«Водийда ўлиш тақиқланган» 16-қисм
Муҳаммад Солиҳ
КАРИМОВГА «ЯШИЛ ХАТ»
1995 йил март ойи охирида Олмон Парламентидаги «Яшиллар партияси» фракцияси раҳбарларидан бири асли турк бўлган Жам Ўздемир(Cem Özdemir) билан кўришдим ва апрел ойида Ўзбекистонга кетаётагaн Олмон президентига у ердаги сиёсий репрессияларга қарши бир гап айтишини илтимос қилдим
Ўздемир бу илтимосимни рад этмай, Олмон Президентига қуйидаги мактубни ёзди:
Муҳтарам Президент Доктор Роман Херцог
10 апрел куни Ўзбекистонга зиёрат қилаётган экансиз. Бу зиёратингизда сизга муваффақиятлар тилаярак, бир рижоимни арз этмоқчиман: у ердаги сиёсий режим қарши бўлган инсон ҳақлари ҳимоячилари учун, эркин фикр учун ва қамоқдаги «ЭРК» Демократик партияси аъзоларининг озодликка чиқиши учун лозим бўлган саъй-ҳаракатларни кўрсатишингизни тилайман.
Ҳурматлар билан
Жам Ўздемир (Cem Özdemir)
06.04.1995
Президент Херцогнинг мактубда айтилган масалани кўтарганлиги ва бунинг ўзбек диктаторига ёқмаганлиги бизга маълум.
Ҳа, у пайтларда Ғарб сиёсатчилари Марказий Осиё диктаторларига нисбатан анча қатъий позициядан туриб гаплашар эдилар. Демократик қадриятларни ҳимоя қилишда бугунгидан анча ҳассос ва самимий эдилар.
Афсус, бугун Ғарбда «реалполитика» қоидалари уларнинг сиёсатида устун келмоқда. Овруполик лидерлар Осиёлик диктаторлар билан деярли апоқ-чапоқдирлар.
Умимият-ла 1994 йил куз ойидан 1996 йил июль ойигача истиқомат қилганим Олмонияда сиёсий фаолиятим фаол кечди. Бу босқич менга Ўзбекистондаги сиёсий вазиятни дунё жамоатчилигига кўпроқ танитиш имконини берди.
КАРИМОВНИНГ ЎЗБЕКИСТОНГА ҚАЙТИШНИ ТАКЛИФ ҚИЛГАН «МУХОЛИФАТИ»
1995 йил сентябр ойида Ўзбек диктатори Каримов «Свобода» радиосига интервью берди. Радио ходимининг эътирофига кўра хорижий журналистлар билан мулоқот қилишни ёқтирмайдиган Каримов бу гал улар билан роппа-роса 3 соату 45 дақиқа суҳбат қилган. У ҳаммани ҳайрон қолдириб, «тоталитаризм тугади, наҳотки буни тушунмайсизлар?», дея ҳайқирди.
«Свобода» мухбирлари ҳам бундан илҳомланиб суҳбатга «Авторитаризм диктатурага айланмайди»деб сарлавҳа қўйди.
Унинг бу узун суҳбатидан бизга тааллуқли қисмига ўтайлик. «Свобода» мухбири Каримовдан ўзбек мухолифати ҳақида фикр сўрайди, унинг жавоби сўзма-сўз шундай: «Менинг «Бирлик» ҳаракати асосчилари бўлган Абдураҳим Пўлатов ва Абдуманноб Пўлатовларга ҳеч қандай ғаразим йўқ. Марҳамат, улар бемалол Ўзбекистонга қайтиб, «Бирлик» ҳаракатини рўйхатдан ўтказиши мумкин».
Ҳақиқатан ҳам, бу баёнотдан сўнг Абдураҳимнинг укаси Абуманноб Пўлатов Каримов буюргандай «бемалол» Тошкентдан қайтиб, бугун Абдураҳмон Ташанов бошқараётган «Эзгулик» ташкилотини тузиб, рўйхатдан ўтказиб келди.
Бугун ҳам “Бирлик” раисдоши Пўлат Охунов Каримов буюргандай «бемалол» Ўзбекистонга бориб, Андижондаги иморатларини таъмирлаб, Шветсиядан келиб-кетиб юрибди. Албатта, айни замонда у хоинлик бадалини ҳам тўлаб турибди. Масалан, 2021 йилда П.Охунов «Озодлик» радиосида режим душмани М.Солиҳга қарши 30 сониялик ҳужуми учун Мирзиёев режими давлат газетасида Охунов ўғлининг бир саҳифалик рекламасини чоп этди.
Нега 1996 йилда Абдуманноб Пўлатов Каримов буюрганидай «Бирлик«ни рўйхатдан ўтказмади, деган савол туғилиши мумкин.
Чунки бу ака-укаларнинг хоинлигини бутун мухолифат билар ва қайта рўйхатдан ўтказилган қўғирчоқ ташкилотга ҳеч ким кирмаслигини биларди. Чунки у пайтда кучли зулмга қарамай инсонларимизда кимнинг хоин, кимнинг ватансевар эканлигини яхши биларди. Бугунгидай хоинлар ҳукуматдан ҳам уй, машина олиб, ҳам мухолиф бўлиб кўрина олмасдилар. У замонлар ўзбек жамияти бугунги қадар кўр ва сағирга айланмаганди.
Яна Каримовнинг суҳбатидан иқтибос: «Эрк” партияси Муҳаммад Солиҳга келсак, бу ерда масала сал бошқачароқ. Унинг партиясини рўйхатдан ўтказиш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас… Бу партия ҳали тўла шаклланмасдан туриб, унинг раиси жаноб Солиҳ давлат тузумини ўзгартиришда ҳарбий куч ишлатиш усулини ҳам инкор этмаслигини тинмай такрорлар эди. Масалан, у бир куни менга шундай деди: «Мен истаган пайтда 20 минг талабани Тошкент майдонларига чиқаришим мумкин«. Мен нима сабаб билан чиқарасиз, десам, у «бизнинг нақадар тезкор эканимизни кўрсатиш учун, деб жавоб берди«.
Оригиналда шундай:
«Даже в зачаточный период партии было много заявлений, которые говорили о том что господин Салих не отрицает военных методов борьбы со существющим режимом, правительством и власти. Например он мне однажды сказал: «Я в любой момент могу выставить 20 тысяч молодых людей студентов на площадь Ташкента». А я говорю: A по какому поводу? Ну, это вроде бы для того чтобы показать что мы сегодня мобильны..»
Бу Каримовнинг эркин матбуотга берган балки сўнгги интервьюси эди.
БЕРЛИН ЗИЁРАТИ
1995 йил 16 ноябрда Берлинда гуржи ёзувчиси Гиви Маргилашвили билан учрашдик. Ижод ва сиёсат ҳақда суҳбатлашдик. Гиви бизга комплимент бўлсин деб «Платон деганидай дунёни шоир ва файласуфлар бошқариши керак» деган гапини ҳайқирди.
Тушдан кейин машҳур давлатшунос олим Рудолф Баро билан кўришдик. Суҳбатимиз давлатчиликда ахлоқ ва диннинг тутган ўрни деган мавзуда кечди. Афсуски, бу суҳбатларимиз биз тарафдан қайд этилмади, кўп қизиқ гаплар айтгандик бадиҳа форматида.
- 17.ноябр куни адабиёт салонларидан бирида матбуот конференцияси ўтказдик. «Франкфуртер Рундшау«, «ТАТС» каби газета мухбирлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
- 18.ноябр куни Олмон Парламентининг «Яшиллар гуруҳи» фракциясига брифинг бериб, Ўзбекистондаги сиёсий аҳвол ва инсон ҳақлари жабҳасидаги вазиятни айтиб бердим. Депутатларнинг саволларига жавоб бердим.
Бу масалаларга 1995 йил охирида Мустақиллик йилларида ёзилган долзарб мавзулардаги мақола ва мушоҳадаларни қамраган «Иқрор» китобида кенгроқ тегинган эдим.
Истанбулда арзон муқова ва арзон навли қоғозда нашрдан чиққан ўша китобнинг муқоваси:
Бу китобдан бир неча нусха Тошкентга ҳам етиб борганини эшитиб, худди ватанга ўзим бориб келгандай бўлдим.
Унинг акс-садоси ҳам дарров эшитилди. Ўша пайтдаги Ўзбекистоннинг Анқарадаги буюк элчиси Убайдуллоҳ Абдураззоқ бизнинг Туркиядаги дўстлардан бирига телефон қилиб «М.Солиҳни ҳурмат қиламан, аммо бу ерда чиққан китоби яна ановининг жиннисини чиқарибди, илтимос, эҳтиёт бўлсин» деганини ҳам менга етказишди.
ОНАМНИНГ ВАФОТИ
1996 йил февралда, Рамазон ойида онам Оқила Қаландар қизи вафот этди. Узоқ хасталанмади. Келинларнинг айтишича, «менга бир нарса бўляпти, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ», деб ётоққа ётган ва жон берган.
Роббим унинг гуноҳларини кечирсин, дея дуо этдим. Унинг жанозасига боролмаганим учун қаттиқ изтироб чекдим.
Ўлимидан уч кун олдин телефонда гаплашган эдим. Овози жуда тетик эди. Нега менга «сизлаб» гапираяпсан деб мендан хафа бўлганди. Мен болалигимдан онамга «сен» деб гапиришга ўрганган эдим. Тунғич ўғил бўлганим учун эрка ўстиришган. Укаларимнинг ҳаммаси онамга «сиз» дерди, аммо мен гўдакликдан ўрганганим «сен» дейишга давом этгандим. Фақат муҳожиротда онамга «сен»лаб гапиришдан уяладиган руҳий ҳолатга тушдим ва «сиз»лаб мурожаат қилдим.
Онам бунга жуда хафа бўлди. У мени ўзидан бегонсирагандай ҳис қилди, «на манга сиз дейсан, болам?», деб йиғлади.
Менинг ҳам кўзим намланди, аммо барибир «сен» деяолмадим волидамга.
1993 йилдан 1995 йилгача менинг чет элга чиқиб кетганимни унга билдиришмаган. Оиламиздаги келинлардан бирининг айтишича, икки йил давомида деярли ҳар куни «Солижоним келади» деб дарвозамизнинг олдига чиқиб ўтирган. «Қуёшда ўтиравериб оппоқ юзли онам қорайиб кетди», дейди келин.
Шундай онани сўнгги йўлга кузатиш менга насиб бўлмади. Аллоҳ ғани- ғани раҳмат айласин онамнинг руҳига…
