«Гулнор» 12 қисм (Хазор денгизи соҳилида)
Москвадаги отел бу сафар люкс эмасди. Тавфиқ Маликов турклар учун икки кунга Академия меҳмонхонасидан хона ажратган эди. Анжуман бир йил Туркияда бир йил Совет Иттифоқининг турк жумҳуриятларидан бирида ўтказилиши режаланганди. Илк йиғилиш Бокуда ўтиши мўлжалланганди. Бокуга бориш учун эса Москвада икки кун овора бўлиш лозим эди. Боку ҳайъатига Tошкентга борганлардан фақат тўрт киши: профессор Оқтош, профессор Ахмадбей, профессор Йилдирим ва Ўғуз Думон киритилганди.
Ўғуз Истанбул ҳаво майдонида профессор Ойдамирни кўриб севинди. Академиянинг нонушта қилинадиган буфети иккинчи каватда жойлашганди. Ўғуз домлалар ўтирган столдан чеккароққа ўтирди.
– Ўғуз, кел ўғлим, тортинма. Мана, Ўрхон Шоиқ хўжа билан таниш, — деди Ойдамир.
Ўғуз курсисини домлаларга яқин тортиб, ўтирди. Кейин Ўрхон Нодий ва Тавфик Маликов даврага кўшилди.
– Тарихимизнинг илк минг йили хитой манбаларида қайд этилган. Раxматли профессор Тўғон доим “хитойчани билмасдан, турк тарихини ёзиш мумкин эмас деган эди, шунинг учун хитойчани ўргандим, — деди Баxовуддин.
Ўрхон Нодий эса Баxовуддин хўжа нафақат хитой, олмон тилшунослари манбаларидан ҳам самарали фойдаланганини урғулади.
– Сиз Москвада кунингизни хитой манбалари ҳақида тортишиб ўтказмоқчимисиз? Буни Бокуда гаплашамиз, — деди профессор Маликовюҳ. – Вақтни йўқотмай Москвани томоша қилинглар. Mаxмат билан Сўнарнинг тажрибаси бор, сизга шаxарни кўрсатишади. Ҳа, Ўғуз ҳам бор, у xам бу ерга иккинчи марта келиши…
***
Ўғуз ётоғига кираётиб, ўйлади. “Бу ватан кимники?” шеърининг муаллифи ҳажвчи эди.
“Истеҳзо законинг порлашидир”, деган эди Аҳмад домла, аммо Ўрхон Шоик Гўкёй хўжа танқидчиларига ортиқча шафқатсиз эди. Унинг томорқасига асоссиз киришдан ҳамма қўрқарди. Лекин профессор Оқтош “ҳамма” категориясига кирмасди. У кўп нарсани биларди. Гўкёй домла билан ҳам тенг гаплаша оларди. Қолганлари хўжадан чекиниб туришарди. Ҳатто xазилкаш Ойдамир хўжа xам Гўкёй қаршисида “оғзига қараб” гапирарди. Профессор Дўғон Гўкман тегирмон юзли, бодомқовоқ бир ўртаосиёли эди. Унинг латифалари ўзаро муносабат учун энг кулай восита эди. Аҳмад домла уни латифа профессори дея атарди. Профессор Суод Сарварўғли жиддий ва камгап киши эди. У Ўғузнинг Ироқда бўлганини эшитиб, “Орзу-қамбар”ни ёзиб олдингми, деб сўради. Ёзиб олдим, деганда жуда кувонди ва Ўғуздан “бир нусхасини менга ҳам бер” деб илтимос қилди.
Ўғузнинг уйқуси кочганди, ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Москва кечалари жодули эди. Соат кечаси ўн иккига яқинлашибди, xанузгача қоронғулик тушмаганди. Кўчалар кенг, машина ва одамлар сийрак эди. Ора-сира ширакайф эркак-хотинлардан иборат гуруҳлар ўтиб қоларди.
Майдон беканор, дарахтлар юксак эди! Ўғузнинг миясига бир савол қайта-қайта ҳужум қиларди:
– Нега муқаддас китоблардаги воқеалар фақат Ўрта Шарқда содир бўлган? Нега бу Ўрта Шарқ билан чегараланган?
Бу саволни Ўғуз илоҳиётчи олимга xам берганди. Олим “муқаддас китоблар ўша китоб индирилган минтақа халқига тушунарли бўлиши учун ўша минтақа билан чегаралангандир. Ҳатто баъзи жўн афсоналарнинг киритилиши муқаддас китобларнинг тушунарли бўлиши учун қилинган”, деди. Хуллас, масала педагогик метод, услуб масаласи эди. Мантиқли фикрдай эди бу, аммо Ўғузнинг бошини гаранг қилган саволни ечишга ожизлик қиларди.
Владимир Ильич Лениннинг миясидаги фикрлар ҳам шунга ўхшаш эмасми? Акс ҳолда, бу кенг майдон ўртасида унинг ҳайкали даврлар оша бошини кўкка тикиб турмасди.
Ҳайкал пойида, қўлида “водка” шишасини ушлаб ўтирган ночор одамлар бу xашаматли ҳайкалга ярашмасди. Лениннинг боши осмонда, палтосининг этаклари шамолда xилпирар, кўзлари узоқларга боқарди. Олмониядан Петербургга поездда йўлга чикаркан, унинг миясида инқилоб чақмоқлари чақнаганди. Ленин ҳақида бу қадар жиддий ўйлай бошлаганидан Ўғузнинг ўзи ҳам ҳайрон бўлди. Ҳар xолда, ҳайкалнинг тарихий ҳайбати бунга сабаб бўлганди. Лениннинг мамлакат узра ёйилган соясига қараганда коммунизм яна узоқ яшаши керак эди.
***
Учоқ Боку ҳаво майдонига қўниб, тўхтаганида трап ёнида кутаётганлар гуруxи кўринди. Аҳмад домла қўлида гул тутган калта бўйли, оқ сочли одамни таниди. Худди расмларда кўргани каби бурни ва кўзлари йирик эди. Ахмадбей домла оёқ босар-босмас, уни келиб қучоқлади:
– Сен ҳаклисан Аxмад, — деди у, — Ереван деган жой бир замонлар туркнинг Равон хонлиги эди. Уларга бир қарич ҳам тупроқ бермаймиз.
Бу одам билан Аҳмад бей биринчи марта кўришаётган бўлса-да, хўдди узоқ йиллардан бери бир-бирини танигандай эдилар. Бу профессор Замонов эди. У Аҳмаднинг “Турк адабиёти” журналида чиққан бир мақоласини эслади. Кейин Аҳмад хўжа Замоновнинг 60-йилларда арманиларга қарши Нахчиванда митинг уюштирганини сўйлаб берди. Замонов исмини эшитиб, Ўғуз ҳам кулимсиради. Замоновнинг юборган китоблари Отатурк кутубхонасида алоxида бир бўлимни ташкил қилганди.
– Аxмад, — деди Замонов, , — мен сенинг бу қадар ёш эканингни билмасдим, сени бир оқсоқол деб тасаввур қилгандим.
Озарий туркларининг шеваси ироқ турклариникига жуда ўхшарди. Фақат озарийларда “айн” ва “xо” товушлари бўғиздан чиқмасди. Яна бир фарқ шунда эди-ки, озарий нутқи анча равон эди.
“Озарбайжон” отелининг емакхонасида одам кўп эди. Балки 30-40 киши бор эди. Ҳар хил хўл қуруқ мева ва ичкиликлар билан дастурхон тўлганди. Ўғуз ўтиришга жой ахтараётганида ёнида бир шарпани сезди. ўгирилиб, тили тутилгудай бўлди, уни қучоқлаб кўришаётган Гулнор эди.
– Қандай гўзал тасодиф! — деди Гулнор.
Ўғузнинг тили базўр калимага келди:
– Сен, — деди у, — демак сен xам бу ердасан, Гулнор!
– Ҳа, мен ҳам шу ердаман, энди кел, сенга курсатай, яна кимлар келган, — дея Ўғузнинг қўлидан ушлаб судради қиз.
Муҳаммад Солиҳ билан Аҳмад домла қуюқ суҳбатга кўмилгандилар.
– Узр, Аxмадбей, — деди Гулнор, кейин Муҳаммад Солиҳга юзланиб: — Солиҳ ака, менинг ёш ҳамкасбим Ўғуз ҳам келибди, танишинг, — деди.
– Ҳуш келибсан, Ўғуз, — деди Муҳаммад Солиҳ ва ёнидан Ўғузга жой очди. Кейин яна суҳбатида давом этди.
Бу кеча озарийларнинг оғзидан бол томарди. Шомил Алиев соқий этиб сайланганди. Унинг иши меҳмонларга ширин сўзлар айтиб, қадақ кўтартириш эди.
Ўғуз озарийларнинг оташин нотиқлиги сирини англади. Зиёфатлар улар учун бир нутқ дарслари эди. Шомил Алиев илк қадаҳни Ўрхон Шоик Гўкёй учун кўтариб, уни “қўрқутчи”лар пири дея улуғлади.
Ўғуз шунча илтифотнинг бир ерга жамланганидан xайратланди. Озарийлар мақтовни “таърифлама” дейишарди. Таърифламада мақталаётган одамнинг нормал фазилатлари эмас, энг ижобий тарафлари кўкка кўтарилиши лозим эди.
Илк қадақ Гўкёй хўжа шарафига кўтарилгани яхши бўлди, домла гўзал нутқ сўзлади. Ўрхон Нодийнинг илтимоси билан узун бир шеър ҳам ўқиди.
Ўғуз аслида Гулнор билан гаплашишни истаса-да, зиёфат нутқлари, “таърифлама”лар xам уни жуда завқлантирарди…
Турк ҳайъати таклифи билан соат 24-ларда денгиз соҳили бўйига сайрга чиқишди. Илиқ шабада эсарди. Ҳазор денгизи афсонавий Қоф тоғининг орқасида ястанган эди. Соҳилда одим отаётганлар асрлар оша илк бор бир-бирларига юракларини тақдим этаётгандилар.
1988 йил июл ойида xазор денгизи ўзининг энг бахтли кечасини яшаётганди. Истанбул ва Tошкентдан келган шабада таъсирида секин тўлкинланарди, оқ кўпиклари билан соҳилда юраётганларни қаршиларди. Бу соҳил соҳил бўлгандан бери, бу майдон майдон бўлгандан бери шундай тўлқинланган юракларни кўрмаганди. Бу кеча фикрлар, ҳаёллар, савдолар учрашди, бу кеча сочлар учрашди, томчилар учрашди…
Сиз турк ёзувчиси Аxмад Бейжон Эржиласун қаламига мансуб Гулнор романи аудиокитобининг 12 қисмини тингладингиз. Уни Қудрат Бобожон саслантирди. Давомини Ютубдаги Элтуз каналининг келгуси ёйинларида кузатинг.
