DNA Motors МЧЖ: Муаммолар сабаби ҳақида
DNA Motors МЧЖ ва унинг раҳбарияти ҳақида ижтимоий тармоқларда турли хил хабарлар пайдо бўлди. Биз бунга ўз муносабатимизни бермоқчимиз.
Маълумки, “DNA Motors” МЧЖ автомобил савдосига ихтисослашган тадбиркорлик субъекти ҳисобланади. 4 йилдан бери фирмамиз мижозларга хориждан электромобил етказиб бериш билан шуғулланади. Айтиш лозимки, бу жараёнда бизга боғлиқ бўлмаган хато ва камчиликларимиз бўлади. Баъзан автомобиллар олиб келишда объектив ва субъектив сабаблар сабабли кечикишлар кузатилади.
Биз бундай ҳолларни мижозларга тушунтирамиз. Бу ҳолат шартномамизда ҳам акс эттирилган.
Афсуски, кейинги вақтларда хитойлик ҳамкорларимиз томонидан етказиб бериш муддатлари узайтирилиши сабабли, шартномада кўрсатилган электромобилни етказиб бериш муддатида бироз чўзилишлар ҳам бўлиб турибди. Бу дегани, биз мижозларни алдаяпмиз, дегани эмас. Шартнома муддатига кўнмаган мижозларга тўлов маблағлари қайтариб берилиши таъминланиб келмоқда. Лекин афсуски, бу ҳолат ижтимоий тармоқларда турлича талқин қилинмоқда ва нотўғри талқинлар натижасида мижозларимиз томонидан нотўғри фикрга борилмоқда. Шу сабабли ҳозирги кунда “ДНА моторс” МЧЖга нисбатан Тошкент шаҳар туманлараро судларда ҳамда иқтисодий судларда суд жараёнлари кетмоқда, судлар томонидан чиқарилган ажрим ва ижро ҳужжатларини лозим топилса тақдим қилишимиз мумкин.
Биз ҳар қандай ОАВга очиқмиз. Очиқ маълумотларимизни, йўлланган ҳар қандай саволга жавобимизни масъул шахсга беришимиз мумкин. Қонун барчага баробар.
Лекин тармоқлардан, ОАВдан бизнинг МЧЖга ва шахсиятимга қаратилган ҳақоратларни ёғдирмаслигингизни сўраб қоламиз. Шахсиятга қаратилган ҳар қандай ҳақоратли сўзга ҳам қонун олдида жавобгарлик бор. Ва шу хуқуқимдан фойдаланишимни маълум қиламан.
Бундан ташқари, мен нафақат “ДНА моторс” МЧЖ раҳбари, балки аввалом бор аёл ва онаман, бундай тасдиқланмаган нотўғри маълумотлар менга аёл сифатида ва оилам шаънига доғ туширади.
Депутатлик фаолиятим давомида (2018-2023) амалга оширилган ишларим тўғрисида умуман PR билан шуғулланмаганман, мен томондан хеч қайси ижтимоий тармоқларда суръатлар ва ишларим очиқланмаган. Очиқланган маълумотлар, фақатгина расмий маълумотлар бўлиб ваколатли органлар ва ваколатли инсонлар томонидан жойлаштирилган хамда депутатлик мавқеимдан тижорат мақсадида фойдаланмаганман.
Н.А.Саидназиpханова,
“DNA Motors” МЧЖ директори