Миллиардларни ўмарган коррупционер қандай оқланди?
2025 йилда “Бухоро Дори-Дармон” МЧЖ раҳбари Дилмурод Ахатовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши — жамоатчилик диққат марказида бўлган, катта миқдорда давлат маблағларига оид даъволар билан боғлиқ иш — тўсатдан ва шубҳали тарзда оқланиш билан якунланди.
Ахатов устидан қўзғатилган айбловлар — ҳужжат сохталаштириш, ишончни суиистеъмол қилиш, мансаб ваколатини бузиш ва бошқа моддалар бўйича тергов қилинган, ҳатто у эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганди.
Қизиғи шундаки, бу ишни Бухоро вилояти прокуратурасининг 18-бўлими тергов қилган. Тергов жараёнида Д.Ахатов қамоққа олинган ва қариндошлари томонидан 4,4 миллиард сўм пул тўлангач, эҳтиёт чораси ўзгартирилган. Иш тергов органи томонидан суд муҳокамасига юборилган. Аммо суд жараёнида у тўлиқ оқланди. Унга нисбатан жиноий иш тугатилди, ва 4,4 миллиард сўмлик гаров маблағи ўз эгасига қайтарилди.
Энг кўзга ташланадиган ҳолат — жамоатчилик орасидаги тасаввур билан суд қарорининг мутлақ зидлиги. Илгари Элтузда чоп этилган материалларда Ахатов давлат мулкини шахсий фойдаси учун ишлатиш, сотиб юборилган бинолар ўрнида кўп қаватли уйлар қуриб, шахсий даромад олиш, шифохоналарни мажбуран кераксиз дорилар харид қилишга мажбурлаш, “ўлик рўйхат”даги ходимлар орқали маош олиш, маошларни кечиктириш ва бошқа жиддий айбловлар келтирилган эди. Ушбу айбловларнинг барчаси судда инкор қилинди.
Янада диққатга сазовори — суд жараёни якунида айбдор сифатида Илҳом Тиляев топилди. У 139-модданинг “г” банди (оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш) бўйича айбли деб топилиб, 18 миллион 750 минг сўм миқдорида жаримага тортилди. Жарима давлат фойдасига ундириладиган бўлди. Суд, Тиляевнинг жиноятида “муносиб хулқ атвор”ни эътиборга олиб, унга нисбатан айрим енгиллаштирувчи ҳолатларни қўллади.
Шунингдек, тергов жараёнида Д.Ахатовга нисбатан илгари қўлланган “муносиб хулқ авторда бўлиш ҳақида тилхат” ҳам бекор қилинди.
Шу билан суд жараёнида асосий эътибор жиноятда гумон қилинган раҳбар эмас, балки уни танқид қилган шахс — Илҳом Тиляевга қаратилган бўлди. Жамоатчиликда эса аксинча — Ахатовга нисбатан қатор жиддий айбловлар бўлган.
У давлат мулкини бошқаруви остида бўлган ҳолда, “Кармен плюс” хусусий клиникаси орқали шахсий бизнесини йўлга қўйган, катта бойлик тўплаган, ва бу жараёнда манфаатлар тўқнашуви ва суиистеъмол ҳолатлари бўлгани қайд этилган.
Илгари жамоатчилик эътиборига етказилган муҳим фактлардан бири — Ахатовнинг Шаҳрам Ғиёсовнинг тоғаси экани. Унинг маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги яқинлари, хусусан, Бухоро шаҳар прокуратурасида катта терговчи лавозимида ишловчи жияни орқали унга нисбатан ҳар қандай чора кўрилишининг олди олинаётгани ҳақидаги иддаолар ҳам илгари маълум қилинган эди.
Жамоатчилик бу ишнинг натижасидан ҳайратда қолди. Чунки бир томонда тергов органи қамоққа олади, давлат мулкига зарарни ҳисоблаб, пул талаб қилади. Иккинчи томонда эса — суд буни нотўғри дейди ва барча айбларни рад этади.
Суд ҳукми қонуний кучга кирди. Аммо жамоатчилик учун асосий савол ҳамон очиқ: агар тергов тўғри бўлган бўлса — нега судда барчаси инкор этилди? Агар суд тўғри бўлса — нимага тергов пайтида инсон қамалди, ва ундан миллиардларча сўм гаров талаб қилинди?
Бу ишда ким ҳақ, ким ёлғончи — қонунга эмас, таъсир ва таниш-билишга боғлиқ деган хаёлдан чиқиш қийин. Бу нафақат битта шахс ёки компания масаласи — балки суд-тергов тизимига бўлган ишонч синови ҳамдир.
