Киевдаги Уруш музейида рус тилидаги ёзув олиб ташланди
31 январ куни тарқалган хабарларга кўра, Киевдаги Иккинчи жаҳон уруши тарихий музейида (халқ тилида «Музей войны») жойлашган совет даврига оид рус тилидаги шиор демонтаж қилинди.
Музей деворидаги «Их подвиги будут жить вечно, их имена бессмертны» (Уларнинг жасоратлари мангу яшайди, исмлари ўлмасдир) деган машҳур русча ёзув болғалар ёрдамида уриб туширилган. Украина томони буни мамлакатда давом этаётган «десоветизация» ва Россия пропагандаси қолдиқларидан тозаланиш жараёнининг бир қисми деб ҳисобламоқда.
Россиялик тарғиботчилар ва расмий шахслар эса бу воқеани «тарихий хотирага тупуриш» сифатида баҳолаб, кескин танқид қилишмоқда. Хусусан, Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова ҳам бу ҳолатга муносабат билдириб, Украина ҳукуматини айблади.
Маҳаллий фаоллар ва музей маъмурияти бундай ёзувлар бугунги кунда агрессор давлат тилида ва совет мафкурасини тарғиб қилувчи унсур сифатида қабул қилинишини таъкидламоқда.
