«Uzum» маркет соясидаги қароқчилар
Куни кеча президент селекторда юмшоққина қилиб койиган ички ишлар тузилмасидаги киберхавфсизлик бўлинмаларига бугун жон кирди.
Энди улар огоҳ бўлинг дейиш билан чекланмасдан кибержиноятчиларни кўрсатиб ҳам беришяпти. Манов тўда Чилонзордаги панелка дўмни подволида ўрнашиб Uzum маркет мижозларини алдаб-авраб кредит олиш билан шуғулланган.
Хўш, шунча пайт бирор назорат органи билмадими буни? Бирор жабрланган дод солиб бўлинмага ариза кўтариб келмадими? Келган, телефон қилган, ариза ёзган – натижа ҳар доимгидек «сан солар» бўлган.
Элтуз жамоаси кибер жиноятларга қарши курашиш бўйича реал вазиятни текшириш учун қуйидаги сценарий асосида тажриба ўтказди:
Муҳбир «Узум маркет номидан чиққан фирибгарлар мени алдади» дея 71 203 55 11 ишонч рақамига қўнғироқ қилди. Жавоб совуқ, бепарво ва қисқа эди: ҳудудий инспекторга ёки 102 га боғланинг!
Бирор маслаҳат ёки аниқ ҳаракат бўлмаса, ҳатто ҳудудий бўлинмага фуқарони тезкор улаб беролмаса бу ишонч рақамидан нима наф бор ўзи?
Сўнг 102 га уланиб кибержиноят ҳақида хабар бермоқчи бўлдик. Бироқ меров масъуллар энг машҳур фириб схемасини тушунолмади.
«Қандай қилиб Узум сизни алдади?», «Узум билан боғланиб кўрдингизми?» қабилидаги аҳмоқона саволлар янгради. Сўнг бу кибер мутахассис мелиса бўлинмага келиб аризани қўлда ёзиб кетишни амр этди. Иш қанчада ҳал бўлади, ариза қайси босқичлардан ўтади? Саволларимиз жавобсиз қолди.
Кибер ҳужум бўлсаю, фуқаро қўлда оқ қоғозга ариза қоралаб ўтирса! Ҳар дақиқа ғанимат бўлган пайти хатто онлайн тезкор ариза юбориш имкони йўқ. Кринж. Хуллас, киберхавфсизлик бўлинмалари тубсиз қудуқ мисоли, аризангиз тушиб ғарқ бўлади.
Бу каби кибербункерлар фуқаро маълумотларини қаердан олади? Телефон рақамларни банклар берадими? Алоқа компаниялар узатадими? Ёки барчанинг шахсий маълумотлари жойланган OneID тизими жиноят олами билан ҳамкорми? Аввал шунга ойдинлик киритайлик. Жиноий тўда схемаларининг фақат ижрочиларини қувиб юрган киберхавфсизлик ходимлари касални даволаш ўрнига пешонага нам латта қўйиб истима тушириш билан машғул кўрсавод молдўхтирга ўхшайди.
