27-мактабда 34 нафар ходим 241 миллион сўмлик нақд пулни умуман олмаганини тасдиқлаган. Улар пулини ким олди? Ҳеч ким билмайди. Бу пуллар жуда “тажрибали” қўллар томонидан ўзлаштирилган. Ушбу мактабнинг ўзида 2018 йилдан 2025 йилгача яна 460 миллион сўмлик иш ҳақи ҳам банкдан олиб, лекин ишчиларга берилмаган.
Ёлғон имзо, ишламаган ходимларга маош, ортиқча дарс соатлари ёзиш, таътил пулларини сунъий кўпайтириш, сохта сертификатлар, нотўғри рағбатлантиришлар — барчаси бир тизимли схема. Масалан, 2 нафар ходим номидан сохта имзо қўйилиб, 3 мартада 3,6 миллион сўм нақд пул ўзлаштирилган. 27 ва 34-мактабларда умуман ишламаган ходимларга 78 миллион сўмга яқин маош берилган. 54 нафар ходимга меҳнат таътили пули сунъий кўпайтирилиб, 49 миллион сўм тўланган.
Бундай манзара фақат мактаблар эмас. Боғчаларда ҳам бундан фарқ қилмайди. Бажарилмаган иш учун 32 мартада 11 миллион сўмдан ортиқ маблағ берилиб юборилган. 437 та ҳолатда район коэффициенти нотўғри ҳисобланиб, 63 миллион сўм ўзлаштирилган. Ҳайфсан олган ходимларга ҳам мукофот берилган. Бу мутлақо қонунга зид. Сўнгги чекка эса: боғча болалари учун олинадиган ота-она тўлови — 214 миллион сўм — ҳеч қандай ҳисоб-китобда йўқ.
Қўшиб ҳисобланганда 1 млрд 820 млн 243 минг 688 сўмдан ортиқ маблағ аниқланган. Аниқланган, аммо қайтарилмаган. На прокуратура, на молия, на бошқа назорат органларидан чора кўрди. Чунки бу пулларни ўзлаштирган шахс — бугунги вилоят таълим бошқармаси раҳбари. Ҳамза Қувватовичнинг ўзи. У бугун ҳам тизимда, ҳам керакли жойларда “масалани ёпиш” билан банд.
Коррупция фақат Қоракўлда эмас. Ҳозирги кунда Бухоро шаҳри, Когон, Ғиждувон, Шофирконда ҳам ушбу схемалар такрорланмоқда. Ҳамма жим. Прокуратура ва Департамент “импотент ташкилот”га айланган — қонуний чора эмас, жим-жимлик ва куз юмувчилик билан банд. Бу фақат бир туманда 1,8 миллиард сўм. Вилоят бўйлаб қанча эканини тасаввур қилиб бўлмайди.
