Тошкентда уч нафар судя ушланди
Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг хабар беришича, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича уч нафар судьясига нисбатан процессуал тартибда ушлаш чораси қўлланилди.
Манбаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бош бошқармаси томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида ЖИБ Тошкент шаҳар суди судьялари – Муҳтарама Турғунова, Одилбек Илҳомжонов ва Мирзиёд Абидов Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси асосида ушланган.
ЖПКнинг 221-моддасига кўра, шахс жиноят содир этгани ҳақида етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда, у процессуал тартибда ушланиши мумкин. Ушлаш муддати 48 соатдан ошмаслиги керак бўлиб, шу вақт ичида тергов органи томонидан унга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш ёки озод қилиш масаласи ҳал этилади.
Маълум қилинишича, ушбу судьяларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 231-моддаси – адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш ҳамда бошқа моддалар билан жиноий жавобгарлик масаласи кўрилмоқда. Айни пайтда жиноят иши доирасида фаол тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳолат юзасидан ҳозирча расмий идоралар томонидан баёнот берилмаган.
Қайд этилишича, мазкур судьялар аввалроқ Судьялар олий кенгаши қарори билан лавозимидан озод этилган. Бунга уларнинг ёзма аризалари ҳамда одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузгани сабаб бўлган.
Судьялик ваколатлари “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 79-моддаси 1-қисми 2 ва 10-бандларига асосан муддатидан илгари тугатилган.
Шунингдек, улар Тошкент шаҳар судининг аппеляция судлов ҳайъати таркибида иш юритиб, оғир жиноятда айбланган судланувчи Акмал Шукуровни озодликка чиқариш тўғрисида ажрим чиқаргани ҳам хабар қилинмоқда.
Элтузга маълум бўлишича, ўтган йил март ойида Акмал Шукуров Тошкентдаги тунги клуб олдида танишини ҳимоя қилишга уринган шахсга кучли зарба бериб, уни комага тушириб қўяди. Акмал Шукуров воқеа жойидан қочиб кетиб, кўп ўтмай Қозоғистонда қўлга олинади. ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинади.
Унга Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судининг 2025 йил 24 октябрдаги ҳукми билан 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Аммо Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси суди 9 декабрдаги ажрими билан 8 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини 4 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ўзгартириб, Акмал Шукуровни дарҳол суд залидан қамоқдан озод қилиб юборади.
Бу суд ҳукмини Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судяси Одилбек Илҳомжонов чиқарган. Ҳайъат судялари эса Мирзиёд Абидов ва Муҳтарама Турғунова бўлган.
18 декабр куни жиноят иши Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан киритилган протест асосида тафтиш инстанциясида қайта кўриб чиқилади ва Акмал Шукуровга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, у қамоққа қайтарилади.
Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилиши билан боғлиқ ҳолатларга ойдинлик киритиш юзасидан хизмат текшируви тайинланган. Кўп ўтмай уч судя вазифасидан четлатилган. Мана орадан бир ой ўтиб судялар процессуал тартибда ушланяпти.
Сиз бу судяларнинг қамалиб кетишига ишонасизми?
